Ҳадис илмида ривоятларнинг саҳиҳлик даражасини аниқлаш ва уларнинг ишончлилик мақомини белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Муҳаддис уламолар ҳадисларни санад ва ровийлар ҳолатига қараб турли даражаларга ажратган. Хусусан, Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида келтирилган ҳадислар энг юқори мақомда баҳоланган. Ҳадис уламолари саҳиҳ ва сунан китобларида ривоят қилинган ҳадисларни қуйидаги етти қисмга бўлган:
Биринчиси – Имом Бухорий ҳам, Имом Муслим ҳам ривоят қилган ҳадис. “Муттафақун алайҳ” деб айтиладиган ҳадис ана шу. Унга мисол: Имом Бухорий Саид ибн Яҳё ибн Саид Қурашийдан, у отасидан, у Абу Бурда ибн Абдуллоҳ ибн Абу Бурдадан, у Абу Бурдадан, у Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилади: “Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, исломдаги қайси амал афзал?” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган киши(нинг амали)”, дедилар”. Бу ҳадисни Имом Муслим ҳам худди шу санад ва матн билан ўзининг “Саҳиҳ”ида ривоят қилган.
Иккинчиси – Имом Муслим ривоят қилмаган, аммо Имом Бухорий ривоят қилган – “Афродул Бухорий” деб аталадиган ҳадислар. Унга мисол: Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масламадан, у Моликдан, у Нуайм ибн Абдуллоҳ Мужмирдан, у Али ибн Яҳё ибн Халлод Зурқийдан, у отасидан, у Рифоа ибн Рофеъ Зурқийдан ривоят қилади: “Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида намоз ўқидик. У зот бошларини рукудан кўтарганларида: “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, дедилар. Орқаларида бир киши: “Роббана ва лакал ҳамду ҳамдан касийрон тоййибан мубарокан фийҳ!” деди. У зот намозни тугатгач: “Гапирган ким эди?” дедилар. (Ўша киши) “Мен”, деди. У зот: “Ўттиздан зиёд фариштанинг уни биринчи бўлиб қайси бирлари ёзишга талашаётганини кўрдим”, дедилар”.
Учинчиси – Имом Бухорий ривоят қилмасдан фақат Имом Муслим ўзининг “Саҳиҳ”ида ривоят қилган, “Афроду Муслим” деб аталадиган ҳадислар.
Имом Муслим Қутайба ибн Саиддан, у Молик ибн Анасдан, у Абу Зубайрдан, у Товусдан, у Ибн Аббосдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ушбу дуони худди Қуръондан бир сура ўргатган каби ўргатар эдилар: “Аллоҳим, Сендан жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, ҳаёт ва ўлим фитнасидан ҳамда Масиҳ Дажжол фитнасидан паноҳ сўрайман”.
Тўртинчиси – Имом Бухорий ва Имом Муслим шартлари тўлиқ топилган, аммо иккаласи ҳам ўз саҳиҳида ривоят қилмаган саҳиҳ ҳадислар.
Унга мисол: Имом Ҳоким ўз “Мустадрак”ида Ибн Ваҳбдан, у Фулайҳ ибн Сулаймон Хузоийдан, у Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Маъмар Ансорийдан, у Саид ибн Ясордан, у Абу Ҳурайрадан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган: “Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди”.
Ҳоким: “Бу ҳадис саҳиҳ бўлиб, санадидаги ровийлар Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг шартларига кўра ишончли кишилардир”. Ҳофиз Заҳабий ҳам шу фикрни қувватлаган.
Бешинчиси – Имом Бухорийнинг шартлари тўлиқ топилган, аммо шайхларнинг иккаласи ҳам ривоят қилмаган саҳиҳ ҳадислар.
Имом Ҳоким “Мустадрак”ида Абу Осимдан, у Савр ибн Язиддан, у Холид ибн Маъдондан, у Абу Умомадан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган: “Ким фақат яхшиликни ўрганиш ва ўргатиш мақсадида масжидга борса, унга тўла-тўкис ҳаж қилган ҳожининг ажрича ажр берилади”.
Имом Ҳоким бу ҳадисни Имом Бухорийнинг шартларига кўра саҳиҳ ҳисоблаган. Ҳофиз Заҳабий ҳам унинг фикрига қўшилган. Чунки ундаги ровийлардан бири бўлмиш Савр ибн Язидни фақатгина Имом Бухорий ҳужжат қилиб келтирган. Имом Муслим эса унинг ҳадисини шоҳидлар қаторида келтирган.
Олтинчиси – Имом Муслимнинг шартлари тўлиқ топилган, аммо шайхларнинг ҳеч бири ривоят қилмаган саҳиҳ ҳадислар.
Яна “Мустадрак”да Ибн Ваҳбдан, у Муовия ибн Солиҳдан, у Абу Зоҳирийядан, у Касир ибн Муррадан, у Абдуллоҳ ибн Амрдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Ким сафга қўшилса, Аллоҳ уни ҳам раҳматига қўшсин, ким сафни узса, уни ҳам раҳматидан узиб қўйсин”.
Имом Ҳоким: “Бу Имом Муслимнинг шартларига кўра саҳиҳ ҳадис, аммо иккови ҳам ривоят қилмаган”, деган. Ҳофиз Заҳабий ҳам шу фикрда бўлган. Чунки Имом Муслим Муовия ибн Солиҳ Ҳимсийни ишончли ровий ҳисоблаб, ундан ҳадис ривоят қилган. Аммо Имом Бухорий ундан ҳеч нарса ривоят қилмаган. Абу Зоҳирия Ҳудайр ибн Ҳурайб масаласида ҳам худди шундай гап.
Еттинчиси – Имом Бухорий ва Имом Муслимдан бошқалар наздида саҳиҳ ҳисобланган ҳадис. Бундай ҳадисда икки шайхнинг ёки бирининг шарти топилмаган, уни иккаласи ҳам ривоят қилмаган бўлади.
Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”ида Абу Яълодан, у Шайбон ибн Фаррухдан, у Ҳаммод ибн Саламадан, у Ҳаммод ибн Абу Сулаймон Куфийдан, у Иброҳимдан, у Асваддан, у Оиша онамиздан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган: “Уч кишидан қалам кўтарилган (уларнинг амаллари ёзилмайди): уйқудаги кишидан то уйғонгунча, ёш боладан то балоғатга етгунча, мажнундан то ақлини топгунча”.
Саҳиҳликдаги бу тартиб жумла нуқтаи назаридандир. Бу тақсимот орқали ҳар бир ҳадиснинг саҳиҳлик даражаси, унинг қайси манбаларда келтирилгани ҳамда ровийларининг ишончлилик мақоми белгилаб берилган. Негаки, Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг шартлари ҳадис қабул қилишда энг юксак мезон сифатида эътироф этилган. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, саҳиҳлик даражалари ўртасидаги фарқ ҳадисларнинг қадри ва аҳамиятини камайтирмайди, балки уларни илмий жиҳатдан баҳолаш имконини беради. Мазкур тасниф ҳадисшунослик илмини чуқурроқ англаш, саҳиҳ ривоятларни заиф ва бошқа даражадаги ҳадислардан ажратиш ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тўғри англаб, уларга амал қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Баҳодир МИРЗАЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





