Home / Имом Бухорий ҳадислари / ИККИ АФЗАЛ ХИСЛАТ

ИККИ АФЗАЛ ХИСЛАТ

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи vasallamdan: “Islomning qaysi (xislati) yaxshiroq?” deb soʻradi.

 У зот: “Таом едиришинг ҳамда таниган ва танимаганингга салом беришинг”, дедилар”.

* * *

Ушбу ҳадисда кишиларни таомлантириш ва салом беришни кенг ёйиш яхши хислатлардан экани айтилмоқда.

Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом икки хислатни исломнинг энг афзал амали деяптилар. Бири таом едириш, иккинчиси таниган ва танимаган кишига салом бериш. Расулуллоҳ алайҳиссалом таом едиришни қайдламадилар, лекин салом беришни “таниган ва танимаганингга”, деб қайдладилар. Бундан маълум бўляптики, у зот алайҳиссалом таом едиришни фақат фақир ва мискинларга хосламадилар. Демак, фақир ва мискинларга таом бериш ҳам, бою камбағал меҳмонларга таом бериш ҳам, қариндош-уруғ ва аҳлу аёлларга таом бериш ҳам ушбу ҳадиси шариф ҳукми остига киради. Албатта, фақир ва мискин бўлган оч кишини едириш тўқ кишиникига нисбатан ўзига хос ажру савоби ва мартабаси зиёда бўлади. Лекин тўқ одамни таомлантиришнинг ҳам ўзига яраша фазилат ва савоби бор.

Иккинчи хислат – Пайғамбар алайҳиссалом “таниган-танимаганингга салом беришинг”, дедилар. Энг афзал хислатлардан бири бўлган салом бериш фақат таниган кишиларга эмас, танимаган кишиларга ҳам, яъни ҳар бир йўлиққан мусулмонга салом бериш ниҳоятда хайрли амаллардан эканини баён этдилар.

Муҳтожларга таом улашиш, ҳолидан хабар олиш ва таниган-танимаган одамга салом бериб, жамиятда меҳр-оқибат пайдо бўлишига сабабчи бўлиш, албатта, хайрли ишдир.

“Саҳиҳи Бухорий” шарҳи (2-жилд) китоби асосида тайёрланди.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙ АСАРЛАРИДА ЭКОЛОГИК МАСАЛАЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

Инсон вужудидаги қон тоза бўлса, киши соғлом бўлади. Билакс, инсон ҳаёти хавф остида қолади. Шунингдек, …