Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Халқаро илмий алоқалар – янги босқичда

Халқаро илмий алоқалар – янги босқичда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиянинг Қириққале университети ислом илмлари факультети доктори Муҳаммед Кўч ва етакчи мутахассиси Аҳмед Думан билан мулоқот бўлиб ўтди.

Дастлаб Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев меҳмонларга муассасада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, манбашунослик соҳасидаги ютуқлар ва нашр этилаётган асарлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Сўнгра меҳмонлар Марказ директори Шовосил Зиёдов билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини атрофлича муҳокама қилди. Мулоқот чоғида 2025 йилнинг май ойида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Қириққале университети ўртасида имзоланган Англашув меморандуми ижросини таъминлаш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, манбашунослик ва қўлёзмаларни тадқиқ этиш бўйича тажриба алмашувини кенгайтириш ва соҳа мутахассисларининг академик мулоқотини янада жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур университет давлатга қарашли нуфузли олий таълим муассасаларидан бўлиб, 1992 йилда ташкил этилган. Анқара яқинидаги Қириққале шаҳрида жойлашган, таркибида 12 та факультет, 3 та институт, 23 та тадқиқот маркази ҳамда йирик кампус тизимига эга бўлган ушбу университет ислом илмлари, академик тадқиқотлар ва халқаро таълим дастурлари соҳасида бой тажрибага эга.

Мулоқот якунида томонлар белгиланган йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илмий алоқалар давомийлиги таъминланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Анқара Ижтимоий фанлар университети Илоҳиёт факультети профессори Селжуқ Жўшқун ташриф …