Сабр инсоннинг энг муҳим фазилатларидан бири. Ҳаётда кутилмаган вазиятларга дуч келганимизда энг ишончли истеҳком. Аммо ҳамма нарса тезлашиб кетган ҳозирги замонда бир неча дақиқа, ҳатто бир неча сония сабр қилиш кўпчиликка жуда қийин бўлиб туюлади.
Инсон ҳаёти курашлардан иборат бўлиб, бу жараён турли машаққатларга тўла. Бу қийинчиликлардан ўтишда ва муваффақият қозонишда сабр-матонат муҳим аҳамият касб этади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч кимга сабрдан яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар сабрни турлича таърифлаган бўлсада, уларнинг фикрлари бир-бирини тўлдиради. Қуйидаги иқтибослардан бунга яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Роғиб Исфаҳоний: “Нафсни шариат ва ақл талаб қилганидек, тийилиш лозим бўлган нарсалардан тийиб туриш”, деб таърифлаган.
Журжоний: “Балолар азобидан Аллоҳдан бошқага шикоят қилмаслик”, деган бўлса, Абу Ҳотим: “Сабр уч хил бўлади: маъсиятга (гуноҳга), ибодатга, мусибат ва балоларга сабр қилиш. Уларнинг энг яхшиси гуноҳларга сабр қилишдир (уларга қўл урмасликдир)”, деб айтган.
Сабр нимага нисбатан эканига қараб учга бўлинади:
- Мусибатлар пайтидаги сабр.
- Гуноҳ-маъсиятлардан тийилишдаги сабр.
- Тоат-ибодат учун сабр.
Сабр турли ўринларда ҳар хил маънолар касб этади. Инсон бошига тушган мусибат ва кўргуликларни хотиржам қабул қилиши, жазавага тушмаслиги, ҳаммага арзи ҳол қилавермаслиги ҳақиқий сабрдир. Ўз ҳолидан, мушкулидан нолиш – сабрсизлик белгиси. Қолаверса, бунда бошқа бандадан ёрдам кутиш ва уни ҳам безовта қилиш ҳолати мавжуд бўлади. Шикоят эса фақат Аллоҳга қилиниши керак, чунки синовнинг ечимини уни бошимизга солган Зотнинг Ўзигина беради. Қуръони каримда Яъқуб алайҳиссалом тилидан “Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман…” (Юсуф сураси, 86-оят) деб бежиз айтилмаган.
Лекин “Ҳақ таолога дардимни айтдим, шу билан бўлди” деган фикрга бориб, муаммони ҳал қилишга интилишдан тўхтамаслик ҳам керак. Зеро, бу ҳаёт – сабабият дунёси. Унда тегишли сабаблар ва воситалар юз беради, адо этилади, Қодир Парвардигордан натижа кутилади.
Сабр ўрнига қараб икки турга бўлинади – жисмоний ва маънавий. Буларнинг ҳар бири яна икки қисмга бўлинади.
- Ихтиёрий жисмоний: танага машаққат келтирадиган ишлар билан ўз хоҳишига кўра шуғулланиш, яъни риёзат.
- Мажбурий жисмоний: иссиқ, совуқ, жароҳат ва оғриқ каби ташқи таъсирларга сабр қилиш.
- Ихтиёрий маънавий: шариат ва ақлга тўғри келмайдиган ишлардан тийилиш.
- Мажбурий маънавий: мусибат ва жудоликка сабр қилиш.
Абдулқодир Жийлоний раҳимаҳуллоҳ одамларга юзланиб бундай деган экан: “Ўз ҳолингиздан нолиманг. Ҳамиша сабрли бўлинг, Аллоҳ таолонинг раҳматидан асло ноумид бўлманг. Зеро, Аллоҳ таоло учун қилинган сабр ва бардош ҳеч қачон мукофотсиз қолмайди. Озгина сабр қилиш, узоқ йиллар унинг роҳатини кўришга сабаб бўлади. Ким ўзининг қатъияти билан машҳур бўлган эса, билингки, сабри билан машҳур бўлган”.
Сабрнинг фойдалари:
- Оғир вазиятларда енгиллик беради.
- Ғазаб вақтида ўзни тутишга ёрдам қилади.
- Моддий ва маънавий яхшиликларга эришиш йўлидаги жисмоний ва руҳий қийинчиликларга бардош уйғотади.
- Сабр имон баркамоллиги ва қалбдаги ислом гўзаллигининг далилидир.
- Қалбда ҳидоят ҳосил қилади.
- Аллоҳ таолонинг ва бандаларнинг муҳаббатини келтиради.
- Жаннатга эришиш ва дўзахдан қутулиш воситаси.
- Қиёмат кунидаги катта ваҳимали қўрқинчдан омонлик беради.
- Мардлик ва яхши оқибат аломати.
- Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракоти.
Мусибат ва қийинчиликларга сабр қилишда, уларни матонат билан енгиб ўтишда улкан ҳикматлар бор. Мусулмон банда синовлар Аллоҳ томонидан берилганини яхши билади, сабр қилса, ажр олишини ўйлайди, дуо қилади ва ўзининг бандалигини, ожизлигини теран англайди. Чин мўмин яхши-ёмон кунида ютуққа интилаверади. Негаки, неъматлар ичра юрганида, шукр қилиб савоб олади, мусибат ва оғир кунларда эса, сабр қилиб улкан ажрларга эришади. Зеро, “Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Бақара сураси, 153-оят).
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




