Home / МАҚОЛАЛАР / ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ ТАЪЛИМДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ ТАЪЛИМДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Кириш. Ҳар бир давлатнинг таълим тизими унинг таркибидаги таълим муассасалари йиғиндисидир. Лекин у жамиятнинг иқтисодий муносабатлари, фан-техника тараққиёти, ижтимоий талабга қараб ўзгаради. У мактабгача таълим муассасаларидан тортиб, таълим академияларигача бўлган турли хил таълим муассасаларини ўз ичига олади. Таълим тизими жамиятнинг стратегик вазифаси сифатида муҳим ўрин тутади. Диний таълим ҳам миллий тарбиянинг бир қисми ҳисобланади. Диний таълим, жумладан, рецептив таълим, ахлоқий тарбия, шахслараро муносабатлар, ижтимоий хизматлар, диний бўлмаган турмуш тарзи ва диний таълим – буларнинг барчаси диний таълимнинг турли соҳаларидир.

Таҳлил ва натижалар. Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган фуқароларнинг диний ҳаёти учта тамойил билан фарқланиб туради:

  1. Диний плюрализм – ҳар бир киши ўзининг диний эътиқодига эга эканлиги.
  2. Диний бағрикенглик – турли эътиқодда бўлган фуқароларнинг ўзаро ҳурмати ва тинчликсеварлиги.
  3. Динлараро мулоқот – мамлакатда мавжуд бўлган конфессиялараро самарали муносабатлар [4:22].

Дин барча даражадаги мактабларда ўқитувчилар ва устоз-шогирд муносабатлари учун ҳаётий таълимга илҳом бериши мумкин. Дин билан боғлиқ маданият ёки билим инсоният тарихидаги муҳим маданий бойлик бўлиб, таълимда эътибордан четда қолдириб бўлмайдиган мазмундир. Муайян диний гуруҳ учун диний таълим диний истеъдод ва диндорларни тарбиялаш, бидъатларнинг олдини олишнинг энг яхши усулидир. Шу маънода диний таълим миллий тарбияга қўшимча ҳисобланади.

Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсадли халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир [1:12].

“Янги Ўзбекистон” ғояси замирида буюк аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда биринчи ва иккинчи Уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассамдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада, хусусан, турли диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини мустаҳкам қарор топтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, диний таълим олиш конституциявий ҳуқуқдир. Ҳеч бир давлат органи, ижтимоий гуруҳ ёки шахс фуқароларни динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмасликка мажбурлай олмайди, динга эътиқод қилувчи фуқароларни ва динга эътиқод қилмайдиган фуқароларни камситиши мумкин эмас. Конститутциянинг 35-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга бўлса-да, шубҳасиз, диний эътиқод ҳуқуқи диний таълим олиш ҳуқуқини ҳам ўз ичига олади.

Янгиланаётган Ўзбекистонда диний таълим муассасаларининг таълим шаклларида қатор ўзгаришлар амалга оширилди.

Мавжуд таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатибларнинг 70 фоиздан кўпроғини ўрта-махсус маълумотга эга бўлган мутахассислар ташкил этмоқда. Шунингдек, қишлоқ ҳудудида жойлашган масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатибларнинг ёши ҳам 50 дан ошганларни ташкил этади. Амалдаги таълим шакли асосида уларни ўқитиш имконияти мавжуд эмас. Шу сабабдан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда фаолият олиб бораётган ўрта махсус диний маълумотга эга бўлган имом-хатиб ва имом ноибларини босқичма-босқич олий диний маълумотли қилиш мақсадида, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент ислом институтида 3 йиллик Модул таълим тизимида ўқитиш бошланди. Мазкур тизим орқали бир вақтнинг ўзида асосий иш фаолиятидан ажралмаган ҳолда соҳа мутахассисларига олий маълумотли бўлиш имконияти яратилди.

Замон талабларидан келиб чиқиб, диний таълим муассасаларининг ўқув режа ва дастурлари қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди. Таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, таълим сифатини янада ошириш, диний ва дунёвий билимларни пухта ўзлаштирган етук кадрларни тайёрлаш мақсадида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олий диний таълим муассасаларига фақат ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган битирувчиларни ўқишга қабул қилиш тизими жорий қилинди. Ўқув режа ва дастурлари қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди, ихтисосликка йўналтирилган янги фанлар киритилди.

Такомиллаштирилган ўқув дастурларига кўра, ўрта махсус ислом таълим муассасаларида фанлар нисбати: 35 фоиз – дунёвий фанлар, 65 фоиз – диний фанлар, олий таълим муассасаларида: 38 фоиз – дунёвий фанлар, 62 фоиз – диний фанларни ташкил этмоқда.

Таълим муассасаларида асрлар давомида юртимизда шаклланган “Устоз-шогирд” анъаналари қайта тикланиб, фанлар бўйича ўқитиладиган дарсликлар “Хатмул-кутуб” услубида ўзлаштирилмоқда.

Аввало, дарсни ташкил этиш – ўқитувчининг ижодий, шахсий ва кунлик фаолиятидир. Бу жиддий ва мураккаб тайёргарликни талаб қилади ва дарс олдидан тайёргарлик ўқитувчига дарс туркумидаги ўрнини аниқлаш, мавзуни тушунтириш, мустаҳкамлаш, ўтган мавзу бўйича сўраш, уйга вазифа бериш ва бошқалар ҳақида олдиндан ўйлаш имконини беради. Мос усул ва воситаларни танлаш, ўқитувчи ўқув фанларининг мазмуни ва кетма-кетлигини яхши тасаввур қила олиши, бугунги кунда юқори синфларда берилган билимлар ўқувчиларнинг тараққиётига қандай хизмат қилишини билиши керак.

Таълим жараёнида дарс ўқитувчининг кундалик фаолияти ва муҳим иши бўлиб, дарсни ташкил этиш ҳамда уни фойдали ва самарали ўтказиш учун ўқитувчининг жиддий тайёргарлиги қатъий талаб қилинади. Айниқса, янги давр ўқитувчиси учун ўзига хос малакага эга бўлиш билан бирга, тўлақонли фалсафий, ҳаётий дунёқараш ҳам зарур.

Дарс бугунги шароитда ўзига хос меҳнат ва куч талаб қилади. Ўқитувчи, энг аввало, ўқувчилар билан ишлай олиши керак. Яъни фан ўқитувчиси психолог ҳам бўлиши керак. Шунингдек, замон ва таълим жараёнининг жадал ривожланиши ўқитувчидан янги ўқитиш лойиҳалари, янги руҳий йўналишлар, янги ўқитиш усуллари, янги ўқитиш технологияларидан яхши хабардор бўлишни тақозо этади. Буларнинг барчаси таълимни модернизация қилиш жараёнига боғлиқ бўлиб, унинг энг муҳим йўналишларидан бири – юқори малакали ва рақобатбардош кадрларнинг мавжудлигидир. Бошқача айтганда, ҳар бир фан ўқитувчисининг малака ва кўникмалари дарснинг самарали ўтиши ва унинг натижаларига эришишда энг муҳим омил ҳисобланади.

Бугунги кунда таълимнинг асосий йўналишлари қаторига қуйидагилар киради: “Нима ўргатиш керак?”, “Қандай ўргатиш керак?”, “Кимга ўргатиш керак?”, “Қайси материал асосида ўқитилиши керак?”, “Қандай усулни ўргатиш керак?” “Ўқувчи ким?”, “Ўқитувчи қайси босқичда?”, “Таълим муассасасининг техник базаси қай даражада?”.

Ҳар қандай фанни ўқитиш самарадорлиги учун тенденциялар муҳим тамойиллар ҳисобланади. Бу тенденцияларнинг барчаси дидактик воситалар билан биргаликда, дарс самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Замонавий мутахассисдан касбий компетентлилик ва ноодатий вазиятларда қарор қабул қилиш, жамоада ишлаш, ахборотни мустақил олиш, таҳлил қилиш, самарали фойдаланиш, ўзгарувчан вазиятларга мослашувчанлик талаб этилади. Бундай сифатларга эга мутахассисни тайёрлаш эса, диний таълим муассасалари олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади.

Дунёвий давлатда диний таълимнинг норасмий ва расмий таълимдаги ўрни, давлат томонидан берилиши мумкинми, мажбурий ёки ихтиёрийми, диний таълим берилса, қайси ёшдан бошлаш керак, нима ўргатиш керак ва шунга ўхшаш масалаларни ҳал этиш долзарб аҳамиятга эга. Сўнгги йигирма йил ичида “Динлар тарихи” ҳамда “Тарбия” фанларининг зарурлиги ва мазмуни айрим қатламлар томонидан танқид қилинган бўлса-да, умуман олганда, жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиб, ишонч қозонди. Шундай қилиб, диний таълим борлиқ баҳсларидан қутулиб, ўз эркинлигига эришди. Динлар тарихи ва тарбия фанларини ўқитишда жиддий илмий изланиш ва таҳлиллар жуда чекланган даражада олиб борилди.

“Динлараро”, “Феноменологик”, “Дин ёки мазҳабга асосланган” ва “Савол” каби кўплаб моделлар “глобаллашган”, “кўп маданиятли” ва “кўп динли” дунёда динни қандай ўргатиш кераклиги ҳақида академик доираларда ишлаб чиқилган. Ушбу моделларнинг барчасини ишлаб чиқишдан мақсад, кўп динли ва кўп маданиятли жамиятларнинг диний таълим ва таълимга бўлган билим етишмаслиги ва эҳтиёжларини қондиришдир. Шубҳасиз, турли ижтимоий тузилма ва динлар таълимоти учун ишлаб чиқарилган бу усулларнинг айнан мамлакатимизга кўчирилиши ёки айнан ислом динини ўқитиш учун ишлатилиши мумкин эмас. Бироқ Ғарбда диний таълим бўйича мутахассис бўлган олимлар томонидан ишлаб чиқилган бу моделларга бефарқ бўлиб қолишни тасаввур қилиб бўлмайди.

Соғлом диний таълим сифатли таълим ва тарбия орқали амалга оширилади. Чунки дунё тинчликка муҳтож, динлараро тинчлик зарур. Динлараро тинчлик динлараро мулоқотни талаб қилади ва бу эса, динлар бўйича фундаментал тадқиқотларни талаб қилади. Буларнинг барчаси таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришни тақозо этмоқда. Зеро, “Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади” [2].

Ижтимоий ва шахсий ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ бўлган диннинг ахлоқий таълимотлари иккинчи ўринга туширилган, расмиятчилик ва шиорлар ўртага ташланган бир муҳитда ҳақиқий ва соғлом диний таълимнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Динни сифатли ўқитиш билан тушуниш мумкин. Дин тўғри ўргатилмаса, одамларни мутаассиблик ва ақидапарастликка олиб келади. Тарих бунга сон-саноқсиз мисоллар билан тўла. Бизнингча, диний таълимнинг уч хил йўл билан берилиши мумкинлиги ҳақидаги қуйидаги тезисни илгари суриш мақсадга мувофиқ:

  1. Динни ўрганиш. Бу ерда ҳар бир шахс мансуб бўлган диннинг тамойиллари ва эътиқодларини ўргатиш мақсад қилинган. Қайсидир маънода бу битта дин ёки битта теологик тизимнинг таълимотидир. Мазкур ёндашувда муҳим нарса озчилик гуруҳлари ўз динларини ўрганиши ва ўз динини ҳурмат қилишидир.
  2. Динни илмий ўрганиш. У дин билан боғлиқ илмий изланиш ва тадқиқотларни ўз ичига олади. Муайян дин бошқа динлар билан таққосланган ҳолда ўқитилади. Диний таълимотда ривожланган феноменологик ёндашув диний таълимотга илмий ёндашиш натижасида ривожланди. Дин феноменологияси – бу фалсафий феноменологиянинг маълум даражаси таъсирида бўлган ёндашувлар тўплами бўлиб, улар диний материални тириклар нуқтаи назаридан тақдим этишга, талаба ёки олимнинг тахминларидан воз кечишга ҳаракат қиладиган методологияларни ўз ичига олади [6:21].

Динни ўқитишда феноменологик ёндашувнинг мақсади ўқувчиларда динни тушуниш ва фикрлаш қобилиятини ривожлантиришдан иборат. Бу усулга кўра, жамиятдаги кўпчиликнинг динидан бошқа динлар ўша дин аъзолари нуқтаи назаридан ўқитилиши керак. Ушбу таълимот жараёнида бошқа динлар ҳақидаги салбий фикрлар рад этилган, яъни қавс ичида диний адолат таҳлили келтирилган [7:485].

Динни ўқитишга феноменологик ёндашув диншунослик методологиясини давлат мактабларида диний таълимга айлантириш натижасида вужудга келган усулдир. Бу мактабларда ақидавий бўлмаган плюралистик ёндашувга йўл очади [3:498-502].

Шу маънода, диний таълим илоҳиётнинг қуйи фанидир ва турли динларни ўрганиш учун тенг ҳуқуқларни беради. Буюк Британия ва Норвегияда ишлаб чиқилган моделлар ушбу тоифага кириши мумкин. Динни ўрганиш кўп динли, кўп маданиятли, плюралистик ва демократик жамиятларда муҳим аҳамиятга эга. Бу усул ўзининг афзалликлари ва камчиликларига эга.

  1. Диндан ахлоқий тарбия воситаси сифатида фойдаланиш. Ушбу ўрганиш услубида дин нафақат тадқиқот объекти, балки таълим мавзусига ҳам айланади. Мақсад талабага бирон-бир дин ёки мазҳабни ўргатиш эмас, балки унинг ҳаётга оид қадриятларни ўрганишига имкон бериш орқали унинг ахлоқий ва маънавий ривожланишига ҳисса қўшишдир. Ушбу моделнинг мақсади болани юксак даражада тарбиялашдир. Шу сабабдан бу ёндашувни диний таълим деб ҳам аташ мумкин.

Диний таълим инсоният тарихининг бошиданоқ муҳим эҳтиёж бўлиб келган. Бу эҳтиёжни қондириш учун одамлар азалдан динга эътиқод қилган. Тўғри маълумот билан бу қобилиятни ривожлантира олмайдиган одам ёлғон маълумот ва йўл-йўриқларга дучор бўлиши мумкин. “Дунёда динга ишончи бўлмаган халқ йўқ. Чунки муайян халқ динсиз, эътиқодсиз, бирор-бир нарсага ишончсиз ҳолда яшай олмайди” [5:9].

Мамлакатимизда янги жорий этилган таълим тизимида ўқитишнинг кредит тизими санаб ўтилган жиҳатларга эга кадрларни тайёрлашга кенг имконият яратади [8]. Ҳар жиҳатдан қулай ва самарадор мазкур тизим меҳнат бозорининг ўзгарувчан эҳтиёжини қопловчи механизм сифатида намоён бўлади, яъни таълим муассасалари битирувчиларининг академик ҳаракатчанлиги, яъни ўз устида такрор ва такрор ишлашини таъминлайди. Таълимда кредит тизимининг муҳим аҳамияти шундаки, академик дастурлар меҳнат бозори талабларига мос ҳолда тузилади. Ўқув режадаги фанларнинг аксар фоизини танлов фанлари ташкил этиб, ўқув жараёнига ахборий тизимлар жорий этилади. Бунда мамлакатдаги бугунги вазиятдан келиб чиқиб, диний таълим муассасаси битирувчисига қўйиладиган талаблар белгиланади ҳамда уларни ўқитишда индивидуал ёндашилиб, улар мустақил таълим олишга йўналтирилади. Бу эса, диний таълим муассасалари талабаларини ўз устида кўпроқ ишлашини талаб этади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми бўлиб келган. Бу ерда илм-фан, маданият марказлари ҳамиша тараққий этган. Уларнинг ривожланишида халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик, ўзга маданият вакилларига ҳурмат туйғулари асосий омиллардан бўлгани табиий. Шунинг учун бугунги кунда ҳам ўлкамизда турли халқлар урф-одат ва анъаналари ўзаро уйғунликда ривожланиб бормоқда. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда. – Т., 2021. – Б.12.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан. – “Халқ сўзи” газетаси. – №189.
  3. Базаркулов С. Феноменологический подход к обучению религии в школе // Э-Сcио 2. – 2021. – C.498-502.
  4. Диний бағрикенглик тамойиллари ёшлар талқинида. Ташкилий ҳайъат: О.Юсупов [ва бошқ.]. Масъул муҳаррир И.Аҳроров. – Т.: Мовароуннаҳр, 2015. – Б. 22.
  5. Йўлдошхўжаев Ҳ., Раҳимжонов Д., Комилов М. Диншунослик маърузалар матни. – Т., – Б. 9.
  6. Роберт Ж. Дин Еğитими: Ёрумлайıcı Бир Яклаşıм. – İстанбул: Дем Яйıнларı, 2005. – С.21.
  7. Cейлан Юсуф. Ниниан Смартъıн Дин Еğитимийле İлгили Гöрüşлеринин Деğерлендирилмеси // Екев Академи Дергиси. – Яз 2019. – Йıл: 23 Сайı: 79. – С.485.

 

Бобомурод РУСТАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти
“Имом Бухорий сабоқлари” журнали 2025-йил 3-сонидан олинди.

Check Also

ҲАЛОЛЛИК ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

Шахснинг маънавий-ахлоқий тарбиясида оила биринчи ижтимоий муҳит саналади. Инсоннинг яхшилик ва ёмонлик, ростгўйлик ва ёлғон, …