Кириш. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритгач, миллий қадриятларимизни тиклаш, анъаналаримизни бойитиш тарих фанининг долзарб масалаларидан бирига айланди. Ўзбек халқининг бой маданий меросини ўрганиш, тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказиш давлат аҳамиятига эга бўлди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб кўп асрлик маданий ва илмий ютуқларимиз акс этган ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилишга катта эътибор берилмоқда.
Шунинг учун ҳам, Миллий ўзликни англаш, тарихий хотира давомийлигини таъминлаш, улкан ёзма меросимизни асраб-авайлаш, бойитиб бориш ва тадқиқ қилиш ҳамда маданий ва маънавий қадриятларни оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” [1]ги қарори қабул қилинди. Қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти қадимий қўлёзмалар, тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича мамлакатимиздаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.
Мамлакатимизда асрлар давомида Марказий Осиё бўйича энг бой қўлёзма китоблар жамланган бўлиб, унинг салмоқли қисми Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади. Мазкур фонд 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. Адабиётларда Ўрта Осиёда мустамлака тузуми даврида минтақа, хусусан, Қўқон хонлиги кутубхоналарига тегишли қўлёзма китобларнинг талон-тарож қилингани ҳақидаги маълумотлар берилган. Рус шарқшунос олимлари В.В.Бартолд, В.В.Вяткин, А.Л.Кун ва бошқалар Санкт- Петербург Осиё музейи, Эрмитаж ва Император халқ кутубхонасига ноёб ва қимматли илмий манбалар, маънавий-моддий ёдгорликларни ташиб кетишда муҳим роль ўйнаган. Қўқон юриши қатнашчиси А.Л.Кун асосан туркий тилда ёзилган қўлёзма китоблар ва ҳужжатларни тўплаш билан бирга 130 та қўлёзмани тортиб олиб, Россия Император халқ кутубхонасига топширган. ЎзР МДА ҳужжатларида Туркистон генерал-губернаторлиги канселяриясига А.Л.Куннинг ҳисоботлари берилгани қайд этилган [14: 68, 68а,78, 78а,б,79,130-варақлар].
Тадқиқот методологияси. Ушбу мавзу тарихийлик, қиёсий таҳлил, тизимлаштириш, холислик тамойиллари асосида ёритилган.
Таҳлил ва натижалар. Ўрта Осиё хонликларида кутубхоналар кўп асрлик тарихга эга бўлиб, анъанавий тарзда авлоддан-авлодга мерос сифатида ўтиб келган. Бутун Ўрта асрлар давомида нафақат саройларда, балки амалдор ва зиёлилар хонадонида ҳам сулолавий кутубхоналар бўлган. Кутубхона эгалари китоб кўчирувчи хаттотлар ва китоб сотувчиларга дунёвий ва диний мазмундаги қимматли китобларни буюртма қилган. Улар учун қўлёзма китоблар алоҳида дид ва эътибор билан тайёрланган. Сарой кутубхоналаридан асосан ҳукмдорлар, уларнинг қариндошлари, камдан-кам ҳоллардагина жамиятнинг юқори қатламига мансуб олим ва зиёлилар фойдаланган. Хонликлар анъаналарига кўра, ҳукмдор саройида давлат хазинаси билан бирга, девон, кутубхона ва давлат ҳужжатлари сақланадиган махсус хоналар бўлиб, уларга амалдорлар масъул бўлган. Юқори мартабали шахсларга тегишли идораларда ҳам кутубхоналар бўлган. Давлат пойтахти ва вилоят марказларида, мадраса ва масжидлар, қорихоналар қошида ҳам кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилган.
XVIII асрда Ўрта Осиё хонликларида маданий ҳаёт анъанавий тарзда давом этган. Таълим ва кадрлар тайёрлаш диний мазмун билан сингиб, қўлда ёзилган китоблар қимматлашиб, улар сезиларли даражада камайиб борган. Шунга қарамай, бу давлатларда қўлёзма фондига эга суд маҳкамалари ва бошқа кутубхоналарда қимматбаҳо ноёб қўлёзмалар сақланган, ҳукмдорлар эса илм-фанга, китобга бефарқ бўлмаган. Ҳар бир ҳукмдор катта ҳажмдаги китобларга эга бўлгани ҳақида маълумотлар сақланган. Қўқон хонлиги XVIII-асрнинг бошларида ташкил топган бўлсада, илгаридан хонликда сарой кутубхоналари бўлган. Қўқон хонлиги ҳукмдорлари Умархон, Муродхон ва Худоёрхон саройида қимматбаҳо нодир шарқ қўлёзмалари бўлиб, унинг таркибини тарих, география, тиббиёт, тилшунослик, грамматика, ҳуқуқ, илоҳиёт ва бошқа фанлар ташкил этган. Бундан ташқари, Қўқон хонлигининг баъзи ҳукмдорлари қўлёзма китоб омборларига, маҳаллий муаллифларга, ҳинд, афғон ва бошқа тужжорларга ҳомийлик қилган, шоир ва ёзувчиларга катта эҳтиром кўрсатган. Қўқон хони Умархон шоир, ёзувчи ва санъат усталарига ҳомийлик қилган, мадраса, масжид, мактаблар қурилишига кўплаб маблағ ажратган [11:113]. Муҳаммад Умархон (18010-1822) шоир ва адабиёт ихлосманди бўлган ва у “Амирий” тахаллуси билан ижод қилган. Хон фалсафий ва лирик ғазаллар муаллифи ҳам эди. Унинг раҳнамолигида Фарғонада шоирлар тўгараги тузилиб, улар орасида хоннинг рафиқаси – шоира Нодирабегим ҳам ижод қилган. XIX асрнинг (1821 й.) бошларида Умархоннинг буйруғи билан шоир Фазлий томонидан “Мажмуатуш шуаро” [8:34,210] антологияси тузилган.
Худоёрхон даврида кутубхонада хусусий шахслардан сотиб олинган ва турли фондлардан келиб тушган кўплаб қўлёзма китоблар бўлган. Тарихчи Мирзо Азиз давлат хизматида бўлган вақтида хон кутубхонасида мавжуд қўлёзма китоблардан кўп фойдаланган. Шулардан бири Ўрта Осиё давлатлари тарихига оид маълумотларни ўз ичига олган “Қўқон хонлиги тарихи” китобидир. Унда Фарғона ва Марғилон шаҳри тарихи, Марғилон рус округи бошлиғи қозилари, шунингдек, бошқа шахсларнинг қисқача таржимаи ҳоллари ҳам берилган. Қўқон хонлиги саройида китоблар сақланадиган махсус хоналарда араб тилида ёзилган 103 дан ортиқ асосан диний (Қуръони карим, йирик уламоларнинг таржимаи ҳоллари, мусулмон урф-одатлари тўпламлари ва бошқалар) китоблар сақланган. Китоблар орасида фалсафа, мантиқ, грамматика, риторика ва тиббиётга оид (масалан: “Баҳрул жавоҳир” ёки “Ат-табиб Хорвининг марваридлари”) 16 дан ортиқ форс тилидаги қўлёзмалар, мусулмон ҳуқуқшунослиги, тарихий мазмундаги Авазмуҳаммад Атторнинг “Туҳфат-ат таворихи хоний” (“Тарихнинг шоҳона туҳфаси”) [6:43,210] (Муҳаммад Раҳимхон ҳукмронлиги тарихи), Жиган Лодийнинг “Тарихи жаҳонгирий”, (Фарғона ва Қўқон тарихи Шохруҳхон ва Худоёрхон ҳукмронлик даврлари) кабиларни ўз ичига олган. Россия истилоси даврида Қўқон хонларининг қўлёзма китоблари сақланадиган махсус хоналар ва бошқа маданий бойликлари ҳақидаги маълумотларни тўплаш вазифаси 1875 йилдаги Қўқон юриши қатнашчиси – рус шарқшунос олими А.Л.Кунга топширилган. У асосан “туркий тилда ёзилган қўлёзма китоблар ва ҳужжатларни тўплаши керак бўлган…” [5:37]. Қўқонни забт этиш вақтида юқорида айтилганидек тарих, тиббиёт, ҳуқуқ ва илоҳиётга доир 130 та қўлёзма тортиб олиниб Россия Император халқ кутубхонасига топширилган. Улар орасида “Таворихи Шохрухий”, “Тарихий Муқимхоний”, “Жаҳоннома”, “Рашаҳот”, “Рашонахул фунун” асарлари бўлган [10:356]. Шу билан бирга, Кун ўз фаолияти давомида нафақат Қўқон хонлиги, балки Хива ва Бухоро амирлигидаги нодир қўлёзмаларни тўплашда ҳам фаол иштирок этган. 1897 йил К.Г.Залеманнинг Марказий Осиёга келишидан мақсад Қўқондаги Худоёрхон кутубхонасини излаш бўлган. Унга Ўш уезди судьяси Д.М.Граменский, маҳаллий рус олимлари – Наливкин ва Вяткин Осиё музейи учун 100 дан ортиқ шарқ қўлёзмалар коллекциясини топширади. Ўзи эса 96 та қўлёзмани қўлга киритади. Шундан кейин у бу ҳақда ўз фикрини билдириб, Ўрта Осиё қадимий нодир қўлёзмаларга бой ўлка эканлиги ва бундан кейин олимлар иштирокида кўпроқ илмий сафарлар уюштириш кераклигини айтган эди [7:377 ].
XX аср бошларида Қўқон хонлиги сарой кутубхоналаридаги қўлёзма китоблар, Наманган, Марғилон, Ўш ва бошқа бекликлардаги қўлёзма китоблар ва халқимизнинг бойликлари талон-тарож қилинган ва бозорларда сотилган [12:96]. 1902 йилда Қўқонга қўлёзмаларни аниқлаш ва ўрганиш мақсадида келган В.В.Бартолд хон саройи кутубхонаси ҳужжатларини варақлар экан, афсус билан шундай ёзади: “Ҳозирги кунда ҳеч қандай тўплам ва қўлёзмалар, ҳатто Худоёрхон кутубхонасининг арзимаган қолдиқлари ҳам йўқ” [3:34].
Хонлик кутубхонасидан ташқари шахсий кутубхоналар ҳам бўлган. Юнусжон Додхо Муҳамедовнинг Қўқон коллекцияси қимматли китобларга бой бўлиб, унинг таркибини чиғатой, форс, араб, туркий ва бошқа тиллардаги насрий ва шеърий услубдаги қадимий қўлёзмалар ташкил этган. Китоблари орасида Қўқон хонлиги тарихи, 1657-1809 йиллардаги Бадахшон воқеалари ва халқларига оид салмоқли асарлар бўлган. Шунингдек, Қашқар ҳожиларининг 1703 йилгача бўлган тарихига доир маълумотлар, Қўқон хонлари, шайхлари ҳаёти ва фаолияти ёритилган тўпламлар, Фарғоналик шоир Саъдий, Лутфийларнинг турли шеърий тўпламлари, луғатлар, хусусан, Ҳиндистонда Мулла Ёқуб Чангий томонидан Аврангзеб (1659-1707) даврида тузилган “Чиғатойча-форсча луғат” каби кўпгина диний тасаввуфий қўлёзмалар мавжуд эди.
Амин Аҳмад Розий XVI асрда яшаб ижод қилган тарихчи ва адиб, Ҳиндистонда Акбаршоҳ (1542-1605) замонида яшаган, унга атаб 1593-1594 йилларда “Ҳафт иқлим” китобини ёзган. Ушбу асарда Шарқ олимлари одатига биноан Амин Аҳмад Розий етти иқлимда бўлиб, ҳар қайси иқлим, йирик шаҳарлар ва қишлоқлар ҳақида тарихий ва географик ҳамда шу юртдан етишиб чиққан йирик олим, шоир ва машҳур кишилар ҳақида маълумот берган. “Ҳафт иқлим” [13:270] шарқ тарихи ва маданиятини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Асарнинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида сақланмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги таржимони Ю.К.Казбековда ҳам жуда кўп шарқ қўлёзмалари бўлган. Китоблари орасида 1886 йилда ёзилган “Қўқон хонлиги тарихи”, “Қўқон хонлиги тарихи” (1864-1865)га оид очеркдан парчалар, “Абу Саид ва Абдураҳмон” шеърлари, китобнинг тўртинчи қисмига Хўжа Аҳрорнинг шарҳлари, Абдураҳмон Жомий, Жамол Қарши асарлари, Худоёрхон давридаги расмий хатлар ва ҳужжатлар коллекциясининг салмоқли қисми мавжуд бўлган.
Андижон шаҳрида бир қанча шахсий қўлёзма фондлари қаторида “Дукчи эшон” номи билан машҳур Муҳаммад Али Эшоннинг қўлёзма фонди ҳам бой бўлиб, 1898 йилдаги Андижон қўзғолонидан сўнг унинг кутубхонаси мусодара қилинган, бир қисми эса Н.П.Остроумовнинг илтимосига кўра, “Туркистон археология ихлосмандлари тўгараги”га ўтказилган. Унда Фаридуддин Аттор асарлари (“Тазкират ул-авлиё”, “Мантиқут-тайр”), машҳур Косон шайхи Азим Махдумий (вафоти 1542) таржимаи ҳоли ҳақида маълумот берилган китоблар ҳам бўлган.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ҳам хусусий қўлёзма фондлар бўлган. Шарқ қўлёзмалар тўплами самарқандлик шарқшунос, археолог ва тарихчи олим В.Л. Вяткиннинг Ўрта Осиёда эллик йиллик фаолияти давомида, яъни 1917 йилгача у 190 жилдлик муҳим қўлёзмаларни тўплашга муваффақ бўлган. Унинг коллекцияси таркибини тарихий, географик ва диний мазмундаги қўлёзма китоблар ташкил этган. Тўпламда XIV-аср машҳур тарихчиларининг кўплаб нодир қўлёзмалари, хусусан, Шайх Камолиддин ҳаётига бағишланган Маҳмуд Ғиждувонийнинг “Митфаҳут толибин” (“Фан талабалари калити”) тўплами ва балхлик Абдулланинг “Зубдатул асар” (“Қисса қаймоғи”) қўлёзмаси умумий тарихга оид ўзбек тилидаги биринчи асардир.
В.В. Бартолд 1902 йилда Самарқандда бўлиб, Вяткиннинг китобларига катта қизиқиш билдирган. У қўлёзмалар билан танишиб чиқади ва улар орасида Шайбонийхоннинг Самарқандни иккинчи марта босиб олиши, Бобурнинг 1501 йилда тоғларга чиқиб кетишига оид шеърий йилномалар уни ўзига жалб этади. Ушбу маълумотлардан маълумки, мазкур шеърий тўплам Шайбонийхон ҳаётлик вақтида унинг номидан ёзилган. Тўпламда 94 та қўлёзма асарнинг батафсил тафсифи берилиши билан бирга, бир қанча ўринларда изоҳ ҳам ёзилган. Вяткин қўлёзмалар каталогини тўлиқ нашр этишни маъқул деб билган. Бироқ унинг (1933 йил) вафотидан сўнг ушбу қўлёзмалар тўплами Тошкентдаги Ўзбекистон давлат оммавий кутубхонасига топширилади ва кутубхона ходими, шарқшунос олим А.А. Молчанов томонидан тавсифланади.
Ўрта Осиё халқлари маданиятига оид нодир китоблар ва мемуарлар ихлосманди Қодир Эшоннинг қўлёзма китоблари тўплами яхши танилган эди. Унинг тўпламида энг қимматбаҳо ҳисобланган кўп жилдли форсча “Матлаул улум” (“Илмлар манбаи”) энциклопедияси ҳисобланган. Бу катта ҳажмли ишда барча фанлар бўйича қисқача маълумотларни ўз ичига олган асарни илк бор Туркистон ўлкаси бўйича таниқли мутахассис, шарқшунос олим Н.С.Ликошин тавсифлаб берган. У Қодир Эшонни шарқ илмларининг билимдони, энциклопедиячи олим эканини эътироф этган.
Тошкентдаги яна бир бой шарқ қўлёзмалар тўплами қози Муҳитдинхўжага (1902 йилда вафот этган) тегишли бўлиб, у рус тилини яхши билган ва кўплаб рус олимлари билан мулоқотда бўлган. У бир қатор илмий жамиятлар аъзоси эди. Унинг қўлёзмалари орасида Шарафиддин Али Яздийнинг Темур вафотидан ўттиз уч йил ўтиб ёзилган “Зафарнома” (“Темур тарихи”)нинг гўзал миниатюралари, тарихчи Ат-Табарий асарлари [4:24], Саъдий Шерозийнинг шеърлар тўплами ва бошқа асарлар ҳам бўлган. Тарихга оид қўлёзмалардан эса тошкентлик Боқижон бойда XVII-асрда ёзилган Қашғария тарихининг ноёб нусхаси бўлган.
А.А.Семёновнинг маълумотларига кўра, Шаҳрисабзнинг собиқ ҳукмдори, генерал майёр Жўрабекда турли соҳаларга оид 60 дан ортиқ қўлёзма бўлган [15:69,78-варақ]. 1906 йилда Жўрабек ўлдирилгандан сўнг, қўлёзмалар узоқ вақт қаровсиз қолган, шикастланган ва талон-тарож қилинган. Улар орасида Маҳмуд ибн Валининг етти жилдлик “Бахр ал-асрор фи манақиб ал-ахяр” [2:168] (“Сирлар денгизи мажмуи”) асари бўлган. 1912 йилга келиб, қўлёзмаларнинг фақат ярмигина сақланиб қолган эди. Қўлёзмалар В.В. Бартолд ташаббуси ва А.А.Семёнов иштирокида Жўрабекнинг Қорасувдаги уйидан Тошкентга кўчирилган. Октябрь инқилобидан сўнг, бу тўплам Тошкент Шарқшунослик институти томонидан сотиб олинган ва кутубхонага топширилган.
Шарқ тилларининг, хусусан, форс-тожик тилларининг таниқли билимдони А.А.Семёнов (1873-1957) жуда катта қўлёзма фондига эга бўлган. У 1900 йилдан Туркистон вилоятида фаолият кўрсатган ва ўлканинг турли жойларига тез-тез саёҳат қилган, шунингдек, моддий маданият ёдгорликларини ўрганиш билан бирга, кўпгина қўлёзма асарларни ҳам тўплаган. Шахсий кутубхонасида ўзбек, тожик, форс ва араб тилларидаги 150 дан ортиқ қимматли шарқ қўлёзма нусхалари бор эди [9:915]. А.А.Семёновнинг Ўрта Осиёда бир неча ўн йиллик фаолияти давомида тўплаган қўлёзмалари орасида ноёб китоблар кўп бўлган. Унинг кутубхонаси ва коллекцияси вафотидан сўнг Тожикистон ФА Тарих институтига ўтказилган.
Хулоса қилиб айтганда, Россия империяси ҳукмронлиги даврида ўзбек халқининг бой маданий мероси ўзлаштирилган, айримлари сотиб олинган ва марказга юборилган. Минг йиллар давомида яратилган бой моддий ва маънавий мерос намуналари ҳамда қўлёзма китобларнинг аксарияти бугунги кунда Россия ва бошқа давлатларнинг кутубхона ва музейларида сақланмоқда. Шундай шароитга қарамай мамлакатда маданий ҳаёт анъанавий тарзда давом этиб, халқимизнинг асрлар давомида эришган бой моддий ва маданий меросини авлоддан-авлодга етказиб келгани муҳим аҳамиятга эга.
-
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Shavkat Mirziyoyevning 2017-yil may oyidagi “Qadimiy manbalarni saqlash, tadqiq va targʻib qilish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qarori// Xalq soʻzi gazetasi, 2017-yil 25-may.
-
Ахмедов Б.А. Море тайн относително доблостей благородных. –Т.: Фан, 1977. – С.168. Yana qarang: //Qoʻlyozma. Mahmud ibn Valiy. “Baxr al-asror fi manaqib al-axyar” OʻzR FA SHI fondi, inv. №2372.
-
Бартольд В.В. Отчет о командировке в Туркестан. – Зап. Восточный.отд. Русского Археологического общества. ХV. Cп, 1904. –С.34.
-
Hamidjon Homidiy. Koʻhna sharq dargʻalari. – T., 1999.
-
Кормилицын А.И. Рукописные коллекции и библиотеки на территории Узбекистана эпохи средневековья. – Т., 1993.
-
Кормилицын А.И. Рукописные коллекции и библиотеки на территории Узбекистана эпохи средневековья. – Т., 1993. – С.43; Yana qarang: Voxidov Sh.X. Qoʻqon xonligida tarixnavislik. – T.: Akademnashr, 2010.
-
Mustabid tuzumning Oʻzbekiston milliy boyliklarini talash siyosati: tarix shohidligi va saboqlari. – T.: Sharq 2000.
-
Qayumov A. Qoʻqon adabiy muhiti. XVIII-XIX asrlar. – T., 1961. Oʻzfanakadnashr. – B.34; Yana qarang: Voxidov Sh.X. Qoʻqon xonligida tarixnavislik. – T.: Akademnashr, 2010.
-
Семенов А.А. Среднеазиатские рукописные фонды и важность их изучения. /Материалы первой Всесоюзной научной конференции востоковедов в Ташкенте. – Т., 1958.
-
Tarix shohidligi va saboqlari. Chorizm va sovet mustamlakachiligi davrida Oʻzbekiston milliy boyliklarining oʻzlashtirilishi. – T.: Sharq, 2001.
-
Voxidov Sh.X. Qoʻqon xonligida tarixnavislik. – T.: Akademnashr, 2010.
-
Xolnazarova L. Fargʻona bozorlarida kitob savdosi masalalari. Imom Buxoriy saboqlari maʼnaviy-maʼrifiy, ilmiy-adabiy jurnal. // 2018 yil 1-son. – B.96.; Latofat Kholnazarova. Book market of Bukhara / Echo of history. 3(55). 2012. Scientifically practical moral educative magazine.
-
Oʻzbek milliy ensiklopediyasi. T.I. – T., 2000-2006. – 736 b.
-
Oʻzbekiston MDA, I-fond, 15-roʻyxat, 69-ish, 68, 68a, 78, 78a,b, 79-varaqlar.
-
Oʻzbekiston MDA, I-fond, 15 roʻyxat, 69-ish, 78-varaq.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




