Home / ҲАЛОЛЛИК ВА МАЪРИФАТ / МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТ — ҲАЛОЛ ЖАМИЯТ

МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТ — ҲАЛОЛ ЖАМИЯТ

Маърифатли жамият — илм, ахлоқ, адолат ва ҳалоллик устувор бўлган жамиятдир. Зеро, инсон камолоти нафақат билими, балки виждони, масъулияти ва ҳалол меҳнатга муносабати билан ҳам белгиланади.

🌿 Маърифат эзгуликка, ҳалоллик эса тараққиётга етаклайди. Илмли ва маърифатли инсон порахўрлик, коррупция, алдов каби иллатларнинг жамият ривожига етказадиган зарарини чуқур англайди.
Ислом таълимотида ҳам ҳалол меҳнат, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик, адолат ва омонатга содиқлик юксак қадриятлар сифатида улуғланади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا”

«Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар!» (Бақара сураси, 168-оят)

Расулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қилганлар:
«Албатта, ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг ўртасида кўпчилик одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди» (Имом Бухорий ривояти).

Бугун коррупциядан холи, адолатли ва маърифатли жамият барпо этишга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг фуқаролик ва виждоний бурчимиздир. Бунинг учун оилада ҳалоллик тарбиясини мустаҳкамлаш, ёшларни илм-маърифатга йўналтириш, қонун устуворлиги ва шаффофликни таъминлаш муҳимдир.

⁉️ Унутмайлик: ҳалоллик ҳаётий тамойилга, илм ва маърифат эса юксак қадриятга айланган жамиятдагина адолат, фаровонлик ва изчил тараққиёт қарор топади.
Маърифат — юксалиш асоси, ҳалоллик — тараққиёт кафолати!

Абдулбосит МАМАДАЛИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Ҳалоллик ва ростгўйлик – саодат калити

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: …