Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИСШУНОСЛИК – УСТРУШАНАДА ЕТАКЧИ ЙЎНАЛИШЛАРДАН БИРИ

ҲАДИСШУНОСЛИК – УСТРУШАНАДА ЕТАКЧИ ЙЎНАЛИШЛАРДАН БИРИ

Мовароуннаҳрда IX-XIII асрларда кузатилган Биринчи Ренессанс доирасида шаклланган илмий-маданий марказлардан бири бўлган Уструшанада кўплаб уламолар қаторида муҳаддислар ҳам фаолият юритган бўлиб, улар ҳали яхши ўрганилмаган. Ваҳоланки, улар умуммусулмон тараққиёти ва ислом цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган олимлар ҳисобланади. Ушбу минтақадан 80 дан ортиқ муҳаддис чиққани ҳам бунинг исботидир.

Ҳадислар Мовароуннаҳрга VII асрда кириб келган бўлса, VIII асрда алоҳида илм сифатида ривожланди. Дастлаб ўлканинг икки улкан шаҳри – Самарқанд ва Бухорода ҳадис илми ёйилди. Аста-секин уларга туташ ҳудудлар – Насаф, Шош, Фарғона, Кеш, Термиз, Хоразм, Уструшана, Дабусия, Кушония каби минтақаларда ҳам муҳаддислар фаолияти бошланди. Умуман, Мовароуннаҳрда VIII-XII асрлар мобайнида уч мингдан ортиқ йирик муҳаддислар яшаб, фаолият юритган[1].

Тадқиқот давомида Уструшанада таваллуд топиб, у ернинг шаҳар ва қишлоқлари ҳамда ўша давр илмий-маданий марказлари Самарқанд, Бухоро ва Бағдодда фаолият юритган муҳаддислар аниқланди.  Уструшанада дастлаб ҳадисларнинг асосий мавзуси сўфиёна камтарлик, тақво ва таркидунёчилик бўлган бўлса, бу ҳудудда ислом дини нисбатан мустаҳкам ўрнашганидан кейин эса уламо ва муҳаддислар эътибори кўпроқ ибодат ва муомалот масалаларига қаратилган. Бу нафақат Уструшанага, балки Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларига, айниқса, Самарқанд ва Бухорога ҳам хосдир.

VIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда ислом илмларининг ёйилиши хуросонлик уламолар томонидан амалга оширилган бўлса, шу асрнинг иккинчи ярмига келиб, маҳаллий уламолар етишиб чиқа бошлади. Илк даврда уструшаналик муҳаддислар ҳаракатида танқидий йўналиш устувор бўлди. “Динни бидъатлардан тозалаш” ҳаракати уламоларга маҳаллий аҳоли орасида катта обрў келтирди. Натижада, IX-X асрга келиб муҳаддислар ижтимоий ҳаётда ҳам етакчи кучга айланиб, Уструшана шаҳар ва қишлоқларида илмий фаолият олиб борди.

Уструшанада ҳадис илмининг шаклланиши ва тараққий этишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган маҳаллий сулолавий муҳаддислар оилаларининг ҳам ўз ўрни бор. Шундай сулолавий оиладан чиққан муҳаддислардан бири IX-X асрда яшаган муҳаддис Абу Аҳмад Толиб ибн Али ибн Ҳасан ибн Турхор Шийракасийдир. У Уструшананинг Ширакас қишлоғида таваллуд топган ва шу ерда илмий фаолият олиб борган. Абу Аҳмад Шийракасий  сулолавий муҳаддислар оиласининг бошлиғи эди. Унинг ўғли Абул Ҳусайн Муҳаммад ибн Толиб ибн Али Шийракасий Уструшанадаги ҳадис илмига ўз ҳиссасини қўшган муҳаддислардан бўлган. Абу Аҳмад Шийракасий ҳадисларни Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Язид Муқарраийлардан ривоят қилган. Абу Аҳмад Шийракасий 288/901 йили 14 ёки 15 сентябрда вафот этган.

Абу Абдуллоҳ Нуҳ ибн Жаноҳ Можармий. Муҳаддис. Уструшанада таваллуд топиб, ўз ватанида илмий фаолият олиб борган. Мавжуд манбаларда унинг таваллуд топган ёки вафот этган йили ҳақида бирорта маълумот келтирилмаган. Аммо Абу Саъд Самъоний  “Ал-Ансоб” асарида у ўз замонасининг забардаст уламолари[2] билан илмий сафарга чиқиб, 321/933 йилда Абу Али Таморийнинг хонадонида меҳмон бўлиб, шу ерда илмий суҳбат қурганини таъкидлаб ўтган[4:5/35 №9338]. Юқорида келтирилган маълумотга таяниб, Нуҳ ибн Жаноҳ Можармийнинг вафот санасини 321/933 йилдан кейин, деб белгилаш мумкин.

Абу Муҳаммад Наср ибн Ҳамавайҳ Камаржий. Муҳаддис.  Уструшанада таваллуд топган ва шу ерда илмий фаолият олиб борган. У ҳадисларни Муҳаммад ибн Мусо Суғдий воситасида Иброҳим ибн Ҳамдавайҳ Иштихонийдан ривоят қилган. Самарқандда фаолият олиб бор­ган, Қорахонийлар даврида умрининг охирги, энг самарали қисмини ўтказган ҳофиз Абу Саъд Абд ар-Раҳмон ибн Муҳаммад Идрисий Астрободий (ваф. 405/1015 й.) шундай таъкидлайди: “Мен Абу Муҳаммад Камаржий ҳақидаги маълумотларни ўзидан 360/971 йили ёзиб олдим”[5:5/317]. Мавжуд манбаларда унинг таваллуд ёки вафот этган санаси ҳақида бирорта маълумот келтирилмаган. Лекин Абу Саъд Идрисийнинг юқорида келтирилган маълумотларидан Абу Муҳаммад Камаржийни 360/971 йилдан кейин вафот этган, деб белгилаш мумкин.

Абу Наср Аҳмад ибн Аммор ибн Исмат ибн Маоз Шийракасий. Муҳаддис. Уструшананинг Шийракас қишлоғида таваллуд топиб, шу ерда илмий фаолият олиб борган. Абу Наср Шийракасий ҳадисларни ўз даврининг етук муҳаддислари Абу Яъло Абдулмўъмин ибн Халаф ибн Туфайл Насафий (259/873-346/957), Абул Ҳасан Али ибн Муҳтож ибн Ҳамавайҳ ибн Хаддош Кошоний (туғилган йили 351 й.), Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Жамол Ироқий (ваф.346/957 й. Самарқанд), Абу Аҳмад Бакр ибн Муҳаммад ибн Ҳамадон Марвазий (ваф.345/956 й. Бухоро), Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Абдироббиҳи Бағдодий (260/874-354/965) каби уламолардан ривоят қилган. Абу Наср Шийракасий 400/1010 йили март ойида вафот этган[4:3/508 № 6131].

Абул-Ҳасан Али ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳомид Дизакий Лоҳузий Зубайрий. Муҳаддис. Дизак шаҳрида таваллуд топиб, шу шаҳарда илмий фаолият олиб борган. У асли маккалик саҳоба Зубайр ибн Аввом[3] (р.з.) авлодларидан. Унинг Маккадан кўчиб келган отаси Абдулазиз ибн Муҳаммад ўз замонасида етук олимлардан бири бўлиб, Самарқанддаги “Хон Мусо” масжидида илмий фаолият олиб борган. Отасининг ўн икки нафар ака-укаси бўлиб, барчаси уламолардан эди. Абу Саъд ал-Идрисий (ваф. 405/1015 й.) олим Абдулазиз ибн Муҳаммад Дизакий Самарқанд шаҳрида яшаб, шу ердаги фозил зотлардан бири, деб тасвирлайди ва 380/991 йилдан олдин ҳаж сафарига кетаётганида вафот этганини хабар қилади[6:416]. Абул Ҳасан Дизакий 448/1056 йили Дизакда вабо туфайли вафот этган.

Абул Фазл Илёс ибн Ҳолид ибн Ҳаким Зоминий. Муҳаддис. Зомин шаҳрида таваллуд топиб, ушбу шаҳарда илмий фаолият олиб борган. Муҳаддис Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Асад ибн Товус Зоминий ундан 415/1024 йил Зомин шаҳрида ҳадис эшитганини ривоят қилган[6:157]. Мавжуд манбаларда Абул Фазл Зоминийнинг таваллуд айёми ёки вафот этган йили ҳақида бирорта ҳам маълумот келтирилмаган. Агарда Абу Жаъфар Зоминий Зомин шаҳрида ундан ҳадис эшитгани ҳисобга олинса, унинг вафот санасини 415/1024 йилдан кейин, деб белгилаш мумкин.

Зиннун Ховасий. Муҳаддис. Ховасда таваллуд топиб, шу ерда илмий фаолият олиб борган. Нажмиддин Абу Ҳафс Насафийнинг таъкидлашича, Зиннун Ховасий 449/1057 йили 18 июль пайшанба куни Шайх Али ибн Аҳмад Санкабосий имло қилган ҳадисни эшитиб олган экан[6:48]. Мавжуд манбаларда унинг таваллуд ёки вафот этган йили ҳақида бирорта маълумот келтирилмаган. Аммо Зиннун Ховасийнинг ҳадисни Санкабосийдан эшитгани ҳисобга олинса, унинг вафот санасини 449/1057 йилдан кейин, деб белгилаш мумкин.

Абу Тоййиб Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар ибн Исҳоқ ибн Дийзкаҳ Тоний Дизакий. Муҳаддис. Дизак шаҳрида таваллуд топган. Асли ота-боболари Исбаҳондан бўлиб, Диззак шаҳрига кўчиб келган. Дизак шаҳрида илмий фаолият олиб борган. У ҳадисларни Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Али Муқаррий (285/898-381/991)дан ривоят қилган. Ундан ҳадисларни Абул Қосим Ҳибатуллоҳ ибн Абдулворис Широзий (485/1092) ривоят қилган[6:356;4:2/588]. Унинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳақида маълумот йўқ. Лекин у ҳадисларни Абу Бакр Муқаррийдан ва ундан Абул Қосим Широзий ҳадислар ривоят қилгани ҳисобга олинса, Абу Тоййиб Дизакий X аср охири ва XI аср бошларида яшаган, деб белгилаш мумкин.

 Мовароуннаҳрда “Кок” номи билан танилган муҳаддис Абу Наср Аҳмад ибн Абдулмулк ибн Мусо ибн Музаффар Уструшаний. У  433/1042 йил Уструшанада таваллуд топиб, дастлабки илмларни шу ерда олади ва илмий фаолиятини давом эттиради. У 86 йил умр кўриб, 519/1125 йил апрель ойида вафот этган. У ҳақида мисрлик олим Ибн Ҳажар Асқалоний (773/1372-852/1448 й.) ўзининг “Ад-Дурар ал-комина фи аъён ал-миа ас-сомина” асарида ҳамда дамашқлик олим Абдулқодир ибн Муҳаммад Наимий Димашқий (978/1571 й.) “Ад-Дорис фи тарих ал-мадорис” номли тарихий библиографик асарида маълумот берган[7:№1413; 8:3/57; 11:1/194; 10:2/163].

Ҳадис илми вужудга келган даврдан бошлаб муҳаддислар ҳадис талабида ўзга юртларга сафар қила бошлади. Ана шу даврдан бошлаб муҳаддисларнинг илмий фаолиятини биргина шаҳар ёки мамлакат миқёсида чегаралаш мумкин бўлмай қолди. Кўпчилик муҳаддисларнинг она ­ватани Уструшана бўлса-­да­, асосий илмий фаолиятини ундан ташқарида олиб борди. Самарқандда ҳадис илми ривожига катта ҳисса қўшган кўп сонли муҳаддислар қаторида уструшаналик қуйидаги муҳаддисларнинг ҳам ўз ўрни бор. Тез орада ҳадис илмида тажриба орттирган уструшаналиклар ўз мактаби анъаналарини бошқа минтақаларга ёя бошлади.

Абу Касир Сайф ибн Ҳафс Зоҳид Зоминий. Муҳаддис. Зомин шаҳрида таваллуд топган. Уструшананинг сўнгги афшини Сайр ибн Абдуллоҳ (279-280/892-894) даврида яшаган. Абу Касир Зоминий илк таҳсилини Зоминда олди. Шундан сўнг у IX аср ўрталарида Мовароуннаҳр илм марказларидан бири Самарқандга кўчиб ўтади ва шу ерда муқим яшай бошлайди. Балхлик олим Муҳаммад ибн Али ал-Лайн ал-Балхий Абу Касир Зоминий ҳақида унинг ўз даврининг солиҳ ва зоҳид зотларидан бири бўлганини ва ундан кўплаб ҳадислар эшитганини таъкидлаб ўтган. Абу Касир Зоминий 297/909 йили Самарқанд шаҳрида вафот этган[6:113].

Абу Наим Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Наим Ғўбдиний. Муҳаддис. У Ғўбдин қишлоғида 341/952 йили июнь ойида таваллуд топган. У ўз даврининг фозил, зоҳид, тақводор имомларидан бўлиб, дастлабки таълимни ўз қишлоғида олган. Кейинчалик илм талаби ва ҳадисларни ёзиб олиш мақсадида Хуросон, Ироқ, Бағдод, Ҳижоз, Бухоро, Найсобур каби шаҳарларга борган. У Уструшанага қайтиб келиб, 86 йил умр кўрган ва 427/1036 йил апрель ойида вафот этган[4:4/90 №7644].

Абул Қосим Абдулвоҳид ибн Абдураҳмон ибн Зайд ибн Иброҳим ибн Аҳмад ибн Ҳарб аш-Шовкатий. Муҳаддис. Шовкат қишлоғида 407/1016 йили таваллуд топган. Кейинчалик илм-маърифат йўлида Самарқандга кўчиб ўтган ва шу ерда Ҳаким Шовкатий номи билан илмий фаолият олиб боради. У ҳадисларни имом хатиб Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ орқали Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Али Боҳилийдан ривоят қилган. Ундан ҳадисларни шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ибн Абдулазиз Бухорий ривоят қилган. У 87 йил умр кўриб, 494/1101 йили апрель ойида Самарқанд шаҳрида вафот этган[6:410-411; 4:3/415 № 5780].

Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Жаъфар ибн Али ибн Аҳмад ал-Ёркасий. Муҳаддис. У Ёркас қишлоғида 447/1055 йили таваллуд топган. Дастлабки илмларни қишлоғида олиб, кейинчалик илм талаби билан Самарқандга боради ва шу ерда муқим яшаб қолади. Унинг Муҳаммад исмли фақиҳ ўғли бўлган. Абу Ҳафс Насафий шундай дейди: “Дўстимиз Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Ёркасийнинг отаси Самарқандда яшаб, қози имом Муҳаммад ибн Аҳмад Хаффофнинг қўлида фиқҳ илмидан таълим олган”. У ҳадисларни Абу Бакр ибн Ҳамза Мадиний воситасида қози Абу Али Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Жаъфар Фақоийдан эшитиб ёзиб олган. У 520/1126 йили вафот этган ва Чокардиза (“Жангчилар қалъаси”) қабристонига дафн этилган[4:5/595].

Бакр ибн Абдуллоҳ ибн Абдурраҳим ал-Харқоний. Муҳаддис. Харқона қишлоғида таваллуд топган. Дастлабки илмларни Уструшанада олиб, кейин илм талабида Самарқандга кўчиб борган ва шу ерда илмий фаолият олиб борган. Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий уструшаналик бу муҳаддис ҳақида ўзининг “Ал-Қанд фи зикр уламои Самарқанд” асарида шундай ҳикоя қилади: “Мен бир марта Бакр ибн Абдуллоҳ билан намоз ўқиб, ундан кўплаб ҳадислар эшитганман. Унинг тўлиқ исми – Бакр ибн Абдуллоҳ ибн Абдурраҳим Харқонийдир. У 525/1131 йили вафот этган”[6:702;4:2/400].

Ҳусайн ибн Аби Шаҳоб ал-Харқоний. Унинг тўлиқ исми Ҳусайн ибн Аби Шаҳоб ибн Аҳмад ибн Ҳамза ибн Ҳусайн ибн Қосим ибн Ҳамза ибн Ҳасан ибн Али ибн Убайдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Убайдуллоҳ ибн Аббос ибн Али ибн Аби Толиб ал-Алавий ал-Харқоний. Муҳаддис. У Харқона қишлоғида 446/1054 йили таваллуд топган. У асли халифа Али ибн Абу Толиб (р.з.) авлодларидан. У дастлабки илмни ўз қишлоғи Харқонада амакиси фақиҳ Абу Шужо Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамза ибн Ҳусайн ал-Харқонийдан олиб, кейинчалик илм-маърифат талаби билан Самарқандга боради ва шу ерда муқим яшаб қолади. Ундан ҳадисларни Абулқосим Маҳмуд ибн Аҳмад Заҳрий ривоят қилган. Ундан ҳадисларни Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий ривоят қилган. У 76 ёшида 524/1130 йили Самарқанд шаҳрида вафот этган[4:2/400].

Бакр ибн Ямон ал-Уструшаний. Муҳаддис. Уструшанада таваллуд топиб, дастлабки илмни шу ерда олади ва кейинчалик илм-маърифат йўлида Самарқандга кўчиб ўтади. У Самарқандда шахсий мадраса очган ва у ерда ўзи толиби илмларга ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ берган. У ҳадисларни қози Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим Қассор ва Ҳоким Абу Амр Муҳаммад ибн Абдулазиз Қантарийлардан ривоят қилган. У 519/1125 йили Самарқандда вафот этиб, Чокардиза (“Жангчилар қалъаси”) қабристонига дафн этилган[6:105].

Усмон ибн Яҳё ибн Муҳаммад ал-Ҳажжож ал-Бунжикатий ас-Самарқандий. Муҳаддис. Бунжикатда X асрда туғилган. Илм олиш мақсадида Самарқандга кўчиб ўтиб, шу ерда муқим яшаб қолган. У илм-маърифат йўлида жуда кўп шарқ мамлакатларига сафар қилди. Хусусан, у 426/1035 йилда Макка шаҳрида Масжидул-ҳарамда жума куни кечқурун ҳадисларни шайх фақиҳ Абул Қосим Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан ривоят қилгани ҳақида маълумотлар бор[6:361]. Мавжуд манбаларда алломанинг таваллуд топган ёки вафот этган йили ҳақида бирорта маълумот келтирилмаган. Агарда у 426/1035 йили Масжидул-ҳарамда бўлганини ҳисобга олсак, унинг вафотини 426/1035 йилдан кейин деб белгиласак бўлади.

Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Амр ал-Муаддаб ал-Ёркасий. Муҳаддис. У Ёркас қишлоғида таваллуд топган ва кейинчалик илм талабида Самарқандга кўчиб боради ва шу ерда шайх Абулқосим Ҳакимга шогирд тушади. У ҳадисларни Абу Саид Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ужайф ибн Аҳмад Шумонийдан ривоят қилган. Ундан ҳадисларни Абу Бади Мансур ибн Муҳаммад Самарқандий Самарқандда 413/1022 йили ўқиётган вақтида ёзиб олганини таъкидлаган. Ўша даврда Самарқанддаги мадрасалар ҳадис дарсларининг алоҳида марказлари эди. Унинг “Шарҳ ал-мақомот” номли асари бор[6:410 №4616]. Мавжуд манбаларда унинг таваллуд ёки вафот этган йили ҳақида бирорта маълумот келтирилмаган. Лекин ундан ҳадисларни Абу Бади Мансур ибн Муҳаммад Самарқандий 413/1022 йили ёзиб олганини ҳисобга олсак, унинг вафот санасини 413/1022 йилдан кейин деб белгилаш мумкин.

Абу Ҳафс Умар ибн Аҳмад Шабибий Дизакий. Муҳаддис. У дастлабки илмни Дизакда муҳаддис шайхулислом Исмоил ибн Аҳмад Дизакийдан олади. Ҳадисларни ёзиб олиш билан бир қаторда, уларни оғзаки нақл қилиш ҳадис илмининг асоси бўлиб қолаверди. Самарқандда ҳадис илмининг ривожланиши ва кенг ёйилишида алоҳида хизмат кўрсатган ҳофизларни учратиш мумкин. Шундай муҳаддислардан бири Абу Ҳафс Дизакий Қорахонийлар даврида Самарқанд ҳадис илми тараққиётига улкан ҳисса қўшган ҳадисшуносликда ҳофизлик мақомига эришган олим ҳисобланади.  Абу Ҳафс Насафий “Тидод аш-шуюх ли-Умар мустатриф ало-л-ҳуруф мустатир” (“Алифбо тартибида берилган Умарнинг устозлари саноғи”) асарида уч муҳаддисни Абу Али Ҳасан ибн Абдулмалик ибн Али ибн Мусо ибн Исрофил Насафий (XI-XII аср), Умар ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шабиб Шабибий Дизакий (ваф. 511/1118) ва Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад Нофила (ваф. 503/1109)ларни алоҳида устозлари қаторида эслаб ўтади. Умар ибн Аҳмад Дизакий 511/1118 йили Самарқандда вафот этади ва Чокардиза (“Жангчилар қалъаси”) қабристонининг “Машҳад ал-аимма” номли қисмининг ташқарисига дафн этилади[2:21,341].

Абу Ҳафс Умар ибн Шуайб ибн Абул Қосим Сарром Дизакий. Муҳаддис.  Дизак шаҳрида туғилган. У дастлабки илмларни Дизакда олади ва кейинчалик Самарқанд шаҳридаги бир ҳарбий истеҳкомда қози лавозимида фаолият юритади. У Боркас қишлоғида 525/1131 йили 6 октябрь жума кечаси вафот этган[6:356; 4:2/588].

Абу Музаффар Абдуссаййид ибн Абдуссалом ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Кандар ибн Абу Шужо Ёркасий. Муҳаддис. У дастлабки илмни қишлоғи Ёркасда олади ва кейинчалик илм талабида Самарқанд ва Қашғарда бўлади. У Қашғарда Абу Али Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Банокасийдан ҳадислар ривоят қилади. У 520/1126 йили Самарқандга қайтиб келади ва шу ерда муқим яшаб қолади. У ўз бобоси Аҳмад ибн Кандар ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Бобом ҳиндлар билан бўлган жангда ўн олти йил ва турклар билан бўлган жангда ўн етти йил бўлиб, сўнг умрининг охирида биз билан бирга етти йил яшаган”[6:286 №512]. Мавжуд манбаларда унинг таваллуд топган ёки вафот этган йили ҳақида бирорта маълумот келтирилмаган. Бироқ унинг Самарқандга 520/1126 йили қайтганини эътиборга олсак, вафот санасини 520/1126 йилдан сўнг деб белгилаш мумкин.

Маълумки, ислом дини кириб келган илк даврдан бошлаб, илм-маърифат жиҳатидан Мовароуннаҳрдаги энг йирик илмий-маданий марказлардан бири Бухоро бўлиб, у ердан 600 дан ортиқ муҳаддис чиққан. Бухорога қўшни минтақалар ва ҳаттоки хорижий юртлардан келиб илмий фаолият олиб борган муҳаддисларнинг ҳам бу шаҳардаги ҳадис илмлари равнақида катта ҳиссаси бор. Мазкур уламолар орасида уструшаналик муҳаддисларнинг ҳам ўз ўрни мавжуд.

Шайх Исрофил Зоҳид Зоминий. Муҳаддис. Зомин шаҳрида таваллуд топган. Дастлабки илмларни Зомин шаҳрида олиб, кейинчалик Бухорога кўчиб ўтади ва у ерда муқим яшаб, илмий фаолият олиб боради. Ўз замонасида фиқҳ илми билимдони бўлиб, шайхулислом даражасига кўтарилган. У ҳақида фақиҳ Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Шоҳ Самарқандий шундай ҳикоя қилади: “Аллома ўз даврида фиқҳ илмининг устаси, солиҳ ва зоҳид зотлардан бири эди. У Муҳаммад ибн Ҳамдавайҳ Самарқандийдан ҳадислар ривоят қилган”[4:3/135]. Исрофил Зоҳид Зоминий 415/1024 йил Бухоро шаҳрида вафот этган.

Абул Фазоил Абдулқодир ибн Абдулхолиқ ибн Абдурраҳмон ибн Қосим ибн Фазл ибн Абдурраҳим ибн Ҳасан ибн Рабиъ ан-Навқадий. Муҳаддис. У 450/1058 йили Бароат кечасида Навқад қишлоғида таваллуд топган. У дастлабки хат-саводини ўз қишлоғида олиб, кейинчалик илм-маърифат талабида Бухоро ва сўнгра Макка шаҳарларида бўлади. У ҳақида Абу Саъд Самъоний шундай ёзади: “У ҳадисларни Бухоро шаҳрида буюк муҳаддис Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳайдара Жаъфарийдан, Макка шаҳрида эса Абу Абдуллоҳ Ҳасан ибн Али Табарийдан эшитиб ёзиб олган. Ундан ҳадисларни Абу Ҳафс ан-Насафий ривоят қилган. У Бухоро шаҳрига қайтиб келиб, илмий фаолият олиб боради ва 527/1133 йили оламдан кўз юмади[4:5/439 №10882].

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Асад ибн Товус аз-Зоминий. Муҳаддис. У Зомин шаҳрида таваллуд топган. У ҳақида Абул Аббос Мустағфирий шундай ҳикоя қилади: “Мен Хуросонга сафар қилган чоғимда у менга ҳамроҳлик қилиб, йўлда мендан айрилди ва Ироқ, Ҳижоз ва Мусалга сафар қилди. Шунингдек, у ҳадис эшитиш мақсадида Марв ва Сарахсда ҳам бўлган. У 415/1024 йили бошида Бухорода вафот этди”[5:2/143; 4:3/135]. Юқоридаги маълумотдан шундай хулоса қилиш мумкинки, Муҳаммад ибн Асад аз-Зоминий илм талабида Ироқ, Ҳижоз, Мусал, Марв ва Сарахс шаҳарларида бўлган. Сўнг  Бухорога қайтиб, шу ерда илмий фаолият олиб борган. У 415/1024 йил вафот этган[4:3/135; 5:2/143].

IX-XI асрларда Марказий Осиёдан етишиб чиққан алломаларнинг аксарияти ўз ватанидан йироқда, хусусан Бағдод шаҳри ҳамда бошқа араб диёрларида илмий фаолият олиб борган. Мазкур даврда шарқ халқлари фани ва маданиятидаги илмий юксалиш, шубҳасиз, кўп жиҳатлари билан Марказий Осиё олимларининг самарали ижоди туфайли вужудга келди[1:15].  Бу даврда диний илмлар соҳасидаги янги кашфиётларни қуйидаги уструшаналик муҳаддисларнинг хизматларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Абул Қосим Бакрон ибн Абдурраҳмон ал-Уструшаний ал-Бағдодий. Муҳаддис. У тахминан IX асрда Уструшанада туғилиб, шу ерда дастлабки илмни олади. Кейинчалик у илм талабида Бағдодга боради ва шу ерда илмий фаолиятини давом эттиради. У Бағдодда муқим яшаб қолгани сабаб уни Бағдодий нисбаси билан ҳам атаганлар. У ҳадисларни Абдулҳамид ибн Наҳшалдан ва ундан ҳадисларни Али ибн Исмоил Хўжандий орқали Абу Наср Азиз ибн Наср ибн Лайс ибн Абу Лайс Уструшаний ривоят қилган. Унинг таваллуд ва вафот саналари номаълум[3:№3569,6764].

Абу Иброҳим Исмоил ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Дизакий. Муҳаддис. У Дизакда туғилиб, кейинчалик илм талабида Макка ва Бағдод шаҳарларида бўлган. Муҳаддис ҳадисларни Макка шаҳрида Абул Аббос Аҳмад ибн Ҳасан Розийдан ривоят қилган. У 448/1056 йили вафот этган[6:67].

Абу ал-Ҳасан Юнус ибн Дулаф ибн Жаъфар Абу Бакр аш-Шиблий. Муҳаддис. Бағдодда таваллуд топиб, шу ерда илмий фаолият олиб борган. Унинг отаси машҳур мутасаввиф шайх Абу Бакр аш-Шиблийдир[4:3/419 №5792]. Мавжуд манбаларда унинг таржимаи ҳоли, мансаби ёки ўз давридаги мавқейи қандай бўлгани, ҳаттоки таваллуд ёки вафот этган саналари ҳақидаги маълумотларни учратмадик. Лекин отаси Абу Бакр аш-Шиблий ҳақида Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Шозон шундай таъриф беради: “Шиблий Уструшана аҳлидандир, у бир қишлоқ бўлиб, уни Шиблия дейилади. Унинг асли келиб чиқиши ўша ердан ҳамда унинг тоғаси Искандария амирларининг амири эди. … Унинг отаси халифа Муваффақнинг бош ҳожиби вазифасида ишлаган. Алломанинг ўзи эса шимолий Эрондаги Дамованд вилояти волийси этиб тайинланган. Шиблий ўша даврнинг энг буюк машойихларидан эди. Унинг номи тилларда достон бўлган. Аллома Шиблий 245/859-334/946 йили Зулҳижжа ойида 87 ёшида Бағдодда вафот этган. Унинг қабри “Язор” номи билан машҳур бўлиб, ҳозирда муқаддас қадамжолардан бири”[5:3/365;4:3/418-419;3:№7708]. Юқоридаги маълумотдан Юнус ибн Дулафни  245/859-334/946 йилдан кейин вафот этган деб белгилаш мумкин.

Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Юсуф ал-Харқоний. Муҳаддис. У Уструшананинг Харқон қишлоғида таваллуд топган ва дастлабки илмни ўз қишлоғида олган. Кейинчалик илм талаби билан жуда кўп шарқ мамлакатларида бўлган. У ўз замонасида Моҳ Андаржбеҳ номи билан танилган муҳаддис эди. У Жузжон ноҳиясининг Фарёб қишлоғида илмий фаолият олиб бориб, 500/1106 йили вафот этган[4:2/400].

Абул Ҳасан Бакр ибн Аҳмад ас-Соботий ал-Уструшаний. Муҳаддис. Собот қишлоғида таваллуд топган. Баъзи манбаларда куняси Абу Муҳаммад. Бағдодда илмий фаолият олиб борган. У ҳадисларни Фатҳ ибн Убайдуллоҳ Самарқандийдан ривоят қилган. Ундан ҳадисларни Абу Зарр Усмон ибн Муҳаммад ибн Мухаллид Тамимий Бағдодий ривоят қилган[6:111; 4:1/616; 5:3/188]. Мавжуд манбаларда унинг таржимаи ҳоли, мансаби ёки ўз давридаги мавқейи қандай бўлгани, ҳаттоки таваллуд ёки вафот этган саналари ҳақидаги маълумотларни учрамадик.

Хулоса. Ҳадис илмининг Уструшанада ривожланиши тарихи дастлаб саҳоба Саид ибн Усмон (ваф. 61/680 й.) бошчилигидаги даъватчи арабларнинг 57/677 йилда Уструшана ҳудудларига киргани, бу минтақага аввал бошданоқ катта эътибор қаратилганига далолат қилади. Шунингдек, келган даъватчилар орасида саҳоба Қусам ибн Аббос (р.з.) ҳам Уструшанага келиб, бу зотнинг сўнгги лаҳзалари Уструшананинг Шийракас қишлоғида кечгани ва жанозаси ҳам шу ерда ўқилгани, бу ҳудуднинг илмий ва диний марказ сифатидаги аҳамиятини янада равшан намоён қилади.

Ҳақиқатан ҳам, XI-XII асрларда Уструшана ҳадис илми соҳасида муҳим марказга айланган бўлиб, бу даврда кўплаб маҳаллий ва араб муҳаддислари фаолият юритган. Уструшананинг диний-маънавий муҳитида ҳадис илми нафақат диний амалиётни тарғиб қилиш, балки жамиятда инсонлар ўртасида ҳамжиҳатлик, одоб-ахлоқ ва тақводорликни шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутган. Манбалар таҳлилига кўра, ҳадислар аҳоли орасида кенг тарқалган бўлиб, уларнинг мазмуни соҳасига кўра турлича бўлган. Илм аҳли ўртасида эса кўпроқ таълим олиш ва илмга интилишга даъват этувчи ҳадислар афзалликка эга бўлган. Зоҳид ва сўфийларнинг айрим қатламлари зуҳд ва тақвога чақирувчи ҳадисларни тарғиб қилган. Бу ҳолат ҳадислар ижтимоий ва маънавий соҳаларда турлича қўлланганини кўрсатади.

Уструшаналик муҳаддисларнинг биографияси ва ривоят қилган ҳадислари таҳлили натижасида уларнинг барчаси ҳанафий мазҳабига мансуб экани аниқланган. Шунингдек, айрим муҳаддисларнинг араб бўлиши ҳадис илмида халқаро таъсир ва маданий алоқалар мавжудлигидан дарак беради. Ҳадисларда маҳаллий аҳоли билан араб муҳожирларнинг тенг ҳуқуққа эга экани, улар фақатгина бир-биридан тақво ва ихлос билангина устун бўла олиши тарғиб қилинган. Бу ғоялар ижтимоий тенглик тушунчасини мустаҳкамлаб, жамиятда барқарорликни таъминлашга хизмат қилган.  Шу тариқа, Уструшанада XI-XII асрларда ҳадис илмининг ривожланиши нафақат диний билимлар тақдимоти, балки ижтимоий ва маънавий ҳаётнинг муҳим таркибий қисми ҳам бўлиб хизмат қилган. Ушбу даврда ҳадислар жамиятдаги маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришда ва халқ ўртасида диний-ижтимоий ғояларни тарқатишда самарали восита ҳисобланган.

Уструшанада ҳадис илмининг шаклланиши ва ривожланишини қўшни ҳудудлардан айро ҳолда ўрганиш имкони йўқ эди. Чунки аксарият муҳаддислар она ватани сифатида Уструшанани кўрсатган бўлса-да, илмий фаолиятини Марказий Осиёнинг Шош, Самарқанд, Бухоро каби йирик илмий марказларида, шунингдек, мусулмон оламининг асосий илмий марказлари – Ҳижоз (Макка, Мадина), Ироқ (Куфа, Басра, Бағдод), Шом (Дамашқ), Миср каби шаҳарларда ҳам олиб борган. Ушбу шаҳарлардаги илмий муҳит ва уламолар билан яқин алоқалар орқали Уструшанада ҳам ҳадис илми соҳасида ривожланиш кузатилган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абдуҳалимов Б.. “Байт ал-ҳикма” ва Марказий Осиё олимларининг Бағдоддаги илмий фаолияти. – Т.: “O‘zbekiston”, 2010.
  2. Рахимджанов Д.А. Абу Ҳафс ан-Насафийнинг “Китоб ал-қанд фи маърифат уламо Самарқанд” асари – Самарқандда ҳадис илми тарихи бўйича муҳим манба. Тар. фан. номз. … дис. – Т., 2003.
  1. أبو بكر أحمد بن على الخطيب البغدادى. تاريخ بغداد أو مدينة السلام. ١٤ مجلدا. تحقيق مصطفى عبد القادر عطا. ط. دار الكتب العلمية – بيروت. ١٩٩٧ م.
  2. 4. أبو سعد عبد الكريم بن محمد بن منصور التميمى السمعانى. «الأنساب». ط. مجلس دائرة المعارف العثمانية، حيدر آباد. الطبعة: الأولى، ١٣٨٢ \ ١٩٦٢.
  3. أبو عبد الله ياقوت الحموي. معجم البلدان. طهران ۱٩٦۵ م.
  4. أبو حفص عمر بن محمد النسفي. القند فى ذكر علماء سمرقند. تحقيق: نظر محمد الفريابي. المملكة العربية السعودية. مكتبة الكوثر، 1991 م.
  5. تقي الدين بن عبدالقادر المصرى.الطبقات السنية فى تراجم الحنفية. تحقيق: عبد الفتاح محمد الحلو. دار الرفاعي. الرياض. 1403هـ — 1983 م.
  6. شهاب الدين أبو الفضل أحمد بن علي بن محمد العسقلاني ثم المصري الشافعي. الدرر الكامنة في أعيان المئة السامنة. دائرة المعارف العثمانية بحيدر آباد الدكن – الهند. عدد الأجزاء: ٦. الطبعة: الثانية.١٣٩٢ \ ١٩٧٢ .
  7. شمس الدين محمد بن أحمد بن عثمان الذهبي. سير اعلام النبلاء. 23 مجلد. التحقيق: محب الدين أبو سعيد عمر الأمروي. دار الفكرظ بيروت. 1997 م.
  8. عبد القادر بن محمد النعيمي الدمسقي. الدارس فى تاريخ المدارس. المحقق: إبراهيم شمس الدين . الناشر: دار الكتب العلمية. الطبعة: الأولى ١٤١٠/١٩٩٠.
  9. محيي الدين القادر بن أبى وفاء القرشى. الجواهر المضيئة في طبقات الحنفية. هجر للطباعة والنشر والتوزيع والاعلان 1993 م.
1]Самарқандда 1000 дан ортиқ, Бухорода 600 дан ортиқ. Насафда 400дан ортиқ. Қолган 1000 муҳаддисдан 70 дан ортиғи Шошда, 60 дан ортиғи Фарғонада, яна шунчаси Кешда, 50 дан ортиғи Термизда, 40 дан ортиғи Хоразмда, шу билан бирга Уструшана, Дабусия, Кушония ва бошқа маҳаллий минтақаларда фаолият олиб борганлар.
[2]Абу Саад ал-Можармий, Асад ибн Али ибн Тиғрил Можармий, Наср ибн Ясор Довадий, Умар Можармий, Собир ибн Мутаваккил Можармий, Шуайб ибн Кунжал Можармий.
[3] Зубайр ибн Аввом ал-Асадий ал-Қураший  милодий 594 йил Маккада туғилиб, 36/656 йил вафот этган. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг аммасининг ўғли, Хадича бинт Ҳувайлид (р.з.)нинг акасининг ўғли, жаннат башорат қилинган ашараи мубашширанинг бири, Абу Бакр (р.з.)нинг қизи Асмо (р.з.)нинг турмуш ўртоғи [9:1/41].
Муслим АТАЕВ,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети
ўқитувчи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Имом Бухорий сабоқлари” журнали 2025-йил 3-сонидан олинди.

Check Also

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЗИЁРАТ ТУРИЗМИ СОҲАСИДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ

(Туркия Республикаси билан ҳамкорлик мисолида) Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлик алоқаларида зиёрат туризми муҳим ўрин тутади. …