Жамият тараққиёти ва миллат келажаги бевосита ёш авлоднинг қандай тарбия топишига боғлиқдир. Ёшларни маънан етук, ватанпарвар, билимли ва одобли қилиб тарбиялашда ислом динининг муҳим манбаларидан бири бўлган ҳадисларнинг аҳамияти беқиёс.
Ҳадислар – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари, маъқуллаган ё тақиқлаган ишларини ўз ичига олган бўлиб, улар инсон ҳаётининг барча жабҳалари ва охирати учун манфаатли кўрсатма ва йўл-йўриқларни тақдим этади.
Ҳадислар инсонни маънавий-ахлоқий комилликка етакловчи муҳим дастуруламалдир. Уларда шахснинг маънавий камолоти, ахлоқий фазилатлари ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур бўлган асосий тамойиллар ўз ифодасини топган. Хусусан, соф ният, гўзал хулқ, илм орттириш, ота-онага эҳтиром, оилавий қадриятларга садоқат, меҳр-оқибат, ҳалоллик, адолатпарварлик ва бошқа юксак инсоний фазилатлар ҳадисларда кенг тарғиб этилган. Шу жиҳатдан олганда, ҳадислар нафақат диний таълимот манбаи, балки баркамол инсонни тарбиялашга хизмат қилувчи муҳим маънавий-ахлоқий дастур сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида ҳар бир амалнинг қиймати ва Аллоҳ таоло ҳузурида қабул қилиниши, аввало, инсоннинг ниятига боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаганлар.
عَنْ عَلْقَمَة بْنَ وَقَاصِ اللَّيْثِيَّ يَقُولُ: سَمِعْتُ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَلَى الْمِنْبَرِ قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، … «[1] رواه البخاري
Алқама ибн Ваққос Лайсийдан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир…”, деганларини эшитдим”, деб айтди”, деди (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадис исломнинг моҳиятини ифодаловчи муҳим ривоятлардан бири бўлиб, динимизнинг аксар ҳукмлари учун пойдевордир. Уламоларнинг у ҳақда айтган сўзлари бунга ёрқин далил бўлади.
Имом Абу Довуд: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир” ҳадиси исломнинг ярмидир. Негаки дин ё зоҳирда, ё ботинда бўлади. Зоҳирда кўринадигани амал, ботиндагиси эса ният бўлади”, деган.
Имом Аҳмад ва Имом Шофеъий: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир” ҳадисига илмнинг учдан бири дохил бўлади. Негаки, банданинг амаллари қалби, тили ва қолган аъзолари билан касб қилинади. Қалб билан ният қилиш айни шу уч қисмдан биридир”, деб айтган.
Кўпчилик ниятни оддий истак, майл деб ўйлаши мумкин. Лекин асл ният – бу қалбнинг қарори ва инсонни ҳаракатлантирувчи ички турткидир. Ният билан инсон бир ишни нима мақсадда қилаётганини қалбида белгилаб олади. Шу боис ният инсон ҳаётидаги барча ишларнинг рукни ҳисобланади.
Масалан, инсон илм олиш учун ўқиши мумкин. Унинг мақсади тўғри йўлни топиш, Аллоҳнинг розилигига эришиш, ўзига, оиласи ва жамиятга фойда келтириш бўлса, бу ибодатга айланади. Аммо фақат обрў, мансаб ёки одамларни лол қолдириш учун бўлса, у савобдан маҳрум қолади. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз амалларининг ташқи кўриниши билан бирга, уларнинг ички мақсади – нияти (қалбининг раъйи) ва ихлосига ҳам алоҳида эътибор қаратиши зарур. Чунки, ислом таълимотида ният ҳар қандай амалнинг асосини ташкил этувчи муҳим маънавий омил сифатида эътироф этилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоннинг қадри унинг бойлиги ё мавқеи билан эмас, балки гўзал хулқи ва яхши амаллари билан белгиланишига ҳам алоҳида урғу берганлар.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا، قَالَ: لَمْ يَكُنِ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَاحِشًا وَلَا مُتَفَحِّشًا وَكَانَ، يَقُولُ:»إِنَّ مِنْ خِيَارِكُمْ أَحْسَنَكُمْ أَخْلَاقًا.»[2] رواه البخاري.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш (қабиҳ) ишларни қилувчи ва ҳеч қачон фаҳш сўзларни сўзловчи эмас эдилар. У зот: “Энг яхшиларингиз ахлоқи яхшиларингиздир”, дер эдилар”, деди (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадис ёшларни юксак одоб-ахлоқ соҳиби бўлишга ундайди ва уларда атрофдагиларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, самимийлик, бағрикенглик ва инсонийлик каби муҳим маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, ҳадисларда илм олиш ва маърифатли бўлиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Илм инсонни жаҳолат ботқоғидан чиқариб, маънавий камолот сари етаклайдиган муҳим омил сифатида талқин этилади. Шу боис Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илм ўрганишни ҳар бир инсоннинг муҳим вазифаларидан бири сифатида таъкидлаганлар.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم: «طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ… .»[3] رواه ابن ماجه.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир…”, дедилар” (Ибн Можа ривояти).
Бу ҳадисда ҳар бир мусулмон илм олишни ўзи учун фарз деб билиш кераклиги таъкидланган. Исломда бу бешикдан то қабргача бўлган муддатни, яъни инсоннинг бутун умрини тўлиқ қамрайди. Бундай даъват эса ёшларни мунтазам ўқишга, изланишга ва ўз устида ишлашга чорлайди.
Илм-фан ва технологиялар жадал ривожланаётган бугунги шароитда ҳадислардаги илмга чорлов ғоялари янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Ёшлар бу таълимот асосида замонавий билимларни эгаллаб, ҳозирнинг ўзидан жамият равнақига муносиб ҳисса қўшиши мумкин.
Ҳадисларда ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг розилигини олиш ва мудом хизматида бўлиш, “уф” демаслик ва миннат қилмаслик фарзанднинг гуноҳи кабираларига каффорат бўлиши айтилган.
عَنْ عَطاء بِن يَسار، عَنْ ابنِ عبَّاسٍ أنَّهُ أتاهُ رجلٌ فقال: إنِّي خطبتُ امرأةً فأبَتْ أن تَنكِحَني، وخطبَها غَيري فأحبَّتْ أن تنكِحَهُ، فغِرْتُ علَيها فقتلتُها، فهلْ لي مِن تَوبةٍ؟ قال: أُمُّكَ حيَّةٌ؟ قال: لا، قال: تُبْ إلى اللهِ عزَّ وجلَّ، وتقرَّبْ إليهِ ما استطعتَ. فذهبتُ فسألتُ ابنَ عبَّاسٍ: لِمَ سألتَهُ عن حياةِ أُمِّهِ؟ فقال: إنِّي لا أعلمُ عملًا أقربَ إلى اللهِ عزَّ وجلَّ مِن برِّ الوالدةِ.[4]» رواه البخاري
Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдига бир киши келиб: “Бир аёлга совчи қўйдим. У менга тегишдан бош тортди. Бошқа бир киши совчи қўйган эди, уни маъқул кўрди. Рашким қўзиб, у аёлни ўлдириб қўйдим. Тавба қилишимнинг бирор (имкони) борми?” деб сўради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Онанг ҳаётми?” деди. У: “йўқ”, деди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва Унга қўлингдан келганича муқарраб (яқинроқ) бўл”, деди. Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳу айтади: “Ибн Аббоснинг олдига бориб: “Нима учун ундан “Онанг ҳаётми?” деб сўрадингиз?” дедим”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳга муқарраброқ (яқинлаштирадиган) бирор амални билмайман”, деб жавоб берди (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадиснинг асосий мазмуни шуки, ҳар қанча катта гуноҳ қилган бўлса ҳам инсон учун тавба эшиги очиқ. Қотиллик қилган киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан жазо эмас, балки тавба ҳақида сўраган. Лекин унутмаслик керакки, тавбанинг фақат тилда айтиш билан чекланмайди, балки гуноҳ учун астойдил пушаймон бўлиш, бундай ишлардан бутунлай юз ўгириш, қайтиб қўл урмасликка азм қилиш ва яхшиликларни кўпайтириш билан мукаммал бўлади.
Ибн Аббос аввал онаси ҳаётми-йўқми эканини сўраяпти. Чунки онага яхшилик қилиш Аллоҳга яқинлаштирадиган энг улуғ амал бўлиб, она ҳаққининг нақадар юксак эканини кўрсатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилишни Ўзига ибодат қилиш билан бир қаторда амр этган. Айниқса, она ҳомиладорлик ва тўлғоқ изтиробларини, тарбия машаққатларини бошидан кечиргани учун унинг ҳаққи янада улуғдир. Шу боис онаси вафот этганини билгач, унга чин дилдан тавба қилишни ва кўп яхши амаллар қилишни тавсия қилган.
Ушбу ҳадис ёш авлод тарбияси нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. У ёшларни ота-онага, айниқса, онага меҳрли бўлишга, гуноҳлардан сақланишга, хатога йўл қўйилганда эса, умидсизликка тушмасдан, чин дилдан тавба қилишга ва ҳаётини яхши амаллар билан безашга чорлайди. Онанинг ҳақлари қай даражадалигини кўрсатиб, волидага яхшилик қилиш ҳатто қотилликдек улкан гуноҳнинг ҳам кечирилишига сабаб бўлишини англатади. Шунингдек, инсоннинг Аллоҳга яқинлашишида энг улуғ воситалардан бири она розилигини олиш ва унга мудом яхшилик қилиш эканини кўрсатади.
Мухтасар айтганда, ҳадислар ёш авлод тарбиясининг муҳим маънавий пойдевори ҳисобланади. Ёшларнинг ахлоқли, билимли, меҳнатсевар, ватанпарвар ва масъулиятли инсонлар бўлиб вояга етишига ёрдам беради. Шунинг учун жамиятда ҳадислардан самарали фойдаланиш баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





