Home / МАҚОЛАЛАР / ҚИМОР ВА УНИНГ ЗАРАРЛАРИ

ҚИМОР ВА УНИНГ ЗАРАРЛАРИ

Қимор ўйинлари инсоннинг ҳеч қандай қийинчиликсиз, осон фойда олиш истагининг натижаси бўлиб, исломда энг хавфли саналган, тақиқланган ишлардан биридир. Хўш, ўзимизни бу гуноҳдан қандай ҳимоя қилишимиз мумкин, динимизнинг бу борадаги ҳукми қандай?!

Ҳеч қачон унутмаслик керакки, жиловланмаган нафс, очкўзлик ҳар доим ўз эгасини ҳалокатга олиб боради.

Кишига фойда ё зарар келтирадиган ҳар қандай ўйин қимордир. Қимор – ноҳақдан бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш, бошқалар билан шерикликда ўғрилик қилишдир. Жамият учун фалокат саналадиган қимор шундай ботқоқки, унда ғолибнинг ўзи бўлмайди. Чунки тақиқланган нарсадан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Ютганлар пулини олдирган кишиларнинг мусибати ва оилаларнинг парокандалигига сабаб бўлгани учун катта гуноҳга ботади. Яъни, пировард натижа барибир ёмон бўлади.

Парвардигор яхши ишлар учун ато этган моддий воситалардан фойдаланиш ўрнига қимор ўйнаган одам ҳам Аллоҳнинг неъматига куфр қилган бўлади, ҳам ўзи билан бирга кўплаб инсонларнинг тақдирини барбод қилади.

Афсуски, бугунги кунда қимор ўйинлари жамиятда худди қонунийдек тус олиб, кенг тарқалмоқда. Қиморбозликнинг айрим турлари ўйин-кулги ва вақтни чоғ ўтказиш шакли сифатида қўллана бошлади. Баъзан уларнинг қимор экани унутилиб, бўлажак оғир азобнинг маънавий оғриғи сезилмай ҳам қоляпти. Бошқача айтганда, баъзилар бу қилмиш учун кутилаётган муқаррар жазони, жуда хунук оқибатни ўйламай қўймоқда.

Ислом бундай жирканч ишлардан кескин қайтаради. Аллоҳ таоло қиморни ҳаром қилинган нарсалар орасида бундай зикр этади: “Эй имон келтирганлар! Албатта, май, қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўртангизга адоват ва нафрат солишни, сизларни Аллоҳнинг зикри ва намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (бу ишлардан) тўхтарсиз!” (Моида сураси, 90-91-оятлар).

Ҳақ таоло бандаларини нимадан қайтарган бўлса, зарарли бўлгани учун шундай қилган. Аммо кўпчилик Яратганнинг амрини қўйиб, ўзининг душмани бўлган, нафсини қитиқлаган шайтонга эргашади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто қиморга жалб қилишнинг ўзини ҳам оғир гуноҳ деб ҳисоблаганлар ва олдини олиш учун бундай деганлар: “Ким қасам ичса-ю, онтида “Лотга қасам”, “Уззога қасам” деса, дарҳол “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деб олсин! Ким шеригига “Кел (юр), сен билан қимор ўйнаймиз” деса, дарҳол садақа қилиб юборсин!” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисда қимор жоҳилият давридаги амаллардан бўлган Лот ва Уззо санамлари билан қасам ичиш – ширк амаллар билан бир қаторда зикр қилиняпти. Бу эса, қиморнинг аниқ ҳалокат эканини билдиради. Ўйнаш тугул, унга шунчаки чақириш ҳам каффорат талаб қиладиган амал экан.

Бугунги кунда қимор ўйинларида қатнашиш шунчалик осон бўлиб, назоратдан чиқиб кетдики, ҳатто болалар орасида ҳам тарқаляпти. Бу эса келажак учун катта хавф туғдиради. Чунки қиморбозлик воситасида “белини оғритмай” пул топишга мойил бўлиб қолган болалар улғайган сари ҳар ерда осонликча пул топиш йўлларини излайди. Бунда касбнинг ҳам аҳамияти бўлмай қолади. Бизнес билан шуғулланса, тезроқ бойиб кетишга интилади; сиёсатга аралашса, ғирромлик билан нуфуз қозонишга уринади. Энг ёмони, бундай интилишлар уларни турли адолатсизлик ва гуноҳларга етаклайди.

Дам олишга, бўш вақтини хуш ўтказишга ҳамманинг эҳтиёжи бор. Инсон фаришта эмас. Аммо кўнгилочар машғулотларга келганда, шариат белгилаган чегарадан ошмаслик асосий шартдир.

Бошқа томондан, одамларнинг даромади омад ва тасодифга эмас, балки ўзининг меҳнати ва пешона терига асосланган бўлиши керак. Аллоҳ таоло: “Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур” (Нажм сураси, 39-оят), дейди. Яъни, мулк ҳалол йўл билан орттирилмаган, кишининг ўз саъй-ҳаракати натижасида қўлга киритилмаган бўлса, у пок насиба ҳисобланмайди ва ҳар қандай ҳаром нарса учун бўлгани каби унинг учун ҳам жавоб беришга тўғри келади.

Муҳим жиҳат шундаки, бошқаларнинг мол-мулкини ғайриқонуний ва шаръан жоиз бўлмаган йўллар билан ўзлаштириш ҳаромдир. Ҳақ таоло: “Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (Нисо сураси, 29-оят), деб буюрган.

Жамиятнинг барча аъзолари кун бўйи қимор ўйнаш билан машғул бўладиган бир ҳолатни тасаввур қилайлик. У таназзулга юз тутиши аниқ. Буни изоҳлашга ҳам ҳожат йўқ. Энди аксини фараз қиладиган бўлсак, бундай ўйинлар жамият ҳаётидан суриб чиқариб ташланса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Ҳалоллик йўқолса, қандай фалокатлар юз бериши аён, адоват, фитна, хунрезлик – ҳаммаси шундан келиб чиқади. Шунинг учун эзгу ишларни кўпайтириш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги жамиятда имон ва ахлоқ емирилишининг энг ўткир сабабларидан бири – бу қимор балосидир. Замонамизнинг “учар” маркетологлари, одамлар ва жамиятларнинг тақдири эмас, фақат ҳамёнини ўйлайдиган “шоввозлар” уни шу даражага етказдики, қимор гўё ҳалол ва мумкиндек тақдим қилинмоқда. Бу эса амалнинг бузилиши – тўғрисининг ўрнини эгриси эгаллашидан ҳам оғирроқ оқибатга олиб келиб, бевосита имонга зарар етказмоқда.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТДА ҲАЛОЛЛИК ВА РОСТГЎЙЛИКНИНГ АҲАМИЯТИ

Ҳалоллик ва ростгўйлик инсоннинг шахсий фазилатлари бўлиш билан бирга, оила мустаҳкамлиги, жамият тараққиёти ва ижтимоий …