Ҳалоллик ва ростгўйлик инсоннинг шахсий фазилатлари бўлиш билан бирга, оила мустаҳкамлиги, жамият тараққиёти ва ижтимоий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлайдиган муҳим миллий, диний, маънавий-ахлоқий қадриятлардир. Инсонлар ўртасида ўзаро ишонч, адолат, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик қарор топиши кўп жиҳатдан ҳар бир шахснинг ҳалоллик ва ростгўйлик тамойилларига қай даражада амал қилишига боғлиқ. Шу маънода, бу икки хислат нафақат шахсий хулқ-атвор меъёри, балки оила ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантирувчи муҳим омил ҳисобланади.
Ислом динида ҳалоллик ва ростгўйликка инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи муҳим тамойиллар сифатида қаралади. Ҳалол ва ҳаромни фарқлаш, шубҳали ишлардан сақланиш, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмаслик, ростгўй ва адолатли бўлиш инсоннинг нафақат шахсий камолоти, балки жамият олдидаги масъулиятини ҳам белгилайди.
Ҳалоллик ва ростгўйлик инсоннинг маънавий бойлигини, юксак ахлоқий фазилати ва комилликка интилишини намоён этувчи муҳим мезонлар ҳисобланади. Бундай инсон сўзи ва амалида ҳақиқатга содиқ бўлади, ҳар қандай вазиятда ҳам адолат ва виждонийлик тамойилларига риоя этишга ҳаракат қилади. Шу билан атрофдагиларнинг ишонч ва ҳурматини ҳам қозонади.
Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифларида инсонларни ҳалоллик ва ростгўйликка даъват қилиш, ҳар доим ҳалол бўлишга ундаш, алдов ва ёлғон гувоҳлик беришдан қайтаришга алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, ҳалоллик ва ростгўйлик инсоннинг маънавий камолотини, имони мустаҳкам ва ахлоқи гўзаллигини намоён этувчи энг муҳим фазилатлардир. Ҳаром ва ёлғон эса нафақат шахснинг обрўси ва унга ишончини емиради, балки жамиятда ўзаро ишончсизлик, адоват ва низолар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 105-оятида бундай марҳамат қилган:
إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِآَيَاتِ اللَّهِ وَأُولَئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ
“Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир”.
Бу ўринда ёлғоннинг қанчалик оғир маънавий иллат экани баён қилиниб, унинг Аллоҳнинг оятларига муносабат билан боғлиқ жиҳати кўрсатиб бериляпти. Оятнинг нозил бўлиш сабаби Макка мушрикларининг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан турли асоссиз даъволарни илгари сургани, жумладан, у зотни ёлғончиликда айблаганидир. Улар Қуръони каримни гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тўқиб чиқаргани тўғрисида асоссиз даъволарни илгари сурган. Қуръони карим эса бундай иддаоларни очиқ-ойдин рад этган.
Аслида ёлғонни фақат имонсиз кишиларгина тўқийди. Чунки, мўмин киши ёлғонни катта гуноҳ деб билади. Ёлғон сабабли қиёматда азобга қолишдан қўрқади. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда ростгўй бўлишга интилади. Ҳатто ўз манфаатига зид бўлган ҳолатларда ҳам ҳақиқатни айтишни афзал билади. Зеро, ҳақиқий имон инсонни фақат ибодатларга эмас, балки юксак ахлоқий фазилатларга ҳам ундайди.
Ислом таълимотида ҳалоллик ва тўғрисўзлик мақталган, ёлғон гапириш ва ҳақиқатни яшириш кескин қораланган. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
عَنْ عَبْدِ اللهِ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “عَلَيْكُمْ بِالصِّدْقِ، فَإِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ، وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ، وَإِنَّ الرَّجُلَ يَصْدُقُ, حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللهِ صِدِّيقًا، وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ، فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ، وَالْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ، وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَكْذِبُ, حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللهِ كَذَّابًا“.( رواه الامام البخاري)
Абдуллоҳ (ибн Масъуд) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйликни ўзингизга лозим тутингиз (ростгўй бўлингиз)! Чунки, ростгўйлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши доим рост гапирса, Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” (ўта ростгўй) деб ёзиб қўйилади. Ёлғондан сақланинг! Чунки, ёлғон фожирликка (гуноҳ ва бузуқликка) етаклайди, фожирлик эса дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида “каззоб” (ўта ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ростгўйлик ва ёлғончиликнинг инсон ахлоқи, маънавий ҳаёти ва охиратига қай даражада таъсир қилишини очиқ тарзда баён қилиб беряптилар. Ҳадис мазмунидан англашиладики, инсоннинг жаннатга ёки дўзахга тушишида унинг тили, яъни ростгўйлиги ё ёлғончилиги ҳал қилувчи омиллардан экан.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол ва ҳаром ўртасидаги шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва обрўйини пок сақлаши борасида бундай марҳамат қилганлар:
عَنْ النُّعْمَان بْن بَشِيرٍ يَقُولُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: “الْحَلَالُ بَيْنَ وَالْحَرَامُ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُمَا مُشَبَّهَاتٌ لَا يَعْلَمُهَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الْمُشَبَّهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ…“. ( رواه الامام البخاري)
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: “Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар буни билмайди. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйини пок сақлайди…” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ўринда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни эҳтиёткорлик ва покликка даъват этмоқдалар. Чунки, ҳалоллик тамойилларига амал қилган инсон ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида, жумладан, сўзида, оилавий муносабатларида, таълим олишда, меҳнат фаолиятида ва жамиятдаги ўзаро муносабатларида адолат, поклик ва ростгўйликка интилади. Ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилади, бировнинг мол-мулки ёки меҳнатининг маҳсулига тажовуз қилмайди, алдов, хиёнат ва манфаатпарастликдан узоқ бўлишга ҳаракат қилади. Бундай фазилатлар инсоннинг шахсий обрў-эътиборини юксалтириш билан бирга, жамият аъзолари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлайди.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳалоллик ва ростгўйлик ижтимоий ҳаётнинг барқарорлигини, инсонлар ўртасидаги ишонч ва жамият тараққиётини таъминловчи муҳим маънавий-ахлоқий асосдир. Ислом таълимотидаги ҳалоллик, ростгўйлик, адолат ва омонатдорликка оид кўрсатмалар бу қадриятларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни нақадар муҳим эканини кўрсатади. Ҳар бир инсон ўз ҳаёти ва фаолиятида ҳалоллик, ростгўйлик, адолат ва виждонлиликни устувор тамойилга айлантирса, жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш имконияти ортади.
Шу боис ҳалоллик ва ростгўйликни шахсий фазилатлар сифатидагина эмас, балки ижтимоий тараққиётнинг муҳим шарти сифатида англаш ва уларни кундалик ҳаётга изчил татбиқ этиб бориш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





