Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Мисрнинг Ал-Азҳар университети ҳамкорлигида 18 август куни «Ал-Азҳар ва Мовароуннаҳр уламолари: Илм-фан ва маданий алоқалар кўприги» мавзусида халқаро онлайн илмий семинар бўлиб ўтди.

Илмий мулоқотда IRCICA, Индонезиянинг Жакарта Қуръон илмлари институти, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Ҳадис илми мактаби, қатор олий таълим муассасалари вакиллари ҳам иштирок этди.

Тадбирда Ал-Азҳар университети Усулуддин ва исломий даъват факультети декани, профессор доктор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон Абдулҳалим маъруза қилиб, Мовароуннаҳр уламоларининг Миср олимлари билан илмий алоқалари, қўлёзма манбаларни асраш ва уларни замонавий тадқиқотларга жалб этиш ҳақида сўзлади. Хусусан, “Тафсири Насафий” узоқ йиллар давомида ўқув дастурларидан жой олганини, бугунги кунда ҳам Ал-Азҳар университетида ўқитилаётганини қайд этди.
Мисрлик олим Имом Бухорий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Баракот Насафий ва Имом Термизий каби буюк алломаларнинг Ислом цивилизацияси тараққиётидаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, Имом Бухорий ровийлар, санад ва ривоятлар ўртасидаги фарқлар ва ҳадислардаги иллатларга ўта синчковлик билан ёндашганини, ҳадис ва фиқҳ масалаларини уйғун ҳолда ўрганганини таъкидлади. Имом Термизий меросида эса ҳадисларни таснифлаш, ровийлар ҳақида маълумот келтириш, турли ривоятларни таққослаш ва уламоларнинг фиқҳий қарашларидаги фарқларни кўрсатиш каби муҳим илмий услублар мужассам эканини қайд этди.

Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон аждодлар меросини асраш, каталоглаштириш, рақамлаштириш ва илмий тадқиқ қилиш ҳақида сўзлар экан, қатнашчиларни Ал-Азҳар кутубхонасида қўлёзмаларни тиклаш ва муҳофаза қилиш борасидаги ишлар билан таништирди. Бу борада нодир манбаларни фақат тарихий ёдгорлик сифатида сақлаш эмас, балки замонавий илмий жараёнларнинг фаол қисмига айлантириш зарурлигига эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бунинг учун «қўлёзма – таҳқиқ – таълим – илмий тадқиқот – татбиқ» занжири асосида ишлаш муҳимлигини қайд этди.

Семинарда Ўзбекистон илмий-тадқиқот муассасалари билан Ал-Азҳар ўртасидаги илмий алоқаларни янада ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Мовароуннаҳр уламоларининг бой мероси қўшма тадқиқотлар, қўлёзмаларни каталоглаштириш, илмий нашрлар тайёрлаш, таълим дастурлари ишлаб чиқиш учун муҳим асос бўлиши таъкидланди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





