Саёҳат Ислом динининг икки асосий манбаи бўлган Қуръони карим ва Суннатда кўп бора тарғиб этилган, аҳамияти алоҳида таъкидланган амаллардан бири сифатида намоён бўлади. Ҳатто айрим тадқиқотчилар Исломда саёҳатнинг илдизлари «диннинг ўзи каби қадимий» эканини таъкидлаб, бу ҳодиса Ислом анъаналарига кейинчалик кириб келмаганини, балки диннинг пайдо бўлиши билан бирга исломий ҳаёт тарзининг ажралмас қисмига айланганини қайд этадилар.
Дарҳақиқат, Қуръони каримнинг олти алоҳида оятида инсонлар ер юзи бўйлаб саёҳат қилишга, айниқса, ўтмишда яшаб ўтган халқларнинг турмуш тарзи, тарихи ва бошларидан кечирган воқеаларини ўрганиб, улардан ибрат олишга даъват этилади:
« Сизлардан илгари кўп (ибратли) воқеалар бўлиб ўтган. Ер юзи бўйлаб сайр қилинглар ва (ҳақни) ёлғонга чиқарганларнинг оқибати қандай бўлганини кўринглар!» (Оли Имрон, 137-оят).
Шунингдек, Қуръони каримнинг яна олтита оятида ер юзида саёҳат қилган бўлсалар-да, ундан тегишли хулоса ва ибрат чиқармаган қавмлар танқид остига олинади. Бу борада қуйидагича марҳамат қилинади:
«Ахир, (одамлар) ер юзида саёҳат қилиб, ўзларидан аввалги (имонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?» (Юсуф, 109-оят).
Ҳар икки гуруҳ оятларда ҳам инсоннинг амалга оширган ёки оширадиган саёҳатлари орқали тарихий онг ва тафаккурга эга бўлиши, бу англаш жараёни эса унинг иймонини мустаҳкамлаб, Аллоҳга бўлган итоатини янада кучайтириши мақсад қилинган. Бироқ бундан ҳам эътиборли жиҳати шундаки, Қуръони каримда инсоннинг муайян идрок даражасига, соғлом тафаккур ва онгли дунёқарашга эришишида ҳам саёҳатнинг муҳим аҳамият касб этишига ишора қилинади. Жумладан, қуйидаги оятда шундай дейилади:
«Ахир, улар (Макка мушриклари) ер юзида сайр қилмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун онгли диллар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди». (Ҳаж, 46-оят).
Қуръони карим инсоннинг онг ва идрок даражасини юксалтириш, бинобарин, иймон ва итоатини мустаҳкамлашда саёҳатнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаган бўлса, «Саёҳат қилинглар, саломат бўлинглар» мазмунидаги ҳадис ҳам саёҳатнинг инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатишини ифода этади. Шу тариқа мазкур ҳадис бир томондан Қуръонда илгари сурилган ушбу қарашни қўллаб-қувватласа, иккинчи томондан саёҳатнинг инсон руҳиятига кўрсатадиган маънавий таъсири билан бир қаторда, унинг жисмоний ва биологик жиҳатдан ҳам фойдали эканига эътибор қаратади.
Шунингдек, Тавба сурасининг «(Улар) тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд (шукрона) айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ этувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюрувчилар, ёмонликдан қайтарувчилар ва Аллоҳнинг ҳудуди (буйруқлари)ни риоя қилувчилардир. Мўминларга хушхабар беринг!» мазмунидаги 112-оятда ҳам саёҳат тушунчаси тавба, ибодат, ҳамд, рукуъ ва сажда каби диний амаллар билан бир қаторда зикр этилиб, юксак мақомга кўтарилади.
Бошқа томондан, Ислом фиқҳида сафар ва мусофирликка оид ишлаб чиқилган ҳукмлар ҳам саёҳатнинг рағбатлантирилганини яққол намоён этади. Хусусан, мусофирларга намоз ва рўза каби диннинг асосий ибодатларини адо этишда муайян енгилликларнинг берилиши бу қарашнинг энг муҳим далилларидан ҳисобланади. Мазкур омилларнинг барчаси саёҳат Исломнинг илк даврлариданоқ мусулмонлар ҳаётида муҳим ўрин эгаллаганини кўрсатади.
Дарҳақиқат, бир тарихчи ўрта аср мусулмон олимлари ҳаётида саёҳатнинг тутган ўрнини қуйидагича тасвирлайди:
«Ўрта асрларда яшаган Ислом олимлари саёҳатга жуда ишқибоз эдилар. Улар саёҳат маданиятини ҳам катта иштиёқ билан ривожлантирганлар. Уларнинг кўпчилиги учун саёҳат ҳаётларидаги энг муҳим синов эди. Чеккан машаққатлари уларни олимлик мартабасига етказгани боис, саёҳат қийинчилик ва азоб-уқубатларга сабр қилиш тажрибаси билан уйғунлашган маънавий ўзгариш жараёни сифатида қабул қилинган. Улар саёҳатни самарали илмий фаолиятга тўсқинлик қилувчи юк ёки машаққатли мажбурият сифатида баҳолашга асло хайрихоҳ бўлмаганлар».
Аслида, саёҳат ўз моҳиятига кўра ҳар доим муайян қийинчилик ва машаққатларни келтириб чиқарган. Ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам: «Сафар азобнинг бир бўлагидир», дея марҳамат қилиб, саёҳат давомида юзага келадиган қийинчиликларга эътибор қаратганлар. Шунга қарамай, мусулмонлар ҳаётида сафар туфайли юзага келадиган машаққатлар вақт ўтиши билан гўё маънавий завқ ва камолот воситасига айланган.
Зеро, Исломда энг фазилатли амаллар қаторида эътироф этилган ҳаж, жиҳод ва ҳижрат каби ибодат ҳамда фаолиятларни амалга ошириш фақат сафар орқали мумкин бўлган. Буларга қўшимча равишда, айниқса, илм таҳсил қилиш ҳам тарих давомида саёҳатни тақозо этувчи энг муҳим омиллардан бири бўлиб келган. Ушбу сабабларнинг барчаси мусулмонларни саёҳатни ибодат ва маънавий масъулият сифатида қабул қилишга ундаган. Хусусан, илм олиш мақсадида сафарга чиқиш мусулмон олимлари учун зарурат, ҳатто илм ўрганишнинг ажралмас ва узвий шарти сифатида эътироф этилган.
Илм соҳалари орасида, айниқса, ҳадис илми кўплаб ва узоқ давом этадиган сафарларни тақозо қилувчи фанлардан бири сифатида ажралиб турган. Шу боис ҳадис олимлари илм йўлида амалга оширган саёҳатлари билан машҳур бўлганлар. Мазкур сафарлар ҳадис илмининг ривожланиши, турли ҳудудларда яшаган ровийлардан ҳадисларни бевосита ўрганиш, ривоят матнларини ўзаро қиёслаш ҳамда санад занжирларини синчковлик билан тадқиқ этишда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган.
Гарчи илм ва дин йўлида амалга оширилган бундай сафарлар кўпроқ эркак олимлар фаолияти билан боғлаб талқин қилинган бўлса-да, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларидан бошлаб аёллар ҳам диний ва илмий мақсадлардаги сафарларда фаол иштирок этганлари кузатилади. Бу ҳолат Ислом илмий анъаналарида саёҳат фақат эркак олимларга хос фаолият бўлмаганини, балки аёллар ҳам диний билимларни ўзлаштириш, уларни ривоят қилиш ва кейинги авлодларга етказиш жараёнида муҳим ўрин тутганларини яққол намоён этади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




