Кириш. Динлараро қарашлар ва уларни таснифлаш масаласи ўрта аср мусулмон олимлари илмий меросида муҳим ўрин тутади. Айниқса, исломдан аввалги илоҳий динлар – яҳудийлик ва насронийлик – мусулмон муаллифлар эътиборида алоҳида ўрин эгаллаган бўлиб, бу динларга муносабат, уларнинг асосий ақидавий тизими ва амалий томонлари кўплаб диний-фалсафий асарларда таҳлил этилган. Бу борада XI асрда яшаган олимлардан бири Абул Маолий Убайдуллоҳ томонидан ёзилган “Баян ул-адян” асари ўзининг холис, тизимли ва чуқур ёндашуви билан ажралиб туради. Мазкур асарда муаллиф яҳудийлик ва христианлик ҳақида фақатгина соддалаштирилган тасниф эмас, балки ушбу динларнинг тарихий шаклланиши, асосий ақидавий тамойиллари, илоҳий тушунчалари ва диний амалиётларига оид муҳим жиҳатларни атрофлича ёритиб берган. Абул Маолий бу икки динни бошқа диндан устун ёки паст кўрсатишга уринмасдан бетараф, илмий-таҳлилий услубда баён қилади. Айниқса, у Инжил ва Тавротга ишораларни келтириб, яҳудий ва насроний ақидаларининг муҳим жиҳатларини мусулмон мутакаллимлари қарашлари билан уйғунлаштирган ҳолда таҳлил этишга ҳаракат қилган.
Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. Абул Маолий Убайдуллоҳ ва унинг “Баян ул-адян” асари бўйича олиб борилган тадқиқотлар асосан шарқшунослик йўналишига оиддир. Масъуд Ҳабиби Мазаҳири томонидан “Даʾэрат ал-Маʿариф-э Бозорг-э Эслами” энциклопедиясида чоп этилган мақолада Абул Маолийнинг ҳаёти, унинг Балх, Ҳирот ва Ғазна шаҳарларидаги фаолияти ҳақида маълумотлар келтирилади. Шу билан бирга, немис шарқшуноси Жозеф Ван Эсс томонидан “Энcйcлопадиа Ираниcа”да эълон қилинган мақолада Абул Маолий ўрта аср мусулмон муаллифлари орасида бошқа динларга оид қарашларни тизимлаштирган муҳим шахс сифатида баҳолайди. “Баян ул-адян” нинг ўзини ўрганишга бағишланган алоҳида илмий нашрлардан бири Моҳамед Абдел Салам Кафафи томонидан 1949 йилда чоп этилган бўлиб, у асар қўлёзмалари асосида тайёрланган ва мазмунини илмий шарҳлашга қаратилган. Ушбу нашрдан кейинги тадқиқотларда асосий манба сифатида кенг фойдаланилган. Шунингдек, асарнинг тарихий ва диний аҳамияти Жак Варденбургнинг “Муслим Перcэптионс оф Отҳер Религионс” ҳамда Уилям Монтгомерининг “Муслим-Чристиан Энcоунтерс” каби тадқиқотларида ҳам қайд этилган. Унда Абул Маолий қарашлари мусулмонлар томонидан бошқа динларни тадқиқ этишдаги бетараф ва тизимли ёндашув намунаси сифатида талқин қилинади.
Тадқиқот методологияси. Ушбу мақолани тайёрлашда қиёсий-таҳлилий метод қўлланилиб, Абул Маолийнинг яҳудийлик ва насронийлик ҳақидаги таърифлари замонавий диншунослик адабиётларида қайд этилган маълумотлар билан солиштирилди. Бундан ташқари, контент-таҳлил усулидан фойдаланилиб, муаллиф томонидан яҳудийлик ва насронийликка оид ишлатилган асосий тушунчалар моҳияти ажратиб кўрсатилди.
Таҳлил ва натижалар. Абул Маолий Муҳаммад ибн Неъмат ибн Убайдуллоҳ Балх шаҳрида таваллуд топган бўлиб, “Баян ул-адян” муқаддимасида ўзини алавийлардан экани, катта бобоси Ҳусайн ал-Жаъфар ал-Ҳаж ҳижрий 241-йил (милодий 855-йил)да Балхга кўчиб келгани ҳақида маълумот беради. Унинг аждодлари Балхда ҳоким, ноиб, оқсоқол сифатида фаолият юритган. Шарқшунос олим Чарлз Шефферднинг шахсий коллекциясига тегишли бўлган ва ҳозирда Париждаги Франция миллий кутубхонасида сақланаётган “Баян ул-адян”нинг қўлёзмасида унинг насабига тегишли қисми тушириб қолдирилгани сабабли, баъзи тадқиқотчилар уни алавийларнинг машҳур етакчиларидан Абу ал-Ҳасан Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ аз-Зоҳидга боғлашга ҳаракат қилган [8:334-335]. Эронлик тарихчи Аббос Иқбол эса Абул Маолий Убайдуллоҳнинг насаб жиҳатидан Али ибн Абу Толибга, яъни унинг ўғли Ҳусайн Ибн Алига боғлаган. Абул Маолий Убайдуллоҳнинг отаси Неъмат ибн Убайдуллоҳ бўлиб, “Баян ул-адян”нинг баъзи қўлёзмаларида ўзини Абул Маолий Неъмат деб таништирган. Бобоси Убайдуллоҳ (Ярдуҳай) Балхда катта обрўга эга бўлгани учун “Баян ул-адян”нинг қўлёзмаларида Абул Маолий Убайдуллоҳ дея бобосининг исмига нисбат берилган бўлиши мумкин. Абул Маолийни бобоси Балхда истиқомат қилган бўлса, унинг отаси Неъмат Ҳиротда, ўзи эса кейинчалик Ғазнада яшаб ўтган. Манбаларга кўра, Абул Маолий Убайдуллоҳ фиқҳ билан шуғуллангани ҳақида маълумотлар келган. Аммо ундан фиқҳга доир асарлар етиб келмаган [4]. Абул Маолий Убайдуллоҳ 1092 йилда “Баян ул-адян” асарини Ғазнавий ҳукмдор Иброҳим ибн Масъуд буйруғига кўра ёзган. “Баян ул-адян” ёки “Динлар баёни” – дунё динларини тасвирлашга бағишланган форс тилидаги энг қадимги йирик асар ҳисобланади. Асар ҳажман кичик, адабий услуби кескин ва бошқа динлар тарихига оид ёзилган асарлардан таснифи жиҳатидан фарқ қилади. У таълимий мақсадларда ёзилган бўлиб, асарда йирик динлар ва фирқаларнинг қисқа баёнида фақат уларнинг асосий йўналишлари келтирилган. Муаллиф кириш қисмида бир шаҳзода саройида турли дин ва фирқалар ҳақида бўлиб ўтган баҳсга ишора қилади, бу ерда исломдаги 73 фирқанинг мавжудлиги ҳақидаги машҳур ҳадис эслатилади. Ушбу китобнинг афзалликларидан бири сифатида муаллиф шуни кўрсатадики, у суннийлик мазҳаби вакилларига исломдаги бошқа фирқа ва динларнинг далилларини, қисқа ва тушунарли усулда таништиради, уларни ўрганиш имконини яратади [9:30]. Асар қисқа муқаддима (кириш) билан бошланади, ундан кейин бешта боб ўрин олган:
Биринчи боб – турли давр ва минтақаларда инсонларнинг Яратганга бўлган эътиқоди тўғрисида бўлиб, асарнинг бу қисми илоҳиёт рисоласи сифатида ёритилган. Бу эса, мазкур асарни Ибн Ҳазм, Шаҳристоний ва Беруний асарларидан ажратиб туради.
Иккинчи боб – исломдан аввал мавжуд бўлган динлар ҳақида бўлиб, улар одатда бир-бирига қарама-қарши бўлгани таъкидланади. Бу бобда аввал қадимги араблар тилга олинади, сўнгра юнон файласуфлари, яҳудийлар, насронийлар, зардуштийлар, маздакийлар, монийлар тавсифланган. Кейинги ўринда турли бутларга сиғинувчи халқлар баён қилинади. Уларнинг муҳокамасидан олдин бутпарастликнинг келиб чиқиши ҳақида шарҳ берилган ва ҳиндуийлар, собийлар ҳақида маълумот берилган. Худони мавжудлигини инкор этувчилар сифатида қарматийлар ва зиндиқлар (монийлар) тасвирланади. Охирида эса софистлар тилга олинади, яъни улар уйғоқликни туш кўриш билан тенглаштиргани ҳақида айтиб ўтилади [9:32].
Асарнинг қолган икки боби Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг машҳур: “Мендан кейин умматим 73 фирқага бўлинади” ҳадисининг шарҳи билан бирга исломдаги мазҳаб ва фирқалар ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, ислом дини таълимоти кенг ёритилган. Бешинчи бобида эса, мумкин бўлмаган даъволарни қилган кишилар ҳақида, яъни ўзини худо деб эълон қилганлар ёки пайғамбарлик даъвосини қилганлар ҳақида ҳикоялар келтирилган.
“Баян ул-адян” да яҳудийликка қуйидагича таъриф берилади: “Яҳудийлар Яратгувчининг ягоналиги борасида (ҳақиқат сифатида) бир фикрда.
Аммо улардан бир гуруҳи Яратувчини инсоний сифатларга эга деб ҳисоблайди ва буни ақида деб билади. Бошқа бир гуруҳ эса бундай қилмайди.
Улар Мусо, Ҳорун ва улардан олдинги пайғамбарларга пайғамбарлик берилганига ишонади. Улар шунингдек, Мусо ва Ҳоруннинг динини тасдиқлаган пайғамбарларга – масалан, Юша ва унга ўхшаган кишиларга ишонади. Улар пайғамбарлар Исо ва Муҳаммадга ишонмайди. Улар Мусонинг Китобини (Таврот), Довуднинг Забурини ва Худонинг Тўққизта Китобини тан оладилар” [5:21]. Абул Маолий Убайдуллоҳ яҳудийлик таълимотини қисқа, аммо мазмунли фикрлар орқали ифодалайди. У диний эътиқодлар, пайғамбарлик занжири ва муқаддас матнлар ҳақида соддалаштирилган, аммо назарий жиҳатдан муҳим нуқталарни келтиради ва яҳудий ақидаларини тафсилотларга чуқур кирмасдан, асосий ғояларнинг моҳиятини қисқача ёритишга интилади. Асарда яҳудийлик таълимоти кўп ҳолларда умумий ва қисқа мулоҳазалар билан изоҳланган бўлсада, бу услуб диний тафаккурни соддалаштирилган шаклда тушунишга имкон беради. Муаллиф яҳудийлар ичида мавжуд бўлган уч асосий йўналишни – самарийлар, ананийлар ва раъияҳ оқимларини алоҳида тилга олади. Самарийлар, муаллифга кўра, Мусо таълимотини ўзига хос тарзда талқин қилувчи, Байт ал-Мақдисдан кўра, Цион тоғини муқаддас деб билувчи гуруҳ сифатида эътироф этилади. Ананийлар (карайлар) эса Талмуд ва оғзаки ривоятларга асосланмаган, фақат ёзма Тавротни асосий манба сифатида қабул қилган оқим бўлиб, бу жиҳати билан улар яҳудийликдаги ортодоксал талқинлардан ажралиб туради. Раъияҳ эса кўпроқ оддий халқни, яъни асосий оммани ифодалайди ва улар кўп ҳолларда диний тафсилотлардан бехабар, урф-одатларга асосланган эътиқод эгаси сифатида тасвирланади. Абул Маолийнинг бу таснифи, яҳудийлик ичидаги ижтимоий ва дини тафовутларни кўрсатиш билан бирга, мусулмон муаллифларнинг бошқа динларга оид ички фарқларни англашга бўлган интилишини ифодалайди.
Муаллиф “Баян ул-адян” асарида христианлик ақидасини қуйидагича ифодалайди: “Улар Яратганни ягона моҳият ва уч шахс деб эътиқод қилади. Бу уч шахсни қуйидагича санаб ўтади: Отанинг ўзи, Ўғил (Исо), ва Муқаддас Руҳ. Улар уч фирқага бўлинади: якобитлар, несторианлар ва малкоийлар” [5:38]. Абул Маолий ўз асарида христианлик ақидасига оид қисқача таъриф берган бўлсада, у насронийликни ўзининг теологик ёндашуви ва замонасининг диний-тасаввур контекстида ифодалаган. Муаллиф насронийлар эътиқодини “Яратганни ягона моҳият ва уч шахс деб биладилар” деган ибора орқали ифодалайди. Бу баён насронийликдаги асосий илоҳий таълимот – Учлик (Тринити) ғоясига ишора қилади. Ушбу ақидага кўра, илоҳ моҳиятан ягона бўлсада, уч шахсда зоҳир бўлади: Ота (Отаси), Ўғил (Исо Масиҳ) ва Муқаддас Руҳ. Шунингдек, христианлар орасида мавжуд бўлган фирқавий тафовутларга эътибор қаратади ва уларни уч асосий йўналишга – якобитлар, несторианлар ва малкоийларга ажратади. Бу тасниф тарихий жиҳатдан муҳим бўлиб, шарқий христианликнинг илк асрлардаги теологик қарашлари ва илк христиан соборлари қарорларига асосланган фарқланишларини акс эттиради. Якобитларни муаллиф қуйидагича изоҳлайди: “Улар исми Ёқуб (Жаcоб) бўлган бир кишининг номи билан аталган. Унинг таълимотига шарҳ берган шахс Якобитлардан бўлган Ат-Тамимнинг ўғли Матто исмли епископлардан бири эди. Уларнинг таълимоти шундан иборатки, Яратган Зот бир томондан абадий, бошқа томондан вақтга боғлиқдир. У (абадий) илоҳий моҳиятда Худо сифатида, (вақтинча) инсоний моҳиятда одам сифатида зоҳир бўлади”. Якобитлар Исо Масиҳда ягона илоҳий моҳият мавжуд деган ақидага содиқдир. Бу қараш Эфтихийлик оқимидан келиб чиққан ва Суриядаги насронийлар орасида кенг тарқалган. Якобитлар номи Ёқуб Барадаэус (Жаcоб Барадеус, м. 578) номига боғлиқ [6:183]. У Сурияда Несториан ва Халқидон таълимотларига қарши чиқиб, монофизитликни ҳимоя қилган ва бу йўналишни мустақил черков сифатида шакллантирган. Муаллиф “Матто ибн Ат-Тамим”ни Якобит епископи сифатида тилга олади. Бу ном тарихий манбаларда аниқ қайд этилмаган бўлсада, у араб-мусулмон муҳитида танилган якобит руҳонийларидан бири бўлган. Бу ҳолат ўрта аср ислом манбаларида бошқа динлар вакилларини арабча номлар билан аташ анъанаси билан боғлиқ. Бу таъриф якобитлар таълимотидаги христологик нуқтаи назарни акс эттиради: Исо Масиҳ ягона шахс бўлиб, унда илоҳий ва инсоний табиатлар ажралмас ҳолда бирлашган. Бу уларни несторианлардан (икки шахс назарияси) фарқлайди. Абул Маолий якобитлар таълимотини анча холис тарзда ифодалаган. Гарчи қисқа ва соддалаштирилган бўлсада, у якобитлар теологиясининг асосий ғоясини – Исо Масиҳнинг илоҳий ва инсоний моҳиятлари бирлигини тўғри акс эттирган [2:235]. “Баян ул-адян” асаридаги якобитлар ҳақидаги таъриф, шарқий насронийлик тарихидаги миафистлик[1] теологиясига мос келади [3:130]. Муаллифнинг “абадийлик” ва “вақтинча”лик ўртасидаги тафовут орқали баён қилгани якобитлар томонидан Исо Масиҳда мавжуд бўлган икки моҳиятнинг бирлигига эътиборни кўрсатади. Якобитлар бугунги кунда ҳам мавжуд бўлиб, расмий номи Сурия православ черкови, бу Сурия, Ироқ ва Ҳиндистондаги насроний черкови бўлиб, ўзининг руҳий раҳбари сифатида Антиохиядаги Сурия православ патриархини тан олади. Рим католик ва Шарқий православ черковлари бу черковни бидъаткор деб ҳисоблайди. Кўп асрлар давомида якобитлар мусулмонлар ҳукмронлиги остида яшаган. Бугунги кунда якобитларнинг аксарияти Ироқда истиқомат қилади, уларнинг патриархи эса Дамашқда яшайди. Улар бошқа шарқий насронийларга ўхшаб турмуш кечиради, уларнинг диний маросими Антиохия (Ғарбий Сурия) урф-одатларига асосланган бўлиб, ибодат тили – сурийча (сирякча). XVII асрдан бошлаб Рим (католик черкови) билан доимий алоқалар бўлган. Натижада, папа билан бирликдаги бир жамоа шаклланди, улар якобитларга ўхшаш урф-одат ва маросимларга эга. Бу гуруҳ – Сурия католик черкови деб юритилади ва улар сон жиҳатдан якобитлар билан тенгдир. Уларнинг етакчиси — яна бир Антиохия патриархи бўлиб, у Байрутда истиқомат қилади. Уларнинг черков тузилмаси Мелкитлар, Маронитлар ва Халдий католикларидан ажратилган.
Ҳиндистоннинг жануби-ғарбий қисмида, яъни Малабар ҳудудида ҳам Малабар якобитлари деб аталувчи насроний жамоалар мавжуд. Улар XVII асрда шаклланган бўлиб, ўша вақтда кўплаб суриялик малабар насронийлари Рим (католик черкови) билан алоқани узиб, якобит патриархи билан алоқа ўрнатган. Ҳозирда улар ҳам Антиохия маросимини қўллайди, бироқ баъзи фарқлари мавжуд. Улар бир неча баҳсли черковларга бўлинган жумладан, Маланкара православ суриялик черкови – бу якобит патриархидан мустақил черков, шунингдек, бир нечта ислоҳотчи ёки мустақил якобит черковлари ҳам мавжуд. XX асрда кўплаб Малабар якобитлари папа билан бирлашди, бироқ ўз урф-одат ва маросимларини сақлаб қолди. Бу жамоа Сийро-Маланкара католиклари деб аталади. Улар Сурия католикларидан (гарчи маросими бир хил бўлса ҳам) ва Сйро-Малабар католикларидан (Халдей маросими) алоҳида ҳисобланади. Сўнггилари – Малабар насронийлари бўлиб, ўша XVII асрда Римдан ажралмаган гуруҳдир [1:96].
Несторианлар ҳақида асарда қуйидагича фикрлар келтирилган: “Улар номларини Несториус исмли бир кишидан олган. Уларнинг таълимотига кўра, Ўғил (Исо) мавжудот сифатида Отадан пайдо бўлган, бироқ бу туғилиш ва жисмоний дунёга келиш йўли билан эмас, қуёшдан чиққан нур мисолида бўлади – қандайки, қуёш ҳеч қачон нурисиз бўлмайди. Баъзилар фикрича, Масиҳ (Исо) оддий бир инсон бўлган, бироқ унинг қалбига Худонинг подшоҳлиги ва куч-қудрати нозил бўлган. Шундай қилиб, у бир вақтнинг ўзида Худо ҳам, инсон ҳам бўлган, мой сурувчи ҳам, мой сурилган ҳам бўлган. Шу сабабдан у Масиҳ деб аталади”.
Абул Маолий Убайдуллоҳнинг “Баян ул-адян” асарида несторианлар ҳақидаги фикрлар, асосан, насронийликдаги христологик баҳслар, яъни Исо Масиҳнинг илоҳий ва инсоний табиатлари ҳақидаги теологик қарашлар билан боғлиқ. Несторианлар Исо Масиҳда иккита алоҳида моҳият (илоҳий ва инсоний) мавжуд деб ҳисоблайди. Асарда Несториусга нисбатан боғланадиган таълимотлар қисқача баён қилинган бўлиб, уларнинг асосий моҳияти қуйидагилардан иборат: Бу жумла Несторианлик оқимининг тарихий асосини ифодалайди. Несторианлик ўз номини Константинопол патрархи бўлган Несториусдан (тахминан 386-450-йиллар) олган [3:235]. Несториус Марямни теотокс (“Худо туғувчи”) деб аташга қарши чиқиб, уни христотокос (насроний илоҳиётида Исо Масиҳнинг онаси Марямга нисбатан ишлатилган теологик атама бўлиб, у Марям фақат инсон бўлган Масиҳни туғган, Худонинг илоҳий моҳиятини эмас, деган маънони билдиради) деб аташни илгари сурган. Бу эса Исо Масиҳнинг икки – илоҳий ва инсоний – табиати борлигини қатъий ажратиш тарафдори бўлганини кўрсатади. Бу фикрда логоснинг (калом) Отадан “чиқиши” ҳақидаги классик насроний таълимот Несторианлар томонидан қабул қилинганига ишора бор. Бу фикр Несториусга нисбат бериладиган “адоптионисм” (ўзлаштириш) ғоясини эслатади: Исо туғилганда оддий инсон бўлган, аммо кейинчалик Худо уни “қабул қилиб”, куч ва ваколат берган. Бу ғоя асосан деофизит (икки табиатли) христологияни кўзда тутади. Аммо, Несториус ўзи ҳеч қачон “адоптионист” бўлганини даъво қилмаган, у фақат икки табиатни аралаштирмаслик кераклигини таъкидлаган [6:56]. Исонинг бир вақтнинг ўзида инсоний шахс (масалан, пайғамбар ёки шоҳ) ва илоҳий мавжудот сифатида эътироф этилиши – бу Несторианлар таълимотига зид эмас, балки уларнинг асосий ёндашуви, иккита алоҳида табиат бор, улар битта шахсда иттифоқ қилган, лекин бирикмаганини ифодалайди. Бу эса уларнинг милодий 431-йилда Эфес соборида рад этилишига олиб келган. Несторианликнинг тақиқланиши – бу христиан илоҳиётида шахс ва табиат муаммоси юзасидан юзага келган илк йирик ажралишлардан биридир [7:289]. Ушбу воқеа тарихий жиҳатдан Византия империясининг диний сиёсати, теологик жиҳатдан эса шарқий проваслав меъёрларини белгилашда муҳим бурилиш бўлди. Несторианлар ғарбий католик черковидан ажралган бўлсада, шарқдаги мустақил насронийлик анъаналарининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. “Баян ул-адян” асаридаги несторианлар ҳақидаги таърифлар мусулмон муаллифларининг насроний фирқалари ҳақидаги тарихий ва полемик тасаввурларини акс эттиради. Бу ёндашувлар кўпинча соддалаштирилган бўлсада, улар ўрта аср ислом диний тафаккурида христианликни қандай қабул қилишганини кўрсатади. Малкоийлар – Византия православ черкови таълимотига яқин бўлиб, улар Исо Масиҳ ягона шахс бўлиб, унда икки моҳият – илоҳий ва инсоний – уйғунлашган, деган эътиқодда бўлган.
Хулоса. “Баян ул-адян” асарида яҳудийлик ва христианлик динларига бўлган қарашлар ўрта аср мусулмон тафаккурининг диний хилма-хилликни идрок этиш даражасини очиб беради. Муаллиф бошқа динларга нисбатан нохолис ёки рад этувчи ёндашувдан кўра, мавжуд динларни ўз контексти доирасида тушунтиришга ҳаракат қилган. Айниқса, яҳудийлик ва христианликдаги фирқалар таснифи бу динларнинг ички мураккабликларини англашга уринилганини кўрсатади. Абул Маолий диний эътиқодларнинг асосий тамойиллари тафсилотларига тўлиқ берилмаган бўлсада, уларнинг теологик ва тарихий асосларини қисқача, содда, лекин аниқ шаклда баён қилади. Айниқса, Инжил, Таврот, Учлик таълимоти, пайғамбарлик занжири каби асосий тушунчаларга берган изоҳлари асарнинг объективлик тамойиллари асосида ёзилганини ифодалайди.
- Attwater, D. The Christian Churches of the East (1947–48). In: The Columbia Electronic Encyclopedia, 6th ed. – New York: Columbia University Press, 2025.
- Davis, Leo Donald. The First Seven Ecumenical Councils (325–787): Their History and Theology. Collegeville. – MN: Liturgical Press, 1990.
- Grillmeier, Aloys. Christ in Christian Tradition. Volume 1. From the Apostolic Age to Chalcedon (451). Louisville. – KY: Westminster John Knox Press, 1975.
- Habibi Mazahiri, Masʼud. “Abul Maoliy Muhammad.” Dāʾerat al-Maʿārif-e Bozorg-e Eslāmī (The Encyclopaedia Islamica), Tehran: CGIE. Onlayn manzili: https://cgie.org.ir/fa/article/225040/ابوالمعالی،-محمد (murojaat sanasi: 2 iyun 2025).
- Kafafi, Mohamed Abdel Salam. The Bayan al-adyan of Abuʼl-Maʼali Muhammad ibn Ubayd Allah. – Cairo: Government Press, 1949.
- Meyendorff, John. Imperial Unity and Christian Divisions: The Church 450–680 A.D.Crestwood. – NY: St Vladimirʼs Seminary Press, 1989.
- Sellers, R.V. The Council of Chalcedon: A Historical and Doctrinal Survey. – London: SPCK, 1953.
- Van Ess, J. Abuʼl-Maʿālī. Encyclopædia Iranica. I jild, 3-son. – New York: Columbia University, 1983.
- Waardenburg, Jak. Muslim Perceptions of Other Religions: A Historical Survey. – Oxford University Press, 1999.
- William Montgomery Watt. Muslim-Christian Encounters: Perceptions and Misperceptions. – London: Routledge, 1991.
- YousifF. Studying the “other”: challenges and prospects of Muslim scholarship on world religions // After appropriation: explorations in intercultural philosophy and religion. – Alberta: University of Calgary Press, 2011.
- Васильев А. История религий Востока. – М., 1997.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




