БАРАКАНИНГ (инсонга билдирилган) 177 та СИРИ (бараканинг [умри, ризқи, оиласи, ишлари, даромадидаги] сабаблари)ни УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА АЛЛОҲ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
☪︎ «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга ташвишлардан чиқиш йўлини пайдо қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси 65/2-3 оятлар);
☪︎ «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Эй, инсон! Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва дуода айт: “Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро сураси 17/23-24 оятлар);
☪︎ «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик» (Аҳқоф сураси 46/15 оят);
☪︎ «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир» (Бақара сураси 2/215 оят);
☪︎ «Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва Ўзи хоҳлаганига ризқни танг қилур. Бирор нарсани муҳтожларга холис эҳсон қилсангиз, бас, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдирур.
У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир» (Сабаъ сураси 34/39 оят);
☪︎ «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У бандаларига нисбатан ўта кечиримли зотдир. Шунда, яъни истиғфор айтсангиз, устингизга осмондан баракали ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар барпо қилур ва сизларга анҳорларни ато қилур» (Нуҳ сураси 71/10-12 оятлар);
☪︎ «Агарда мазкур юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар эшикларини очиб юборган бўлур эдик. Лекин улар пайғамбарларни ёлғончига чиқардилар. Натижада қилмишлари сабабли уларни азобга тутдик» (Аъроф сураси 7/96 оят);
☪︎ «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз!
Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!
Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю
бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи мусофирга ва қўл
остингиздаги қарамларга ҳам яхшилик қилинг!
Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо сураси 4/36 оят);
☪︎ «Биз инсонга ота-онасини рози қилишни буюрдик.
Онаси уни заифлик устига заифлик билан қорнида кўтариб юрди.
Уни кўкракдан ажратиш муддати икки йилда битар.
Биз инсонга буюрдикки “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”» (Луқмон сураси 31/14 оят);
☪︎ «Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта, уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси 14/7 оят).
ҲАДИСИ ҚУДСИЙЛАРИДА АЛЛОҲ ТАОЛО АЙТАДИ:
☼︎ Эй, одам фарзанди!
Сабрли бўл ва ўзингни паст тут – ўзим сени олий даражага кўтараман!
Истиғфор айтгин – мағфират килай!
Ҳар не сўрагин – мен берай!
Менга тавба қил – қабул қилай!
Молингдан садақа қил – токи молингга барака берай!
Қариндошларингга яхшилик қилиб, қўшилиб юр – умрингни узун қилай!
БАРАКАНИНГ (инсонга билдирилган) 177 та СИРИ (бараканинг [умри, ризқи, оиласи, ишлари, даромадидаги] сабаблари)НИ УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
1) Қуръони карим ўқилганда жим туриш.
2) Қуръони каримни бетаҳорат ушламаслик.
3) Ота-онанинг ҳаққларига ҳар доим дуо қилиш.
4) Ота-онани асло беҳурмат қилмаслик.
5) Ота-онанинг кўнгилларини ҳеч қачон оғритмаслик.
6) Ота-онага кечаю кундуз, оғринмасдан хизмат қилиш.
7) Ота-онага кечаю кундуз сидқидилдан ва меҳр билан хизмат қилиш.
8) Ота-онанинг дуоларини доимо олиб юриш.
9) Устозларининг дуоларини олиш.
10) Ота-онанинг қадрдонларини ҳам эъзозлаш.
11) Ота-онага ҳаргиз-ҳаргиз оқ бўлмаслик.
12) Ота-онани исмлари билан чақирмаслик.
13) Ота-онага мутлақо итоатсизлик қилмаслик.
14) Ота-онага асло беписанд бўлмаслик.
15) Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг ҳурматларини жойига қўйиш.
16) Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га нисбатан беодоблик қилмаслик.
17) Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) олдиларидан кесиб ўтмаслик.
18) Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га тик қарамаслик.
19) Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг олдиларига тушиб юрмаслик.
20) Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) билан, ҳатто телефон орқали гаплашганда ҳам, ўрнидан туриб гаплашиш.
21) Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га доимо хизмат қилиб, уларнинг дуоларини олиб юриш.
22) Ака-укалар, опа-сингиллар билан бемеҳр бўлмаслик.
23) Қавм-қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиш.
24) Қўни-қўшнилар билан чиройли муомала қилиш.
25) Аёлларига доим ширинсўзлик билан муомала қилиш.
26) Аёлларнинг эрларига доимо итоатли бўлишлари.
27) Ота-онани доимо эъзозлаш.
28) Фарзандларга меҳрибонлик қилиш.
29) Фарзандларга дуо қилиш.
30) Уйда асло жанжал қилмаслик.
31) Уйда кечиримлилик, сабр-тоқат, ўзаро тушуниш ва ҳурмат-эҳтиромни сақлаш.
32) Ўтганларнинг ҳаққларига ҳар доим, ҳар куни камида беш маҳал намозда дуо қилиш.
33) Ота-онанинг ҳаққларига ҳар доим, ҳар куни камида беш маҳал намозда дуо қилиш.
34) Борига қаноат қилиб, ҳамиша шукр қилиш.
35) Барча ишларда доимо Худодан қўрқиб иш тутиш.
36) Тез-тез садақа бериб туриш.
37) Бирор инсонни хафа қилмаслик.
38) Олимлар ва уламоларни ҳурмат қилиш.
39) Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) билан ҳеч қачон ва умуман тортишмаслик.
40) Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га ёлғон гапирмаслик.
41) Худо берган неъматларни асло увол қилмаслик ва исрофга йўл қўймаслик.
42) Истиғфор айтишни канда қилмаслик.
43) Ахлоқсизлик қилмаслик.
44) Илм ўрганишга интилиш.
45) Турар жой (уй, ишхона)ларни тоза-озода тутиш.
46) Кийим-кечак (либос, бош кийим, оёқ кийим)ларни покиза тутиш.
47) Жунуб ҳолатида еб-ичмаслик.
48) Оила аъзолари билан жанжаллашмаслик.
49) Иложи борича қарздор бўлмаслик.
50) Меҳмонга ҳақоратомуз назар билан қарамаслик.
51) Меҳмонни ҳурмат қилиш.
52) Меҳмонга чин дилдан, чиройли хизмат қилиш.
53) Беҳаёлик қилмаслик.
54) Бесабрлик қилмаслик.
55) Ўзидан ёши катта одамнинг олдига тушиб юрмаслик.
56) Уй-рўзғорда, ишда ва кундалик ҳаётда тартиб-интизомга риоя қилиш.
57) Уй-рўзғорда ва ишхонада покизаликка риоя қилиш.
58) Уй-рўзғорда ва ишхонада озодалик ва покизаликни сақлаш.
59) Дангасалик қилмаслик.
60) Атрофдагиларга нисбатан беозор бўлиш.
61) Одамларга асло азият етказмаслик.
62) Ҳайвон, парранда, ҳашарот ва наботот оламига асло зулм қилмаслик.
63) Ёлғон гапирмаслик.
64) Ҳар бир ишни «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» билан бошлаш.
65) Эрта ётиш.
66) Эрта туриш.
67) Уйга кирганда салом бериб кириш.
68) Қўй боқиш.
69) Намозларни қазо қилмаслик.
70) Оилада ширинсўз ва хушмуомала бўлиш.
71) Қуръони карим ўқишни тарк этмаслик.
72) Танишларга ҳам, нотанишларга ҳам салом бериш.
73) Одамларга биринчи бўлиб салом бериш.
74) Ўзидан ёшларга биринчи бўлиб салом бериш.
75) Салом берганларга зиёдаси билан янада чиройлироқ жавоб қайтариш.
76) Тонг пайтида ухламаслик.
77) Ризқнинг ҳалол бўлишига эътибор бериш.
78) Уйга келадиган пулни ҳалол йўл билан топиш.
79) Уйга келадиган нарсаларнинг ҳалол бўлишига эътибор бериш.
80) Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш.
81) Оила аъзолари билан бирга дастурхон атрофида ўтириш.
82) Дастурхон атрофида бош кийим билан ўтириш.
83) Дастурхонда таомни улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)дан олдин бошламаслик.
84) Бебисмиллоҳ таом емаслик.
85) Дастурхон атрофида ҳам улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)га чиройли хизмат қилиш.
86) Дастурхондан дуо қилмасдан турмаслик.
87) Нон ушоқларини оёқости қилмаслик.
88) Идиш-товоқларни тоза тутиш.
89) Таомланишда ман этилган нарсалардан сақланиш.
90) Таомдан олдин ва кейин қўлни ювиш.
91) Таомни биргаликда ейиш.
92) Таомни «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» деб бошлаш.
93) Таомнинг ўртасидан эмас, четидан олиш.
94) Муборак Рамазон ойларида саҳарлик қилиш.
95) Овқатни қайноқ ҳолда истеъмол қилмаслик.
96) Саҳарда бедор бўлиш.
97) Хурмо, сут, асал, сирка, арпа қўшиб тайёрланган нонни истеъмол қилиб туриш.
98) Берилган ризққа ҳамиша рози бўлиш.
99) Бор ризқидан асло норози бўлмаслик.
100) Қўл ювмасдан таом емаслик.
101) Тик туриб таом емаслик.
102) Тик турган ҳолда ичмаслик.
103) Суяниб овқат емаслик.
104) Нонни тиш билан узмаслик.
105) Улуғлар (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) гапирганларида сукут сақлаб, жим туриб, уларни диққат билан тинглаш.
106) Ўзидан ёшлари катталарни доимо ҳурмат қилиш.
107) Ўзидан ёши кичикларни доимо иззат қилиш.
108) Уйда Қуръон тиловати, зикр ва дуоларни кўпайтириш.
109) Оилада ҳурмат-эҳтиромни устувор қилиш.
110) Ножўя (беҳаё, хунук, совуқ, ёқимсиз ва кўнгилга тегадиган) сўзларни ишлатмаслик.
111) Одамлар билан асло тортишмаслик.
112) Ғийбат қилмаслик.
113) Қабристон, масжидларга бош кийимсиз кирмаслик.
114) Ишларни эрталабдан вақтли бажариш.
115) Кўп салавот айтиш.
116) Идиш-товоқларни ювмасдан эрталабгача қолдирмаслик.
117) Шамолни, об-ҳавони, замонни сўкмаслик.
118) Динимизнинг шиорлари ва муқаддас қадриятлари (Қуръони карим, ҳадиси-шарифлар, Қибла, масжид, уламолар, жойнамоз, тасбеҳ, Рамазон ойи, фазилатлари бисёр улуғ аём кунлари, азон, намоз, таҳорат, Ҳаж, Умра ва бошқалар)ни самимий ҳурмат-эҳтиром қилиш ва эъзозлаш.
119) Кўп ва ортиқча гапирмаслик.
120) Уйда чиқинди тўпланишига йўл қўймаслик.
121) Уйда ўргимчак тўри қолдирмаслик.
122) Тунда уй супурмаслик.
123) Тўмтоқ қалам билан ёзмаслик.
124) Синиқ тароқ билан соч тарамаслик.
125) Тирноқни тиш билан кесмаслик.
126) Имкон қадар доим батаҳорат юриш.
127) Ҳожатхонага ялангбош кирмаслик.
128) Ҳожатхонада гаплашмаслик.
129) Ҳожатхона (эшиги, қопқоғи)ни ёпиб юриш.
130) Ҳовуз, ҳаммом ёки ғуслхонага пешоб қилмаслик.
131) Дарахт остига пешоб қилмаслик.
132) Тик турган ҳолда пешоб қилмаслик.
133) Фақирларни камситмаслик.
134) Бемор, ночор, қийналган инсонларнинг устидан кулмаслик.
135) Беморлар ҳолидан хабар олиб, дуоларини олиш.
136) Ҳар қандай қабристон ва қабристондагиларга нисбатан ҳурматсизлик қилмаслик.
137) Бомдод намозидан кейин қуёш чиққунча ухламаслик.
138) Ҳаргиз ношукрлик қилмаслик.
139) Масжидда дунёвий гапларни гапирмаслик.
140) Шомдан кейин ухламаслик.
141) Шом ва хуфтон намозлари орасида ухламаслик.
142) Қоронғи жойда овқат емаслик.
143) Мазлум, етим, ногирон, бемор, ночор, ғариб, қийналган инсонларга имкон қадар ғамхўрлик қилиш.
144) Номаҳрам аёлларга шаҳват назари ила қарамаслик.
145) Зинога яқинлашмаслик.
146) Аёлларнинг эркаклар йўлини кесиб ўтмаслиги.
147) Рибо (судхўрлик)дан эҳтиёт бўлиш.
148) Хиёнат қилмаслик.
149) Аёлларнинг тик турган ҳолда соч тарамаслиги.
150) Бошқаларни ҳаргиз айбламаслик.
151) Ўзаро кечиримли бўлиш.
152) Тиланчилик қилмаслик.
153) Остонада ўтиришни одат қилмаслик.
154) Олди-сотдида қасам ичмаслик.
155) Тижоратда ёлғон ва хиёнатга йўл қўймаслик.
156) Худо берган қиз фарзанд учун асло хафа бўлмаслик.
157) Болаларни яхши кўриш.
158) Халқнинг дуосини олишга муносиб ишлар қилиш.
159) Мусофирларга доим ёрдам бериш.
160) Сафарга чиққанда ён-атрофдагиларга озор етказмаслик.
161) Аёллар, ёш болалар, жисмоний ёки ақлий имкониятларида чекловлари борлар билан тортишмаслик.
162) Азадор хонадонларга таъзия изҳор этиш.
163) Олди-сотдида, қарзни қайтаришда ва берилган ваъдаларни бажаришда вафоли бўлиш.
164) Суҳбатдошнинг гапларини сукут сақлаб, диққат билан тинглаш ва унинг сўзини бўлмаслик.
165) Уйда синиқ, яроқсиз нарса (идиш-товоқ, турли рўзғор буюм)лардан фойдаланмаслик.
166) Қибла томонга беҳурматлик иш (оёқ узатиш, тупуриш, ҳожат каби)ларни қилмаслик.
167) Ҳаммага фақат яхшиликни раво кўриш.
168) Фосиқ ва судхўрлардан узоқроқ юриш.
169) Гуноҳ ишлардан ўзини тийиш.
170) Садақа бериш ва яхшилик қилишни одатга айлантириш.
171) Ота-онага бўлган меҳрни намоён этиш мақсадида ҳар куни, ҳар ҳафта, ҳар ой, байрамларда ва ота-онанинг қувончли кунларида уларнинг кўнгилларини кўтариш. Бунинг учун телефон орқали тилаклар, расмлар, видеолар, хабарлар, овозли хабарлар ва SMS-хабарлар юбориш; имконият бўлганда юзма-юз кўришиш; турли совға-саломлар билан уларнинг кўнгилларини кўтариб, бебаҳо ва бетакрор табаррук дуоларини мунтазам олиб туриш.
172) Ота-онанинг соғликларидан, кундалик оби-таомларидан, даркор бўлса дори-дармонларидан Худо берган ҳар бир кунда доимо хабардор бўлиб туриш. Уларнинг ҳолидан ҳар куни жиддий диққат билан ҳақиқатан бохабар бўлиб, меҳрли эътибор билан ширин муомала қилиш. Барча кам-кўстларини доимий равишда, ўз вақтида, тезкор ва тўлиқ таъминлаб, меҳрибонлик ила етказиб туриш.
173) Ота-она, барча мўмин-мусулмонлар, ўз халқи, юрти, яқинлари, қавм-қариндошлари, қўни-қўшнилари, оила аъзолари учун ва ўзи учун ҳам барака сўраб дуо қилиш.
174) Барча ишларда Худога таваккал қилиш.
175) Вақтни тўғри, унумли ва манфаатли тақсимлаш.
176) Бор-йўғига, иссиқ-совуғига, кўп-озига қарамай, ҳар доим шукр қилиш.
177) Ҳар бир ҳаракатини Худо кўриб турганини доимо эсда тутиб иш тутиш.
ИЛОҲО МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ ЎЗИ буюрган, Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ тавсия этган,ўтмишда ЎТГАНЛАРИМИЗНИНГ руҳлари шод бўладиган, ХАЛҚИМИЗ хурсанд бўладиган, ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон домла Иномов