Home / МАҚОЛАЛАР / МАРКАЗ ФОНДИДА САҚЛАНАЁТГАН ФИҚҲГА ОИД МАНБАЛАРНИНГ КОДИКОЛОГИК ТАҲЛИЛИ

МАРКАЗ ФОНДИДА САҚЛАНАЁТГАН ФИҚҲГА ОИД МАНБАЛАРНИНГ КОДИКОЛОГИК ТАҲЛИЛИ

Юртимиз қўлёзма фондларида сақланаётган нодир манбалар кўп асрлик илмий, маънавий ва маданий меросимизнинг ажралмас қисмидир. Ушбу ёзма манбалар халқимиз тарихий тафаккури, илмий салоҳияти ва маънавий қадриятларини ўзида мужассам этган тарихий асар сифатида муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, фиқҳга тегишли асарларнинг кенг тарқалгани минтақада мазкур фанга оид мактабнинг илмий анъаналари чуқур илдиз отганидан далолат беради.

Фиқҳга оид асарларда нафақат фиқҳий ҳукмлар, балки китобат санъати, хаттотлик анъаналари, қўлёзма маданияти ва илмий муҳитга тааллуқли қимматли маълумотлар акс этган. Шу боис ушбу манбаларни илмий жиҳатдан тавсифлаш, кодикологик хусусиятларини ўрганиш ва илмий муомалага киритиш ҳозирги кундаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фондида ислом ҳуқуқи – фиқҳ илмига оид 300 га яқин нодир асарлар сақланади. Мазкур қўлёзмалар ислом ҳуқуқи тарихининг турли даврлари, фиқҳ илми мактаблари ва ҳуқуқий-назарий қарашларини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Улар орасида №7, №100/II ва №217/IV инвентар рақамлари билан сақланаётган қўлёзмалар ўзининг мазмуни, қўлёзма таркиби, хаттотлик ва безак унсурлари, матннинг сақланиш ҳолати ҳамда илмий-манбавий қиймати билан алоҳида эътиборга лойиқдир.

Улардан бири №7 рақам остида сақланаётган, буюк аждодимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳга оид “Ҳидоя” асарининг 1-жилди бўлиб, у 348 варақдан иборат. Ушбу асар 1242/1826 йилда Аҳмад Хўжа ибн Баҳодир Хўжа Эшон[1] томонидан настаълиқ хатида кўчирилган. Асар араб тилида бўлиб, “Таҳорат китоби”дан бошланган ва “Вақф китоби”да тугаган. Унинг  боб ва фасллари қизил сиёҳда ёзилган. Асар муқоваси  яшил рангли, босма нақшли, шарқ муқоваси бўлиб, унда турундж[2] (доира шаклидаги нақш) ва лола босма шакллари мавжуд. Таякиси чармдан ишланган. Асарнинг форзац[3] – 01-03 варақларда ҳадис, хаттот машқи, муаллиф ҳақида маълумотлар қайд қилинган. Ҳар бир варақ 17 қатордан ташкил топган. Курросалари 8 варақдан иборат. Матн ўлчами  19,5´10 см, варақ ўлчами эса 26´20 см.ни ташкил этади.

Асар 1б– варақдан басмала билан бошланиб, қуйидагича давом этган:

الحمد لله الذى اعلى معالم العلم و اعلامه و اظهر شعائر الشرع و احكامه و بعث رسلا و انبياء صلوات الله عليهم اجمعين الى سبل الحق هادين و اخلفهم علماء الى سنن سنتهم داعين يسلكون فيما لم يؤتر عنهم مسلك الاجيهاد مسترشدين منه فى ذلك و هو و لى الارشاد[4]

Бутун ҳамду сано Аллоҳга хосдир. У илмга йўл бошловчиларни ва алломаларни юқори даражага кўтарди, шариат шиорлари ва ҳукмларини намоён қилди. Расул ва Набийларни – уларга Аллоҳнинг салоту саломи бўлсин – ҳақ йўлга бошловчи қилиб юборди. Улардан кейин суннат йўлларига даъват қилувчи уламоларни қолдирди. Улар пайғамбарлардан ривоят қилинмаган масалаларда ижтиҳод йўлини тутади ва бу борада ундан ҳидоят сўрайди. У (Аллоҳ) тўғри йўлнинг ҳақиқий эгасидир.

Асар охири. 348б  варақда қўйидаги сўзлар билан тугаган:

و لأن الحاجة يشتمل الغنى و الفقير في الشرب و النزول و الغني لا يحتاج الي صرف هذه الغلة لغناه[5]

Асарнинг колофон[6] қисми 348б  варақда жойлашган бўлиб, унда мазкур асарнинг 1242/1826 йили Аҳмад Хўжа ибн Баҳодир Хўжа Эшон томонидан кўчирилгани қайд этилган.

تمت الكتاب بالعون ملك الوهاب الفقير الحقير أحمد خواجه بن بهادر خواجه ايشان ١٢٤٢  اللهم اغفرلى و لوالدى و لاستازى ولمن قرأ و لمن نظر صحف و لمن مس بطهارة و لجميع المؤمنين و المؤمنات و المسلمين و المسلمات برحمتك يا ارحم الراحمين 

Яна бир муҳим фиқҳга оид асар №217/IV инвентар рақами остида сақланаётган қўлёзмалар мажмуаси бўлиб, умумий ҳажми 70 варақдан иборат. Унда қуйидаги 6 асар жамланган:

 – Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазонийнинг (ваф. 791/1389 й.) “Шарҳ матолибул мусалли” (“Шарҳ фиқҳул Кайдоний);

– Ҳофиз Жалолуддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр Суютийнинг (841/1437-911/1505) “Лубобул ҳадис” (“Ал-аҳадис саласа ва саласийн абвабан”);

– Абдураҳмон ибн Аҳмад Жомийнинг (1414-1492 й.) “Арбаъина ҳадиса” (“Чиҳил ҳадис”);

  – Алишер Навоийнинг (1441-1501 й.) “Арбаъин ҳадис”;

– Охунд Мулло Зоҳиднинг (ваф. 1101/1689-1690 й.) “Чиҳл байт дар баёни махориж” (“Қавоиди Қуръон, Қавоиди маҳорижи ҳуруф”);

– Сирожиддин Сижовандийнинг “Фароизус Сирожия”  (“Сирожия  фил фароиз”, “Фароизус Сижовандий”) асарлари ўрин олган.

Мажмуанинг 40б-61а варақларида Сирожиддин Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдурашид Сижовандий Фарозийнинг (XIII аср) “Фароизус Сирожия” асари жойлашган. Мазкур асар манбаларда “Сирожия фил фароиз”, “Фароизус Сижовандий”[7]  каби номлар билан ҳам машҳур бўлган.

Асар Шарқ оламида жуда машҳур бўлиб, унда меросни олиш ёки ундан маҳрум қилиш масалалари, марҳумдан қолган мол-мулкдан мерос олишга ҳақли бўлганлар, тақсимланадиган мерос миқдори, меросхўрларнинг мерос олиш тартиблари ва даражалари фасллар ва бобларга ажратилган ҳолда баён қилинган. Шунингдек, асарнинг ҳошиясида меросга оид оят ва ҳадислар келтирилган. Жумладан, мерос тақсимоти арифметик мисоллар билан батафсил баён қилинган.

      Асар настаълиқ хатида китобат қилинган.  Ҳар бир саҳифасидаги матн 11 қатордан иборат. Матни шарқ қоғозига қора сиёҳда, боб ва фасл номлари эса қизил сиёҳда кўчирилган. Курросалари 8 варақдан иборат бўлиб, матн ўлчами  18,5´90 см, варақ ўлчами эса 26´15 см.ни ташкил этади.

Асарнинг колофон қисми 61а варақда жойлашган бўлиб, унда асарнинг кўчирилган йили, жойи ва хаттотнинг номи қайд этилган.

 قد تمت الرساله الموسومه بالسراجى وقت استوا الشمس يوم السبت فى شوال فى معاصر دار السلطنه سيد امر مظفربها در سلطان عظم الله تعالى ملكه وشأنه الى يوم الدين وكان من هجرة النبى عليه السلام الفا ومأتان سبعة وسبعين سنة فى بلدة كته قورغان بيد اخدم خدام احقر الطلاب والضرام مولدا ببلدة الخوقند محمد صديق بالطاف النور والتحقيق والله المستعان والموفق تمت[8]

Асар 1277/1861 йил шаввол ойининг шанба куни, чошгоҳ пайтида қўқонлик хаттот Муҳаммад Сиддиқ томонидан Бухоро амири Султон Амир Музаффар (1819-1885 й.) ҳукмронлиги даврида Каттақўрғон шаҳрида ёзиб тугаллангани келтирилган.

Фиқҳга оид нодир манбалардан яна бири Алоуддин Муфтий Бухорийнинг (XIII аср) қаламига мансуб “Ҳайратул фуқаҳо ва хижлатул фузало” асари бўлиб, у Марказ фондида № 100/II инвентар рақами билан сақланади.

Муаллиф асар муқаддимасида 695/1296 йиллар Мовароуннаҳр диёрида ислом дини заифлаша бошлагандан сўнг диннинг мавқейини тиклаш мақсадида мазкур асарни ёзгани ҳақида маълумот берган. Асар Бухорода ёзилиб у ердаги фақиҳлар орасида муҳокамадан ўтган. Китоб Насрулло Ғозий Наврўзбекхонга аталган эди. У Олтин Ўрда саройининг сўнги хонларидан бири бўлиб, ушбу давлат тарихида катта из қолдирган. Муаллиф асарда шариат аҳкомларидан 250 та масалани баён этган. Шунингдек, Сарахсийнинг (544/1149) “Муҳит”, Маҳмуд Бухорийнинг (ваф.570/1174) “Татиммату фатово” каби асарлар ҳам зикр этилган. Мазкур қўлёзмани Саййид Субҳонқули Муҳаммад Баҳодирхон (1091/1680-1114/1702) 1100 йилда китобдор Мирзо Барқийга таҳрир қилишни буюрган[9]

      Мазкур қўлёзма асарнинг умумий ҳажми 138 варақни ташкил этади. Нусха настаълиқ хатида кўчирган. Ҳар бир варағида матн қаторлари 15 сатрдан иборат. Асар қора сиёҳда, боб ва фасл номлари эса қизил сиёҳда шарқ қоғозига кўчирилган. Курросалари 8 варақдан иборат бўлиб, матн ўлчами  18,5´90 см.ни ва варақ ўлчами эса 26´15,5 см.ни ташкил этади.

Асар колофони 179б-180а варақда бўлиб, унда қўлёзманинг кўчирилган йили ва хаттоти қуйидагича қайд этилган:

 ان نسخة شريفة لطيفة مسمى بحيرة الفقهاء وخجلة الفضلاء كه  از مردوم  دور ومستور وغيرمشهور بوده جون در نظرانور حضرت خان عاليشان المستحق فى جوار رحمة الله الملك المنان ابو الفتح سيد سبحان قلى محمد بهادرخان درآمده وحضرت خلافت پناه امر فرموده اند باهتمام بنده دركاه خواجه انصاف خواجه پیر اى تحرير نموده است ميرزا برقى كتابدار در تاريخ سنة ١١٠٠ واين نسخة فاصة شريفة بود بنوشتن ان مقيد كرديد بنده ضعيف بمقدار عبد الواحد فقير هقر سنة [10]١٢٨٤

Асар колофонида ушбу қўлёзма 1284/1867 йил хаттот Абдулвоҳид томонидан кўчирилгани қайд қилинган.

Мақолада таҳлил қилинган қўлёзмалар фиқҳ илмининг Марказий Осиёда юксак даражада ривожланганини, мазкур ҳудудда ҳанафий мазҳаби анъаналари мустаҳкам илмий мактаб сифатида шаклланганини тасдиқлайди. Шунингдек, ушбу манбаларни каталоглаштириш, рақамлаштириш ва илмий муомалага киритиш қўлёзмаларни сақлаш ва манбашунослик, исломшунослик ҳамда фиқҳ тарихи бўйича тадқиқотларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, келгусида мазкур қўлёзмаларнинг қиёсий матншунослик таҳлили, илмий-танқидий матнларини тайёрлаш ва уларнинг рақамли каталогларини яратиш фиқҳ илмини янада чуқурроқ ўрганиш имконини беради. 

[1] Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №7. 348б варақ.
[2] Амалий санъат қисқача луғат. – Тошкент: Қомус, 1992. – Б. 37.
[3] Қўлёзмаларнинг муқова орти варақдан бошланиб, асосий асар матни бошлангунча бўлган варақлар. 01-0… рақамлари билан белгиланади.
[4] Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №7. 1б варақ.
[5] Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №7. 348б варақ.
[6] Қўлёзма асарнинг охирида ёзиладиган маълумот қисми бўлиб, унда асар ва уни кўчирган котиб ҳақида муҳим маълумотлар берилади.
[7] Имом Бухорий халқаро маркази Қўлёзмалар каталоги / Ғоя муаллифи: Ш.Зиёдов. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2018. – Б. 83.
[8] Сирожиддин Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдурашид Сижовандий Фарозий. Фароизус Сирожия. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №217/IV. 61а варақ.
[9] Алоуддин Муфтий Бухорий. Ҳайрат ал-фуқаҳо ва хижлат ал-фузало. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №100/II. 43б варақ.
[10] Алоуддин Муфтий Бухорий. Ҳайрат ал-фуқаҳо ва хижлат ал-фузало. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №100/II. 179б-180а варақ.
Ихтиёр ҚУШШАҚОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

“САДДИ ИСКАНДАРИЙ” ДОСТОНИНИНГ НОМЛАНИШИ ХУСУСИДА…

Қуръони каримнинг “Каҳф” сурасида Сулаймон (а.с.) каби дунёни эгаллаган ҳукмдорлардан бўлган Искандар ҳақида зикр этилади. …