Қуръони каримнинг “Каҳф” сурасида Сулаймон (а.с.) каби дунёни эгаллаган ҳукмдорлардан бўлган Искандар ҳақида зикр этилади. Аллоҳ унга Ер подшоҳлигини, илм ва ҳикматни ато этган. Аллоҳ йўлида бошига урилган зарбадан икки бор ўлиб тирилгани учун унга “зулқарнайн”, яъни “икки шохли” лақаби берилганлиги келтирилади[1].
Қуръонда баён этилган Зулқарнайн ва Филипп ўғли Искандар (Александр) Мақдуний (Македонский) иккисининг тарихи ўхшаш бўлгани учун тарих ва тафсир китобларида айрим чалкашликлар учрайди.
Қуръонда қайд этилган Искандар Шарққа йўл олар экан, (кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у тоғлар ортида гапни сира англамайдиган қавмни учратади. Улар: “Эй, Зулқарнайн! Албатта, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари) Ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) ҳақ тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир тўғон (тўсиқ) қуриб берурмисан?”, – дедилар.
(Зулқарнайн) айтди: “Раббимнинг менга ато этган нарсалари (сизлар берадиган нарсадан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга куч-қувват билан ёрдам берингиз, токи мен сизлар билан уларнинг (Яъжуж ва Маъжужларнинг) ўртангизга бир тўсиқ (тўғон) бино қилай.
Сизлар менга темир парчаларини келтирингиз, то (парчалар) иккала тоғ
ёнбағирлари билан баробар бўлгач, (оловга) дам урингиз!” – деди. Бас, қачон у (темир-терсакларни) оловга айлантиргач (эритгач), деди: “Менга эритилган мис ҳам келтирингиз, токи унинг (темир парчаларининг) устидан қуяй! – деди. Шу тариқа бунёд этилган, ошиб ҳам, тешиб ҳам ўтиб бўлмайдиган мазкур метин тўсиқ – “Искандар девори” деб аталган ва у инсониятни турли ёвуз кучлардан асраб келган.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий асарларини инсонни камолотга йўналтирувчи қудратли куч, турли ёвузликлардан ҳимоя қилувчи ўзига хос қалқон вазифасини ўташини орзу қилган. Шу боис “Хамса” асари таркибига кирган достонларидан бирини “Садди Искандарий” (“Искандар девори”) [2] деб атаб, ушбу асарнинг ҳам Қуръонда баён этилгани каби инсониятнинг пушти паноҳи бўлишига умид билдирган, дейиш мумкин.
Алишер Навоий маънавий меросини ўрганишда синергетик тафаккур усулларидан фойдаланиш, буюк шоир ижодини ночизиқли таҳлил қилиш, унинг манбаларини кашф этиш, кўп қатламли мазмунини концептуал тушуниш имкониятини беради.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





