Ўзбекистон номи халқаро ташкилотлар, нуфузли анжуман ва илмий форумларда тилга олинганда, жаҳон жамоатчилиги тасаввурида, энг аввало, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, жаҳон илм-фани ва тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккирлар ҳамда асрлар давомида сақланиб келаётган муҳташам тарихий-меъморий обидалар гавдаланади. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг бой илмий-маърифий мероси, қадимий шаҳарсозлик анъаналари ва юксак маданий цивилизация марказларидан бири сифатидаги тарихий нуфузини намоён этади. Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларда жойлашган меъморий ёдгорликлар, шунингдек, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк олим ва мутафаккирларнинг бой илмий мероси мамлакатимизнинг халқаро майдондаги илмий, маънавий қиёфасини белгилаб берувчи асосий омиллардан ҳисобланади.
Юртимиз нафақат бетакрор меъморий обидалари ва шаҳарсозлик анъаналари билан, балки бой моддий ва номоддий маданий мероси, этнографик хилма-хиллиги ҳамда юксак илмий аҳамиятга эга археологик ёдгорликлари билан ҳам жаҳон цивилизациясида алоҳида ўрин эгаллайди. Шу боис, Ўзбекистон инсониятнинг кўп асрлик маданий тараққиётини ўзида мужассам этган, бой тарихий-маданий, этнографик ва археологик меросга эга мамлакатлардан бири сифатида халқаро миқёсда эътироф этилади.
Бу заминда бунёд этилган меъморий иншоотлар ўзининг юксак бадиий-меъморий қиймати, муҳандислик ечимлари ва безак санъати билан нафақат минтақа, балки жаҳон меъморчилиги ҳамда маданий мероси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган. Асрлар давомида шаклланган мазкур меъморий анъаналар Марказий Осиёдаги шаҳарсозлик маданиятининг юксак даражасини намоён этиб, кейинги даврлар меъморчилиги ривожига ҳам сезиларли таъсир кўрсатган. Хусусан, Ўзбекистон ҳудудида сақланиб қолган мадраса, масжид, мақбара, сарой ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар ўз даврининг меъморий услуби, қурилиш технологияси, муҳандислик ечимлари ҳамда нафис амалий безак санъатининг юксак намуналари сифатида алоҳида илмий ва маданий аҳамият касб этади. Мазкур обидалар мамлакатнинг бой маданий меросини акс эттириш билан бирга, жаҳон цивилизацияси ва меъморчилик санъати тарихининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилади.
Бу тарихий меъморий иншоотларда қўлланилган ислимий ва геометрик нақшлар, флорал композициялар, ранглар уйғунлиги ҳамда нафис безак ечимлари халқ амалий санъатининг юксак даражада ривожланганини намоён этади. Ушбу безак элементлари нафақат эстетик вазифани бажарган, балки миллий бадиий тафаккур, рамзий маънолар ва кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналарининг ёрқин ифодаси сифатида ҳам аҳамият касб этади. Айниқса, уларни яратишда усталарнинг юксак касбий маҳорати, композицион ечимларни мукаммал ўзлаштиргани ва материал хусусиятларидан самарали фойдаланиш маҳорати яққол намоён бўлади.
Ўзбек меъморчилигида безак санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган моҳир ҳунармандлар орасида Уста Ширин Муродов алоҳида ўрин эгаллайди. У ўзбек миллий амалий безак санъатининг йирик намояндаларидан бири бўлиб, айниқса, ганчкорлик санъатини ривожлантириш, унинг анъанавий услубларини асраб-авайлаш ва ижодий жиҳатдан бойитишда катта хизмат қилган. Уста ўз асарларида анъанавий наққошлик ва ганч ўймакорлиги услубларини замонавий бадиий ечимлар билан уйғунлаштириб, миллий меъморий безак санъатини янги босқичга олиб чиққан усталардан бири сифатида эътироф этилади. Унинг бой ижодий мероси нафақат миллий ҳунармандчилик тараққиётида, балки Ўзбекистоннинг маданий ва меъморий меросини сақлаш ҳамда келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Уста Ширин Муродов 1879 йилда Бухоро шаҳрида авлоддан-авлодга меъморчилик ва ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириб келган оилада таваллуд топган. Унинг болалик йиллари халқ амалий санъати ва меъморчилик муҳитида кечган бўлиб, ҳунар асосларини дастлаб оила аъзоларидан ўзлаштирган. Отаси Уста Мурод ва бобоси Носир ота ўз даврининг таниқли меъмор ва ҳунармандлари сифатида танилган бўлиб, бу муҳит келажакда Уста Шириннинг моҳир ҳунарманд бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этган. Уста Шириннинг касбий фаолиятининг илк босқичи амакиси Уста Ҳаёт раҳбарлигида бошланган. Унинг устахонасида шогирд сифатида тарбия топган[1]. Ширин Муродов ганч ўймакорлиги, наққошлик ва меъморий безак санъатининг нозик сир-асрорларини пухта эгаллаган. Кейинчалик у ўзининг юқори маҳорати, ижодий ёндашуви ва анъанавий услубларни бойитишга қаратилган фаолияти билан Бухоро ганчкорлик мактабининг етук намояндаларидан бири сифатида шаклланган.
Уста Ширин Муродов асосан ганч ўймакорлиги, наққошлик ҳамда меъморий орнаментлар яратиш соҳасида самарали ижод қилган. Унинг асарларида миллий нақшчилик анъаналари, ислимий ва геометрик безаклар ҳамда юксак бадиий дид уйғунлашган бўлиб, бу жиҳатлар унинг ижодини ўзбек миллий амалий безак санъатининг муҳим намунаси сифатида баҳолаш имконини беради[2]. Уста Ширин Муродов Бухоро амирлиги ҳукмдорлари Абдулаҳадхон (1857-1910 йй.) ва Саид Муҳаммад Амир Олимхон (1880-1920 йй.) даврида яшаб ижод қилган[3]. Мазкур давр Бухоро меъморчилиги ва амалий безак санъатида анъанавий услубларнинг янада такомиллашуви билан ажралиб турган. Ана шу маданий муҳитда Уста Ширин Муродов ўзининг сермаҳсул ижоди билан ганчкорлик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб, кейинги авлод усталари учун ўзига хос ижодий мактаб яратган.
Уста Ширин Муродов асосан ганч ўймакорлиги ва меъморий безак санъати соҳасида самарали фаолият юритган. У ўз асарларида ганч пластикасининг имкониятларидан моҳирона фойдаланиб, ислимий ва геометрик нақшлар, мураккаб орнаментал композициялар ҳамда кўзгу билан уйғунлаштирилган безак ечимларини яратишда ўз даврининг бошқа усталаридан ажралиб турган. Айниқса, ойна сатҳи устига ишланган нафис ганч нақшлари унинг ўзига хос ижодий услубини намоён этувчи муҳим хусусиятлардан бири ҳисобланади. Уста Ширин Муродов ижодининг энг ёрқин намуналаридан бири Бухоро амири Саид Муҳаммад Амир Олимхоннинг Ситораи Моҳи Хоса ёзги саройида жойлашган Оқ зал безакларидир. Мазкур иншоотнинг ички безагини яратиш жараёнида устaнинг юксак касбий маҳорати, бадиий диди ва ижодий изланишлари тўла намоён бўлган. Оқ зал композицияларида анъанавий шарқона ислимий ва геометрик нақшлар европача интерьер ечимлари билан уйғунлаштирилган бўлиб, бу ҳолат XIX аср охири – XX аср бошларидаги Бухоро меъморий безак санъатида шарқ ва ғарб бадиий анъаналарининг уйғунлашувини яққол акс эттиради.
Мазкур безакларда Уста Ширин Муродов ганч ўймакорлиги анъаналарини янги бадиий изланишлар билан бойитган. Хусусан, у биринчи бор меъморий безак композицияларида кўзгудан кенг фойдаланиб, унинг сатҳига нафис ганч нақшларини ишлаш орқали интерьерга чуқурлик, нур жилоси ва юксак эстетик таъсир бағишлашга эришган. Натижада, ганч нақшлари ва кўзгунинг ўзаро уйғунлиги ўзига хос декоратив муҳитни шакллантириб, бу, ўз навбатида, миллий ганчкорлик санъатини янги бадиий босқичга олиб чиққан муҳим ижодий ечим сифатида баҳоланади.
Шунингдек, Уста Ширин Муродов ижодининг яна бир йирик намунаси Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта опера ва балет театрининг “Бухоро зали” ички безакларини яратишдаги иштирокидир[4]. Мазкур залнинг бадиий безатилишида у ганч ўймакорлиги, декоратив паннолар, плафонлар, карнизлар ва бошқа меъморий безак элементларини юксак маҳорат билан ишлаган. Ушбу ишлар миллий ганчкорлик санъатининг анъанавий услубларини замонавий меъморий ечимлар билан уйғунлаштирган ҳолда амалга оширилган бўлиб, бинога ўзига хос бадиий қиммат ва миллий руҳ бағишлаган.
Устанинг мазкур ижодий фаолияти давлат томонидан ҳам юксак баҳоланган. Жумладан, у 1948 йилда Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта опера ва балет театрини безаш ишларидаги хизматлари учун СССРнинг нуфузли давлат мукофотларидан бири – “Биринчи даражали Сталин” мукофоти билан тақдирланган. Мазкур мукофот устанинг ўзбек миллий амалий безак санъати ва ганчкорлик мактабини ривожлантириш ҳамда унинг ютуқларини жаҳон меъморчилиги билан уйғунлаштириш борасидаги хизматларининг юксак эътирофи ҳисобланади.
Уста Ширин Муродов нафақат янги меъморий иншоотларни безаш, балки Ўзбекистоннинг бир қатор тарихий-маданий ёдгорликларини таъмирлаш ва реставрация қилиш ишларида ҳам фаол иштирок этган. Хусусан, унинг иштирокида Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси, Мир Араб мадрасаси, Абдулазизхон мадрасаси, Мағоки Аттор масжиди ҳамда Самарқанддаги Шоҳи Зинда меъморий мажмуаси каби ноёб тарихий обидаларнинг айрим меъморий-безак элементлари қайта тикланган[5]. Айниқса, ушбу иншоотлар пештоқларидаги кошинкор нақшлар, ганч безаклари ва бошқа декоратив композицияларни асл қиёфасини сақлаган ҳолда реставрация қилишда устанинг юксак касбий маҳорати яққол намоён бўлган.
Ширин Муродов ўзбек ганчкорлик санъати тараққиётига янги бадиий йўналиш олиб кирган усталардан бири сифатида эътироф этилади. У анъанавий гириҳ ва ислимий нақшлар билан бир қаторда кўзгу сатҳи устига ганч орқали гулсимон, юлдузсимон ва бошқа мураккаб орнаментал композициялар яратиш усулини такомиллаштириб, уни кенг оммалаштирган. Бу ижодий ёндашув меъморий интерьерларга нур, фазовий чуқурлик ва ўзига хос бадиий жозиба бағишлаб, миллий ганч ўймакорлиги санъатининг визуал-эстетик имкониятларини янада кенгайтирган.
Уста Ширин Муродов яратган безак композициялари нафақат юксак бадиий маҳорати, балки миллий маънавий қадриятлар, халқнинг эстетик диди ва кўп асрлик маданий анъаналарини ўзида мужассам этгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, унинг ижодий мероси ўзбек амалий безак санъати ва меъморчилик тарихи тараққиётида муҳим ўрин тутади ҳамда миллий маданий мероснинг ажралмас қисми сифатида юксак баҳоланади.
Уста нафақат моҳир ганч ўймакори ва меъморий безак санъати устаси, балки ўз тажрибасини кейинги авлодларга етказган етук педагог ҳам бўлган. У кўплаб шогирдлар тайёрлаб, миллий ганчкорлик ва наққошлик мактабининг шаклланиши ҳамда ривожланишига муносиб ҳисса қўшган. Унинг педагогик фаолияти Самарқанд таъмирчилар мактаби, Тошкент қурилиш санъати мактаби, Москва бадиий санъат билим юрти ҳамда П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юрти каби таълим муассасалари билан боғлиқ бўлиб, бу ерларда у ганч ўймакорлиги, наққошлик ва меъморий безак санъати йўналишлари бўйича ўз билим ва тажрибасини ёш мутахассисларга ўргатган.
У 1957 йил 12 февралда вафот этган ва Тошкент шаҳридаги Чиғатой қабристонига дафн этилган. Унинг миллий амалий безак санъати ва меъморчилик ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси давлат томонидан муносиб эътироф этилган. У машҳур ўзбек наққош рассоми, ганч ўймакори ва халқ меъмори сифатида танилган бўлиб, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган санъат арбоби фахрий унвонига сазовор бўлган. Шунингдек, “Ленин”, “Меҳнат Қизил нишони” орденлари, мустақиллик йилларида эса “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. Устанинг бой ижодий мероси ва миллий меъморий безак санъати тараққиётига қўшган хизматларини абадийлаштириш мақсадида Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса ёзги саройи ҳудудида унинг хотирасига бағишлаб бюст ўрнатилган. Бу ёдгорлик халқ устасининг ўзбек ганчкорлик санъати ривожида тутган ўрни ва миллий маданий меросни сақлаш ҳамда бойитиш йўлидаги хизматларига билдирилган юксак эҳтиром ифодаси ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни айтишмиз мумкинки, икки ҳукмдор даврида ижод қилган Уста Ширин Муродов – нафақат саройлар безагини яратган моҳир ҳунарманд, балки асрлар оша яшайдиган миллий санъат хазинасини барпо этган буюк санъаткордир.
- Аҳмадов Т. Ўзбекистон маданий мероси ва меъморий анъаналар. – Т.: Ўзбекистон, 2010.
- Каримов М. Бухоро меъморлиги ва ганчкорлик санъати. – Самарқанд: СамТУ нашриёти, 2015.
- Раҳимов Ф. Ўзбек миллий ҳунармандчилиги тарихи. – Т.: Фан, 2008.
- Иброҳимов Ш. Ўзбекистоннинг тарихий ёдгорликлари. – Т.: Маърифат, 2002.
- Султонов А. Ганчкорлик санъати ва замонавий ривожланиш. – Т.: Ўзбекистон, 2014.
- Ноткин И.И. Бухарская резьба по ганчу в работах Усто Ширина Мурадова. – Т.: Государственное издательство художественной литературы УзССР, 1961.
- Саломова Х.Ю., Тўлаганов А.А. Шарқ архитектурасида гўзаллик ва меъёр. – Бухоро: Дурдона нашриёти, 2019.
- Сафаров Р. Судьба мастера. – Т.: Издательство литературы и искусства, 1987.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





