Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон ва Индонезиянинг илмий-таълим ва маърифий муассасалари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда Марказ масъуллари билан Индонезиянинг Нававий номидаги Ислом институти ва JATMAN (Сўфийлик тариқатлари ташкилоти) раҳбарияти делегацияси вакиллари иштирок этди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш, бой маънавий меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилиш, таълим ва илмий тадқиқот соҳаларида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларнинг илмий-маънавий мероси бутун инсоният учун умумий бойлик экани таъкидланди. Хусусан, илмни ривожлантириш йўлида Имом Бухорийнинг ҳақиқат, ишончлилик ва юксак ахлоқий қадриятларга асосланган ёндашуви бугунги кунда ҳам муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.


Учрашувнинг муҳим натижаси сифатида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Индонезиянинг мазкур муассасалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат илмий-тадқиқот соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, академик алмашувларни йўлга қўйиш, конференция, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, шунингдек, қўшма маърифий лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос яратади.

Ташриф доирасида индонезиялик меҳмонлар Марказ ва Имом Бухорий мажмуаси билан танишиб, буюк муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий фаолияти, ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси, Ўзбекистонда унинг илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотга эга бўлди.


Мулоқот Ўзбекистон билан Индонезия ўртасидаги тарихий ва маънавий яқинликни янада мустаҳкамлаш, илм-фан ва маърифат соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





