Home / МАҚОЛА / ИМОННИНГ ҲАҚИҚАТИ  (Абул Баракот Насафийнинг “Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

ИМОННИНГ ҲАҚИҚАТИ  (Абул Баракот Насафийнинг “Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

Имоннинг луғавий маъноси тасдиқ этиш, ишонишдир. Аллоҳ таоло Юсуфнинг биродарлари ҳақида хабар бериб:

﴿وَمَا أَنْتَ بِمُؤْمِنٍ لَنَا وَلَوْ كُنَّا صَادِقِينَ﴾  

“Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмайсан”[1], яъни бизни ростгўй деб тасдиқловчи эмассан, деган.

Шундан келиб чиқиб ақида олимлари: “Имон қалб билан тасдиқламоқдир. У Расул алайҳиссаломни Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсалари борасида ростгўй деб тасдиқлашдир”, дейди.

Аллоҳга, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга, охират кунига тафсилотлари билан имон келтириш ҳам имоннинг рукнларидан ҳисобланади. Ким мазкур нарсаларни қалби билан тасдиқласа, Аллоҳ таолонинг наздида мўмин ҳисобланади.

Тил билан иқрор бўлиш эса ислом аҳкомларини ижро этишда шарт ҳисобланади. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан келтирилган иккита ривоятнинг бирида шундай дейилган. Шайх Абу Мансур Мотуридий ҳам шуни маъқуллаган.

Куфр имоннинг зидди бўлиб, у ёлғонга чиқариш ва инкор этиш маъносини англатади. Куфр ҳам имон сингари қалбга оид ишдир. Шунинг учун куфр имоннинг зидди, дейилади.

Аллоҳ таоло:

﴿فَمَنْ يَكْفُرْ بِالطَّاغُوتِ وَيُؤْمِنْ بِاللَّهِ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَى﴾  

“Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга имон келтирса, батаҳқиқ, мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади”[2], деган. Оятда “тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга имон келтирса” деган иборадан шайтонни ёлғонга чиқариб, Аллоҳни тасдиқ этиш назарда тутилган.

Баъзилар: “Имон – маърифат (билмоқ)дир” деган. Бу гап хатодир. Чунки аҳли китоблар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни худди болаларини билгандек биларди. Аллоҳ таоло:

﴿الَّذِينَ آَتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يَعْرِفُونَهُ كَمَا يَعْرِفُونَ أَبْنَاءَهُمْ﴾  

“Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийди”[3], деган. Аммо улар (аҳли китоблар) имон келтирмади, яъни тасдиқламади. Бундан имон фақатгина билишдан иборат эмаслиги маълум бўлади.

Баъзилар: “Имон фақат тил билан иқрор бўлмоқдир”, деган. Бу гап ҳам хатодир. Аллоҳ таоло:

﴿وَقَلْبُهُ مُطْمَئِنٌّ بِالْإِيمَانِ﴾  

“Қалби имон билан хотиржам бўлган киши”[4], деган. Бу имоннинг ўрни тил эмас, қалб эканини англатади.

Амаллар имон рукнидан ҳисобланмайди. Аммо Молик, Авзоий ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳлар: “Имон – қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш ва арконларга амал қилишдир”, деган.

Мўътазилалар: “Имон – барча тоатларга тегишли исмдир”, деган.

Имом Фахриддин Розий: “Амаллар имон сўзининг остига дохил бўлмайди”, деган.

Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: “Фосиқлик (гуноҳ қилиш) инсонни имондан чиқармайди”, деган.

Амаллар имоннинг рукнидир, деганларга қуйидагича жавоб берилади: “Агар имон шариатдаги барча амаллар учун исм бўлса, уларнинг бирортаси бажарилмай қолганда, имон тўлиқ бўлмаган ҳисобланарди. Аммо ҳайз кўрган аёл намоз ўқимасада, унинг имони тўлиқ ҳисобланади. Агар амаллар имоннинг рукнидан бўлганда, намоз ўқимаган аёлнинг имони тўлиқ бўлмасди”.

Мўътазила ва хаворижлар: “Гуноҳ қилган киши имондан чиқади”, деган. Сўнгра мўътазилалар: “У имондан чиқади, аммо куфрга кирмайди. У икки манзил орасида бўлади”, деб, хаворижлар эса: “У куфрга киради”, деб ўзаро ихтилоф қилган.

Бунга қуйидагича жавоб берилади: Қуръони каримда бир неча ўринда амаллар ва имон “ва” боғловчиси билан келган.

Аллоҳ таоло:

﴿إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ﴾  

“Албатта, имон келтирган ва солиҳ амал қилганлар…”[5],

 ﴿الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاةَ﴾  

“Улар ғайбга имон келтирадилар ва намозни тўкис адо этадилар”[6], деган. Араб тилида “ва” боғловчиси олдинги жумлани кейинги жумладан бошқа эканини ифодалайди. Бу имон амалдан бошқа эканига далилдир.

Амаллар имон рукнидан бўлмасада, уларнинг қабул қилиниши учун имон бўлиши шарт. Чунки имони йўқ одамдан амаллари қабул қилинмайди. Аллоҳ таоло:

﴿وَمَنْ يَعْمَلْ مِنَ الصَّالِحَاتِ وَهُوَ مُؤْمِنٌ﴾  

“Кимки мўмин ҳолида яхши амаллар қилса…”[7], деган. Бу яхши амалларнинг қабул бўлиши учун имон зарур эканига далилдир.

Аллоҳ таоло яна:

﴿وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ﴾  

“Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этинглар”[8], деган. Бу оятда ҳам Аллоҳ ва Расулига итоат этиш мўминликка боғлиқ экани таъкидланган.

Қуйидаги оят ҳам сўзимизни қувватлайди:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ﴾  

“Эй имон келтирганлар! Сизга рўза фарз қилинди”.  Бу ҳам имон ва амал бошқа-бошқа нарсалар эканини англатиши билан бирга, имон сўзи фақат тасдиқ маъносини ифодалашига далилдир.

Аллоҳ таолонинг душманлари азобни кўрган пайтда амалларни қўйиб, тасдиқлаш билан кифояланиши ҳам бунга яққол далилдир. Аллоҳ таоло Фиръавннинг ғарқ бўлиш ҳолатини тасвирлаб бундай дейди:

﴿قَالَ آَمَنْتُ أَنَّهُ لا إِلَهَ إِلا الَّذِي آَمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ﴾  

“У (Фиръавн): “Бани Исроил имон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқлигига имон келтирдим”, деди”[9]. Юнус алайҳиссалом қавми ҳақида эса бундай дейди:

﴿آَمَنَّا بِاللَّهِ وَحْدَهُ وَكَفَرْنَا بِمَا كُنَّا بِهِ مُشْرِكِينَ﴾  

(Улар:) “Биз Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига имон келтирдик ва Унга шерик қилган нарсаларимизга куфр келтирдик” (деди)[10].

Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан имон ҳақида сўраганида, у зот: “Имон – Аллоҳни, фаришталарни, китобларни, Пайғамбарларни ва охират кунини тасдиқ этмоғинг ва қадарнинг яхшию ёмонини тасдиқламоғингдир”, деганлари ҳам имон “тасдиқлаш” маъносида эканига далилдир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Абу Мансур Мотуридий ва у кишининг издошлари имоннинг асли қалб билан тасдиқламоқ эканини таъкидлаган.

Бундан келиб чиқадики, қалбида имон келтириб тилида иқрор бўлмаган одам Аллоҳнинг наздида мўмин ҳисобланади. Лекин бу унга ислом аҳкомларини ижро этиш учун кифоя қилмайди. Масалан, тили билан иқрор бўлмаса, никоҳи ўқилмайди.

Аммо қалбида имон келтирмай, тили билан иқрор бўлган киши Аллоҳнинг наздида кофир ҳисобланади. Лекин ижтимоий ҳаётда унга мўминлардек муомала қилинади. Бу каби одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам бўлиб, улар мунофиқлар, дейилган.

[1] Юсуф сураси, 17-оят.
[2] Бақара сураси, 256-оят.
[3] Бақара сураси, 146-оят.
[4] Наҳл сураси, 106-оят.
[5] Буруж сураси, 11-оят.
[6] Бақара сураси, 3-оят.
[7] Тоҳо сураси, 112-оят.
[8] Анфол сураси, 1-оят.
[9] Юнус сураси, 90-оят.
[10] Ғофир сураси, 84-оят.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АЛЛОҲ МАКОНДАН ХОЛИДИР (“Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

Айрим адашган тоифалар Қуръони каримдаги муташобиҳ оятларни нотўғри таъвил қилиб, Аллоҳ таолога макон нисбат беради. …