Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Имом Бухорий мероси – икки халқни боғловчи маънавий кўприк”

“Имом Бухорий мероси – икки халқни боғловчи маънавий кўприк”

Индонезиянинг нуфузли Kalimantan Post нашрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Нодир ака Қобиловнинг шу номдаги мақоласи эълон қилинди.

Унда Ўзбекистон билан Индонезия ўртасидаги тарихий дўстлик, икки мамлакатни бирлаштириб турган умумий исломий қадриятлар ва Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий-маънавий мероси ҳақида сўз юритилган.

Муаллиф таъкидлаганидек, Имом Бухорий нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон олами, хусусан, Индонезия халқи наздида юксак эҳтиромга сазовор алломадир. Унинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асари Индонезиядаги минглаб ислом таълим муассасаларида асосий ҳадис манбаларидан бири сифатида ўқитилади.

Шунингдек, мақолада Индонезиянинг биринчи Президенти Аҳмад Сукарнонинг Самарқандга 1956 йилдаги ташрифи ва Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиши ушбу муқаддас қадамжога давлат миқёсида эътибор қаратилишига туртки бўлгани алоҳида қайд этилган.

Муаллиф Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ҳадисшунослик, қўлёзмалар тадқиқи, халқаро илмий ҳамкорлик, олимлар алмашинуви ва қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш борасида Индонезиянинг қатор олий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлайди. Шу билан бирга, зиёрат туризми, “ҳалол” индустрияси, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари кенг ёритилган.

Мақола якунида Имом Бухорийнинг илмий мероси бугунги кунда Ўзбекистон ва Индонезия халқларини янада яқинлаштирувчи, илм-фан, маърифат ва бағрикенглик ғояларини тарғиб этувчи мустаҳкам маънавий кўприк экани алоҳида эътироф этилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ҳадисшуносликка бағишланган қимматли манба

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 1 август куни таниқли уламо Искандар Халилов томонидан нашрга тайёрланган …