Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва унинг таркибидаги Инновацион музейда фаолият юритувчи гид-экскурсоводларнинг касбий малакасини ошириш, хизмат кўрсатиш стандартларини такомиллаштириш ва зиёратчиларга сифатли экскурсия хизматлари кўрсатиш мақсадида “Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси” мавзусида малака ошириш ўқув курси ташкил этилди.

“Имом Бухорий мажмуасининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Йўл харитаси”нинг ижроси доирасида Марказда ўтказилаётган машғулот Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш, атроф ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш департаменти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тингловчиларга туризм соҳасини тартибга солувчи қонунчилик, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу жараёнда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг ўрни, ислом маърифатининг асосий тамойиллари, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми борасидаги салоҳияти ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳақида маълумотлар берилмоқда. Шунингдек, Имом Бухорийнинг илмий мероси, ҳадислардаги ижтимоий-ахлоқий қадриятлар, аллома асарларининг жамият маънавий муҳити ва барқарорлигини таъминлашдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Амалий машғулотларда гид-экскурсоводлик фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари, профессионал маҳорат ва касбий малакани ривожлантириш, зиёрат туризми объектларида хизмат кўрсатиш қоидалари ва тарихий-маданий мерос объектларини зиёратчиларга профессионал тарзда таништириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Зеро, зиёрат туризми объектларида фаолият юритувчи гид-экскурсовод нафақат тарихий ва диний маълумотларни етказувчи мутахассис, балки мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси, миллий қадриятлари ва маърифий салоҳиятини маҳаллий ва хорижий зиёратчиларга таништирувчи фидойи фуқародир.

Шу нуқтаи назардан, гид-экскурсоводларнинг диний-маърифий ва тарихий билимлари билан бир қаторда, мулоқот маданияти ва касбий маҳоратини мунтазам ошириб бориш зиёрат туризми хизматлари сифатини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

36 соатга мўлжалланган машғулот уч кун давом этади. Бу тадбир Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида зиёрат туризми хизматларини янада такомиллаштириш, гид-экскурсоводларнинг касбий ва маърифий салоҳиятини ошириш ҳамда зиёратчилар учун мазмунли ва юқори савиядаги экскурсия хизматларини йўлга қўйишга йўналтирилган.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





