Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗДА “ЁШЛАР БИЛАН БИР КУН”

МАРКАЗДА “ЁШЛАР БИЛАН БИР КУН”

2026 йил 6 август куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Марказ жамоаси ва Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг ёш ходимлари иштирокида устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлаш, ёшлар билан очиқ мулоқот ва тажриба алмашишга қаратилган “Ёшлар билан бир кун” акцияси ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 апрелдаги “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.

Марказ директори Ш. Зиёдов бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини ошириш давр талаби эканини, илмий изланишларини рағбатлантириш, давлат хизматчилари билан ёшлар ўртасида очиқ мулоқот, тажриба алмашувини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Марказ илмий ходими Б.Турсунов ёшларнинг оила ва жамият барқарорлигини таъминлашдаги масъулияти ҳақида маъруза қилди. Нотиқ ёш авлоднинг оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида камол топиши хусусида сўз юритди.

Тажрибали илмий ходимлардан яна бири Н.Қобилов эса илмий тадқиқотларни амалга оширишда “устоз-шогирд” анъаналарининг аҳамияти ҳақида маъруза қилди. Миллий қадриятларимизда устоз-шогирд муносабатларининг улуғланиши, устозга ҳурмат-иззат кўрсатишнинг тарихий-маънавий асослари, илмий изланишлар жараёнида устоз тажрибаси ва кўрсатмаларидан фойдаланишнинг ёш тадқиқотчилар касбий ва илмий салоҳиятини оширишдаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида сўзлади.

Мулоқот давомида илмий мактаблар давомийлигини таъминлаш, ёш тадқиқотчиларни илмий изланишларга жалб этиш, уларда тадқиқотчилик кўникмаларини шакллантириш ва илмий-маънавий меросни келажак авлодга етказишда устоз-шогирд анъанасининг ўрни хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга тажрибали мутахассисларидан атрофлича жавоблар олди.

Тадбир савол-жавобларга бой форматда, қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илмий ҳамкорлик истиқболлари муҳокамаси

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев ва Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи …