Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий меросининг Малайя дунёсидаги ўрни

Имом Бухорий меросининг Малайя дунёсидаги ўрни

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Брунейдаги Султон Шариф Али номидаги Ислом университети (UNISSA) ҳамкорлигида “Имом Бухорийнинг Малайя дунёсига таъсири: Бруней Доруссалом ва Малайзия мисолида” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуманда Марказ ходимлари, Ҳадис илми мактаби раҳбарияти, Бруней, Малайзия, Индонезия, Туркия ва Мисрдан ташриф буюрган етакчи шарқшунос ва манбашунос олимлар, тадқиқотчи-стипендиатлар иштирок этди.

Анжуман очилишида Марказ директори, профессор Шовосил Зиёдов ва UNISSA проректори Сити Сора бинти Ҳожи Аҳмад хоним Мовароуннаҳр ва Жануби-Шарқий Осиё халқларини боғлаб турган асрий илмий-маърифий ришталарнинг мустаҳкам тарихий пойдеворини алоҳида эътироф этди.

Конференция давомида Малайзиянинг Малайя университети Ислом тадқиқотлари академияси профессори Муҳаммад Фавзий ибн Ҳамад ва бошқа хорижий экспертлар Малайя дунёсида ислом цивилизацияси ва манбашунослик ривожи бўйича маъруза қилди.

Муҳокамаларда асосий эътибор “Саҳиҳул Бухорий” асарининг Малайзия ва Бруней таълим тизими ҳамда манбашунослик меъёрларини шакллантиришдаги академик ўрнига қаратилди. Иштирокчилар Имом Бухорийнинг тадқиқот методологияси бугунги кунда ҳам замонавий исломшуносликда бош мезон сифатида хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Малайзия ва Брунейнинг етакчи академик муассасаларида илмий тадқиқотларни уч тилда – малай, араб ва инглиз тилларида олиб бориш тажрибаси Мовароуннаҳр алломалари меросини глобал илмий доираларга ёйишда стратегик кўприк бўлиши таъкидланди.

Мулоқотлар давомида Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё жамиятлари ўртасидаги маданий-этнографик муштараклик, исломий қадриятлар ва ҳадисларнинг кундалик турмуш ва урф-одатлардаги (“барҳаёт ҳадис” концепцияси асосида) антропологик кўринишлари таҳлил қилиниб, Бруней ва минтақанинг бошқа мамлакатларидаги ноёб қўлёзмалар базасини сақлаш, каталоглаштириш ва уларни Марказий Осиё архив манбалари билан солиштирма ўрганиш бўйича истиқболдаги ҳамкорлик қадамлари этиб белгилаб олинди.

Анжуман доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан UNISSA ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандуми бўйича протокол имзоланди. Маросимда Сити Сора бинти Ҳожи Аҳмад хоним Ўзбекистон ислом цивилизациясининг энг буюк намояндалари етишиб чиққан муқаддас диёр эканини ва Имом Бухорий, унинг бой илмий мероси глобал миқёсда алоҳида аҳамиятга эга эканини эътироф этди. Бугун расмийлаштирилаётган ўзаро ҳамкорлик шунчаки мулоқот платформаси бўлиб қолмай, балки қўлёзмалар манбашунослиги, қўшма илмий лойиҳалар ва академик алмашувларни янги босқичга олиб чиқувчи амалий пойдевор бўлишини таъкидлади.

Анжуман якунида хорижлик меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, аллома қабрини зиёрат қилди ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган инновацион музей ва масжид фаолияти билан яқиндан танишди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

БИЗ БУГУН КЕЧАГИДАН КУЧЛИМИЗ Эртага бундан ҳам кучли бўламиз

Истиқлол неъмати туфайли юртимизда нафақат давлат ва жамият ҳаётида улкан ўзгаришлар рўё берди, балки халқимизнинг …