Home / МАҚОЛА / Тўғри йўл – ВАТАНГА СОДИҚ БЎЛИШ

Тўғри йўл – ВАТАНГА СОДИҚ БЎЛИШ

Инсон қанча фаровон яшамасин, у яна мукаммал тизим истайверади. Шундан бўлса керак, баъзан “ўтмишдаги фалон тузумни тиклаш керак” деган гаплар қулоққа чалинади. Замон билан ҳам нафас бўлиш ўрнига, айримларнинг ортга қайтиш орзуси киши ни ажаблантиради.

Тарих – фақат “соғиниш” учун эмас, балки ундан тўғри хулоса чиқариб, келажакни мустаҳкам кўришга хизмат қилиши керак. Зеро, ҳар бир даврнинг ўз ҳақиқати ва бошқарувдаги заруратлари бўлади.

Афсуски, ижтимоий тармоқларда “ҳозир халифалик бўлгандамиди…” деган мазмунда чиқишлар қилиб, одамлар орасига фитна уруғини сочаётганлар ҳамон учрайди. Улар ёшларимизни “халифалик қуриш зарур” ва “Ватанни ташлаб, ўзга юртларга ҳижрат қилиш керак” каби ёт ғоялар билан чалғитиб, онгу шуурини заҳарлашга уринмоқда. Бу сохта даъватларга эргашганлар эса ўзга юртларда хору зор бўлиб, ўлиб кетмоқда ёки юртда панжара ортига равона бўлмоқда. Уларга яқин ўн йиллар ичида Сурия ва Ироқдаги содир бўлган воқеалар, ИШИД каби террорчи ташкилотларнинг хунрезликлари сабоқ бўлмаяпти.

“Халифалик”, “ҳижрат” ёки “бошқа юртда нажот бор” деган чақириқлар аслида инсонни ўз илдизидан, оиласидан, фарзандидан ва ҳақиқий саодатдан узоқлаштирувчи йўл. Бу йўл ҳеч қайси диний манбада асосланмаган ё ҳеч қайси мазҳабда мақталмаган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк алломаларимиз ҳам умрини мусофирликда илм талаби, саҳиҳ ҳадисларни жамлаш билан ўтказган бўлса-да, пировардида ўз юртига келиб омонатини топширган.

Уларнинг бирортаси “давлатни мана бундай қуриш керак”, “халифа сайлаб унга эргашиш керак” деб таълим бермаган. Бутун умрини илм олиш, дин ва халққа манфаат келтиришдек хайрли ишлар билан ўтказган. Ўз асарларида эса раҳбарларга итоатли бўлиш, фитналар, бўҳтонлар ва инсонларга зарар келтирадиган барча ишлардан тийилишга ундаган. Улар бизга фитна эмас – фаросатни, вайронкор ғоя эмас – илмни, юртдан қочиш эмас – халққа хизмат қилишни мерос қолдирган.

Демак, бугунги энг тўғри йўл Ватанга содиқ бўлиш, ёшлар онгини ҳар хил бузғунчи таъсирлардан асраш, жамиятда осойишталик ва бирликни мустаҳкамлашдир. Чунки юртни асраш – иймондан, одамларни огоҳ қилиш – виждондан, сохта чақириқларга алданмаслик эса ақл ва масъулиятдан далолат беради.

Зеро, ҳақиқий бахт тинч ва барқарор ҳаёт, қонуний ҳимоя, маънавий хотиржамлик, илм олиш имконияти ва Ватан равнақи йўлида ҳалол хизмат қилишдадир. Ўтмишни орзу қилиш билан келажакни қуриб бўлмайди. Аксинча, тарихдан тўғри сабоқ чиқарган жамиятгина мустаҳкам тараққиётга эришади.

Тоҳир ЭВАДУЛЛАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: Ҳидоят журнали 2026-йил 5-сон

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ «АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД» АСАРИДА ИЛМ ВА АДАБ ТУШУНЧАЛАРИНИНГ ФАЛСАФИЙ ТАҲЛИЛИ

«Ал-Адаб ал-Муфрад» асари Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг одоб-ахлоқ ҳақидаги ҳадисларини жамлаган нодир тўплам бўлиб, унда мусулмон …