Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / KALIMANTANPOST: «САҲИҲУЛ БУХОРИЙ» ИЗИДАН — ИНДОНЕЗИЯЛИК ИККИ ОЛИМ САМАРҚАНДДА ИЛМИЙ ИЗЛАНИШДА

KALIMANTANPOST: «САҲИҲУЛ БУХОРИЙ» ИЗИДАН — ИНДОНЕЗИЯЛИК ИККИ ОЛИМ САМАРҚАНДДА ИЛМИЙ ИЗЛАНИШДА

Индонезиянинг Жакарта шаҳридаги Қуръон илмлари институти (Institut Ilmu Al-Qur’an — IIQ Jakarta)нинг икки ўқитувчиси — доктор Шамсул Арияди ва доктор Аҳмад Ҳавосий «Imam Bukhari International Scholarship 2026» (Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия) дастури доирасида тадқиқотчи сифатида Ўзбекистонда илмий изланиш олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритди.

Мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имоми Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган бўлиб, амалиёт 2026 йил 1 августдан 30 сентябрга қадар давом этади. Унинг доирасида тадқиқотчиларимиз ислом илмлари, Марказий Осиёнинг илмий-интеллектуал мероси, минтақанинг тарихи ва маданияти, шунингдек, қўлёзмалар ва Шарқ санъати йўналишларида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Доктор Шамсул Ариядининг тадқиқоти «Genealogy and Contextualization of Sahih Al-Bukhari in the Context of Javanese Culture» (Ява маданияти нуқтаи назаридан “Саҳиҳул Бухорий”нинг санади ва шарҳи) мавзуида бўлиб, унда ушбу машҳур асарнинг Нусантара мадрасаларидаги «маъно гандул» анъанаси орқали авлоддан авлодга ўтиши ва Ява маданиятидаги ўрни ўрганилади.

Доктор Аҳмад Ҳавосий эса «The Impact of Sahih al-Bukhari on the Development of Tafsir Literature in Indonesia in the 20th Century» (XX асрда “Саҳиҳул Бухорий”нинг Индонезиядаги тафсир илми ривожига таъсири) мавзусида тадқиқот олиб бормоқда. У “Саҳиҳул Бухорий” асарининг XX аср Индонезия муфассирлари асарларидаги “излари”ни таҳлил қилади.

12 август куни ҳар икки тадқиқотчи Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ва илмий ходимлари ҳузурида ўз илмий лойиҳаларининг дастлабки тақдимотларини ўтказди. Тадбирда IIQ Jakarta ректори ва институт жамоаси Индонезиядан туриб онлайн тарзда иштирок этди.

Олимларимиз учун турар-жой ва замонавий иш кабинети ажратилган, бой кутубхонадан фойдаланиш имконияти берилган, илмий изланишларни самарали ташкил этиш учун бошқа зарур маъмурий ёрдам кўрсатилмоқда.

IIQ Jakarta ректори профессор доктор Ҳожи Нажматул Фаиза икки ўқитувчининг Имом Бухорий номидаги халқаро стипендияга сазовор деб топилганини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, мазкур ютуқ нафақат академик муваффақият, балки Индонезия билан Ўзбекистон ўртасидаги илмий-академик алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатларимиз олимларининг жаҳон ислом меросини ўрганишга қўшаётган ҳиссасини кенгайтиришга хизмат қилади.

Индонезиялик икки олимнинг Имом Бухорий мероси билан боғлиқ муҳим илмий мавзуларни Самарқандда тадқиқ этаётгани Ўзбекистон билан Индонезия ўртасидаги илмий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин намунаси бўляпти.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Гид-экскурсоводлар малакаси оширилмоқда

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва унинг таркибидаги Инновацион музейда фаолият юритувчи гид-экскурсоводларнинг касбий малакасини ошириш, …