Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури доирасида Марказда амалиёт ўтаётган индонезиялик тадқиқотчилар – Жакарта Қуръон илмлари институти доктори Аҳмад Ҳавосий Маҳфуз Саин ва тадқиқотчи Шамсул Арияди ўз илмий изланишлари юзасидан тақдимот ўтказди. Тадбирда Жануби-Шарқий Осиёнинг энг йирик мусулмон давлати бўлмиш Индонезияда Имом Бухорий ва “Саҳиҳул Бухорий” асарининг тутган ўрни, манбанинг маҳаллий тафсиршунослик ва Ява анъанавий маданиятига кўрсатган чуқур таъсири атрофлича ёритилди.

Аҳмад Ҳавосий Маҳфуз Саин «ХХ асрда Индонезияда “Саҳиҳул Бухорий” асарининг тафсир китоблари ривожига таъсири» мавзусидаги тақдимотида ўтган асрда ўз юртида миллий ва маҳаллий тилларда тафсир ёзиш миллий уйғониш босқичига кўтарилганини таъкидлади.

Олимнинг қайд этишича, “Саҳиҳул Бухорий” маҳаллий муфассирлар учун алоҳида академик ва услубий мезон вазифасини ўтаган. Маърузада таъкидланганидек, ушбу нодир манба Индонезия тафсир мактабини турли тўқима ривоятлар ва заиф ҳадислардан тозалашда, ақида, фиқҳий ҳукмлар ҳамда жамиятдаги замонавий муаммоларни (аёллар ҳуқуқлари, ижтимоий ва илмий масалаларни) шариат нуқтаи назаридан тўғри талқин қилишда асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда. Бу жараён мамлакатда “тафсир бир раъй” (шахсий фикрга асосланган тафсир)дан “тафсир бил маъсур” (саҳиҳ манбаларга таянган тафсир)га ўтишда муҳим омил бўляпти.

Шамсул Арияди эса «Ява маданияти контекстида “Саҳиҳул Бухорий”нинг генеалогияси таҳлили» номли тақдимотида Мовароуннаҳр илмий муҳитида яратилган ҳадис илми анаъаналарининг Ява оролидаги анъанавий диний мактаблар (песантрен – сантрилар, яъни исломни ўрганувчи ўқувчилар маскани) тизимига кириб бориш босқичларини очиб берди. Тадқиқотчи маҳаллий аҳоли орасида “Саҳиҳул Бухорий”ни ўқитиш, шарҳлаш ва англатишда қўлланадиган “Макна Гандул” (Makna Gandhul) номли ноёб методологияга алоҳида тўхталди. Бу усул арабча асл матн билан бирга ява ва пегон (араб ёзувига асосланган явача) тилларида грамматик ва мазмунга оид шарҳларни сатрлараро жойлаштириш орқали манбанинг аслияти ва академик нуфузини сақлаган ҳолда уни маҳаллий маданиятга мослаштириш (маҳаллийлаштириш) имконини берган.


Олимлар ўз хулосаларида Мовароуннаҳрнинг бой илмий мероси, хусусан, Имом Бухорийнинг саҳиҳ тўплами асрлар давомида қитъалараро маданий ва маънавий кўприк вазифасини ўтаб келганини, бугунги кунда ҳам Жануби-Шарқий Осиё мусулмонларининг илмий ва маънавий ҳаётида етакчи ўрин тутишда давом этаётганини эътироф этди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





