Home / МАҚОЛА / ҲАДИСЛАР ҲАМ АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ВАҲИЙ ЭКАНИГА ҚУРЪОНИ КАРИМДАН ДАЛИЛЛАР (ИККИНЧИ ҚИСМ)

ҲАДИСЛАР ҲАМ АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ВАҲИЙ ЭКАНИГА ҚУРЪОНИ КАРИМДАН ДАЛИЛЛАР (ИККИНЧИ ҚИСМ)

3-4-5. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнг рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз! Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангиз! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади» [Бақара сураси, 187-оят].

Ушбу улуғ оятнинг аввалида рўза кечаларида аёл билан қовушиш ҳалол қилингани таъкидланмоқда. Бирор нарса ҳалол қилиндими, демак, ундан олдин ҳаром бўлган. Шунингдек, оятнинг давомидаги «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз» деган сўзлар ҳам қовушишга изн берилишидан олдин бу амал тақиқланган бўлганини билдиради. Ваҳоланки, бу тақиқ ҳақида Қуръонда бирор оғиз сўз йўқ. Демак, ўша дастлабки тақиқ Аллоҳ таолонинг тиловат қилинмайдиган ваҳийси бўлмиш набавий суннат билан собит бўлган.

Имом Бухорий Абу Исҳоқдан, у Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Рамазон рўзаси нозил бўлган илк даврларда мусулмонлар Рамазон ойи бўйи (кечаси ҳам) аёлларига яқинлик қилмасди. Бироқ баъзилар ўзини тия олмай, нафсига хиёнат қилиб қўйди. Шунда Аллоҳ таоло «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган нарсани умид этаверингиз» деган оятни нозил қилди».

Оятдаги «тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз» деган кўрсатма Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга берилган енгиллик бўлиб, исломнинг илк давридаги ҳукмни бекор қилди. Илк даврдаги тартиб эса, юқоридаги ҳолатдек, набавий суннат орқали маълум эди. У пайтларда рўзадор ифтор қилгач, фақат хуфтон намозигача ёки ундан олдин ухлаб қолгунига қадар еб-ичиши мумкин эди. Ухлаб қолса ёки хуфтон намозини ўқиб қўйса, кейинги куннинг оқшомигача еб-ича олмасди. Бу мусулмонларга жуда катта машаққат туғдирганди. Шунда Аллоҳ таоло тонг отгунча еб-ичишга изн берди. Ана ўша эски қийин ҳукм ҳам Қуръонда мутлақо зикр қилинмаган, балки фақат ҳадис билан собит бўлганди.

«Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амр висол рўзасини, яъни оғиз очмасдан бир неча кунни бир-бирига улаб рўза тутишни тақиқлайди. Саҳиҳ ҳадисларда мусулмонлар висол рўзасидан қайтарилган, фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос равишда жоиз қилинган эди.

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Висол рўзаси тутманг», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз висол рўзаси тутасиз-ку?» дейишди. У зот: «Мен сизлардек эмасман. Мен тунаётганимда Раббим мени таомлантиради ва сув беради», деб жавоб бердилар.

Висол рўзаси тутиш у зотнинг ўзларигагина тегишли хусусиятлардан эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, у зотга бу ишда алоҳида қувват ва кўмак бериларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга висол рўзасининг жоиз бўлиши алоҳида бир шариат ҳукми бўлиб, у ҳам Қуръонда зикр қилинмаган, балки тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали қарор топган. Буни у зотнинг ўзлари ваҳийдан ташқари иш қилмаганлари ҳақидаги мана бу оятлар тасдиқлайди: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман», шунингдек, «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир» [Юнус сураси, 15-оят] ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб айтганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» [Ҳаққо сураси, 44–46-оятлар].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг висол рўзаси тутишлари ваҳийдан ташқари ва унга таянмаган ҳолда бўлганида эди, у зот Аллоҳнинг «Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амрини ўзгартирган ва Унинг номидан шариат жорий қилган бўлиб қолардилар, бу эса умуман мантиққа зиддир.

Хуллас, Бақара сурасининг 187-ояти набавий суннатнинг Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий эканига бир йўла уч кучли далилни ўз ичига олган.

  1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни, Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбар алайҳиссаломни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач, у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки (Пайғамбар алайҳиссалом Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Сизга бу хабарни ким берди?», деган эди, «Менга Билгувчи ва Хабардор Зот хабар берди», деди» [Таҳрим сураси, 3-оят].

«Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач» сўзлари шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирига яширинча айтган ва ҳеч кимга айтмасликни буюрган сирнинг очилиб қолганини Аллоҳ таоло Пайғамбарига билдирган. Лекин Қуръон орқали амалга ошмаган. Чунки Қуръондаги мазкур оят ўша воқеа содир бўлиб ўтганидан кейин, ўтган замон феъли шаклида у ҳақда шунчаки хабар беряпти, холос. Демак, бу билдириш ва огоҳлантириш, шубҳасиз, тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали содир бўлган. Бинобарин, ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан ташқари ҳам ваҳий нозил бўлганига ёрқин далилдир. Ана шундай ваҳий у зотнинг суннатлари бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ваҳийдан бошқа нарсага таяниши сира ҳам мумкин эмас. Бунга Аллоҳ таолонинг у зот тили билан айтган ушбу сўзи далилдир: «Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагана эргашурман». Далилларнинг бу жамланмасидан равшан бўладики, Суннат – Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳийдир.

Давоми бор…

Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Тўғри йўл – ВАТАНГА СОДИҚ БЎЛИШ

Инсон қанча фаровон яшамасин, у яна мукаммал тизим истайверади. Шундан бўлса керак, баъзан “ўтмишдаги фалон …