Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ВА ҲАДИС ИЛМИ – ЧАМБАРЧАС БОҒЛИҚ АНЪАНАЛАР

ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ВА ҲАДИС ИЛМИ – ЧАМБАРЧАС БОҒЛИҚ АНЪАНАЛАР

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Фанлар академияси, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази, Бухоро давлат университети ҳамда Мармара университетининг олим ва тадқиқотчилари иштирокида диний-маърифий мерос, ҳадис илми ва тасаввуф таълимотига оид муҳим масалаларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг мумтоз адабиёт тарихи бўлими бошлиғи Сайфиддин Сайфуллоҳ «Нақшбандийлик ва ҳадис» мавзусида маъруза қилди.

Олим ислом тарихи, мазҳаблар, ахлоқ, ҳадис шарҳлари ва тасаввуф масалалари ҳақида сўз юритди. Хусусан, тасаввуф ва Нақшбандия таълимотининг маънавий-ахлоқий жиҳатлари, диний билимнинг инсон ҳаётидаги ўрни, уламолар меросини ўрганиш заруратига алоҳида тўхталди. Тасаввуф таълимоти ҳадис илми билан узвий боғлиқ бўлиб, ундаги ҳар бир амал бевосита оят ва ҳадисларга таянишини, сўфийлик асоси тақво, устуни ахлоқ эканини ҳаётий мисоллар ёрдамида ёритиб берди.

Суҳбат жараёнида ҳадис илмига оид манбалар ва қўлёзмаларнинг илмий аҳамияти хусусида фикрлар билдирилди. Алишер Навоийнинг «Арбаин», Муҳаммад Порсонинг «Фусулус ситта» асарлари, шунингдек, ҳадис ва ислом илмларига оид бошқа адабиётлар тилга олиниб, уларни ўрганиш ҳадис илми методологиясини чуқур англашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар, жумладан, Аҳмад Яъқубийнинг «Мисбоҳ муқтабас минал масобиҳ» асари ҳақида маълумотлар алмашилди.

Мазкур манбаларни илмий тадқиқ этиш ва улардан тадқиқот жараёнида самарали фойдаланиш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди.

Мулоқотда диний таълим, маънавий тарбия ва инсон камолотида илм ва ахлоқнинг ўзаро уйғунлигига алоҳида урғу берилди. Ислом илм-фани тарихида муҳим ўрин тутган асарлар ва алломалар меросини ўрганиш, уларни ёш тадқиқотчиларга етказиш зарурлиги қайд этилди.

Мазкур мулоқот ҳадисшунослик, тасаввуф ва ислом тарихи бўйича илмий меросни ўрганиш, манбаларни тадқиқ этиш ва диний-маърифий билимларни кенг тарғиб қилиш нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

KALIMANTANPOST: «САҲИҲУЛ БУХОРИЙ» ИЗИДАН — ИНДОНЕЗИЯЛИК ИККИ ОЛИМ САМАРҚАНДДА ИЛМИЙ ИЗЛАНИШДА

Индонезиянинг Жакарта шаҳридаги Қуръон илмлари институти (Institut Ilmu Al-Qur’an — IIQ Jakarta)нинг икки ўқитувчиси — …