(Бир ҳадис шарҳи)
Ҳаёт фитна ва синовларга тўла. Ундаги ёмонлик ҳам, яхшилик ҳам баъзида синов, баъзида фитнадир. Рисоладагидек бўлмаса, молу мулк, аёл ва фарзандлар ҳам фитна. Булар барча даврларда мавжуд бўлган ва Одам болаларининг барчаси учун умумий бўлган фитналардир. Лекин биз у фитналар эмас, балки муйаян бир замонда, муайян бир жойда содир бўладиган хатарли фитналар ҳақида сўзламоқчи, ўқувчини огоҳ этмоқчимиз.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ Ўзининг энг суюкли Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам умматини бутун-бутун қавмларни тўлиқ йўқ қилиб юборадиган ҳалокатлардан – катта тошқин, ер ютиши ёки яшин кабилардан омон сақлашга ваъда берган бўлса-да, олдинги умматларга берилган баъзи жазоларни ушбу умматнинг айрим тоифалари учун “енгил” зилзилалар, вулқонлар, бўронлар ва бошқа офатлар кўринишида сақлаб қолган. Ғафлатда юрганлар бу ҳодисаларни “табиий офатлар” деб атайди, аслида эса улар барча ишни билувчи ва ҳикмат билан қилувчи Зотнинг ҳузуридан келадиган қадар (қисмат) ва ўлчов асосида содир бўлади.
Баъзан бу офатлар Ер юзида фасод тарқатувчи ёмон кимсаларга, гоҳида яхши ва ёмон тоифалар аралашган жамоага жабр етказади. Шунда бу баъзилар учун жазо ва азоб бўлса, бошқалар учун эса яхшилик ва даража (мақом)нинг кўтарилиши бўлади.
عَنْ زَيْنَبَ ابْنَةِ جَحْشٍ – رضى الله عنهن – أَنَّهَا قَالَتِ اسْتَيْقَظَ النَّبِىُّ – صلى الله عليه وسلم – مِنَ النَّوْمِ مُحْمَرًّا وَجْهُهُ يَقُولُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ ، وَيْلٌ لِلْعَرَبِ مِنْ شَرٍّ قَدِ اقْتَرَبَ ، فُتِحَ الْيَوْمَ مِنْ رَدْمِ يَاجُوجَ وَمَاجُوجَ مِثْلُ هَذِهِ. وَعَقَدَ سُفْيَانُ تِسْعِينَ أَوْ مِائَةً. قِيلَ أَنَهْلِكُ وَفِينَا الصَّالِحُونَ قَالَ نَعَمْ ، إِذَا كَثُرَ الْخَبَثُ.
Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан юзлари қизариб, “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Арабларнинг ҳолига вой, ёмонлик яқинлашиб қолди! Бугун Яъжуж-Маъжуж тўғонидан мана шунча очилди”, деб уйғондилар. – (Ровийлардан) Суфён бармоқларини тўқсон [ёки “юз”] қилиб боғлади – “Орамизда солиҳлар бўлса ҳам ҳалок бўламизми?!” дейилди. У зот: “Ҳа, агар нопоклик кўпайиб кетса”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Бу ҳадиси шарифда мўминлар онаси Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан хавф аломатидан чўчиб, уйғониб кетганларини хабар қилмоқда. Бу ҳадик-хавотирдан у зотнинг юзлари ҳам қизариб кетган экан. Бошқа ривоятда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузурига даҳшатга тушган ҳолда кирдилар” дейилади. Буни умумлаштирсак, у зот ваҳима билан уйғониб, Зайнабнинг ҳузурига кирганлари ва даҳшатдан юзлари қизариб кетгани аён бўлади.
У зот “Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ)!” деб айтганлар. Бу эса яқинда катта бир ҳалокат содир бўлишидан хавотир белгиси эди. Сўнг: “Арабларнинг ҳолига вой, ёмонлик яқинлашиб қолди!” деганлар. “Ҳолига вой” ибораси ҳалокатга юз тутган киши ё жамоага нисбатан ишлатилади. Шунингдек, ғам-ғуссага ботган ва азобдан машаққат чекканга ҳам қўлланади. “Араблар” деб алоҳида зикр қилганлар – бу Усмон розияллоҳу анҳунинг улар томонидан қатл этилишига ишора бўлиши мумкин ёки, эҳтимол, Яъжуж-Маъжужнинг бузғунчилиги туфайли юз берадиган мудҳиш воқеаларни назарда тутгандирлар. Ёхуд арабларнинг хослангани (алоҳида айтилгани) уларнинг биринчи бўлиб исломга киргани ва фитналар рўй берадиган бўлса, биринчи бўлиб фалокат уларнинг бошига тушишидан огоҳ этиш учундир. Бу бошқа миллат ва халқлар истисно, дегани эмас, албатта. Бу барча мусулмонларга тегишли огоҳлантириш эди.
Сўнг у зот бу ёмонликнинг сабабини “Бугун Яъжуж-Маъжуж тўғонидан мана шунча очилди” деб баён қилганлар. Бу – ўртада барпо қилинган девор, тўсиқ. “Мана шунча” деган сўзларини Суфён бармоқларини тўқсон [ёки “юз”] қилиб боғлаб кўрсатган (рақамнинг арабча ёзилишига эътибор беринг: ٩٠ ва ١٠٠). Яъни, ҳалқа қилиб, очилган тешикнинг ҳажмини кўрсатган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсаткич бармоқнинг учини бош бармоқнинг тубига қўйиб, иккаласини бир-бирига шундай яқинлаштирганларки, орасида жуда кичик бўшлиқ қолган. Бу ишора аниқ ўлчовни билдириш эмас, балки яқинлигини кўрсатиш маъносида эди. Яъни, бу билан ёмонлик (фитна) келишига жуда оз вақт қолганини англатганлар.
Буни эшитган Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳо: “Орамизда солиҳлар бўлса ҳам ҳалок бўламизми?!” деган. Яъни, орамизда солиҳ мўминлар бўла туриб ҳам бошимизга ҳалокат юборадими? Гўё бу саволни Аллоҳ таолонинг “Уларнинг орасида сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас” (Анфол сураси, 33-оят) деган сўзларига таяниб сўраган эди.
Шунда у зот нопоклик кўпайиб кетса, ҳалокат содир бўлишини айтганлар.
“Нопоклик” (خَبَثُ) сўзи фисқ, фужур, ширк ва куфр маъноларини англатади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаттиқ ваҳимага солган хавотир шунда эдики, катта офат пок билан нопокни ажратмайди – барчани хавф остига қўяди. Худди катта ёнғин қуруқни ҳам, ҳўлни ҳам ёппасига ёндириб юборганидек.
Жамият бундай ҳалокатга учраса, мўмин ҳам, мунофиқ ҳам, ҳақ тарафдори ҳам, унга қарши бўлган ҳам бирга-бирга мусибатга дучор бўлади.
Бу ҳадиси шариф орқали муҳим ҳақиқатни англаймиз – ёмонликлар ва гуноҳларнинг кенг тарқалиши жамиятларнинг таназзули ва ҳалокатига сабаб бўлар экан. Шу боис гуноҳ ва маъсиятнинг тарқалишига қарши курашиш ва яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





