Home / МАҚОЛА / ОВОЗЛАРНИНГ ҚАЙСИСИ ҲАҚИҚАТНИКИ?

ОВОЗЛАРНИНГ ҚАЙСИСИ ҲАҚИҚАТНИКИ?

Бугун ахборот олиш учун узоққа бориш шарт эмас. Телефонни қўлга олдикми, истаган мавзу бўйича юзлаб видеолар, минглаб фикрлар зумда кўз ўнгимизда пайдо бўлади. Бу – замоннинг улкан имконияти. Бироқ ҳар қандай имконият каби бунинг ҳам ўз масъулияти бор. Чунки инсон қабул қилаётган ҳар бир маълумот унинг дунёқараши, фикрлаши ва ҳатто ҳаётга муносабатига таъсир қилади.

Бу ҳолат айниқса дин билан боғлиқ масалаларда янада муҳим аҳамият касб этади. Зеро, эътиқод инсон қалбидаги энг нозик ва энг муқаддас туйғулардан биридир. Уни шакллантиришда шошқалоқлик ҳам, бепарволик ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди. Чунки дин ҳақидаги нотўғри тушунча баъзан бир инсоннинг эмас, оиланинг, ҳатто жамиятнинг қарашларига таъсир қилиши мумкин.

Кейинги пайтларда ислом ақидасини нотўғри талқин қилаётган, кўпгина ёшларни бузуқ ғояларга чорлаётган оқимларнинг таъсири Марказий Осиё минтақасида ҳам сезиляпти. Уларнинг воизлари ўзини дин билимдони сифатида кўрсатиб, таъсирчан нутқ, баландпарвоз чақириқ ёки ҳиссиётга таъсир қилувчи иборалар билан одамларни ўзига эргаштиришга ҳаракат қилади. Бундай ҳолатларда диний билимни эндигина ўрганаётган ёшлар ўша гапларни ҳақиқат деб қабул қилиши эҳтимолдан холи эмас.

Аслида ҳақиқат ҳар доим ҳам баланд овоз билан айтилмайди. Илм ўзини шов-шув билан эмас, далил билан намоён этади. Ҳақиқий олим инсонни ҳиссиётга эмас, тафаккурга даъват қилади. Ҳукм чиқаришга шошилмайди, балки тушунтиради, сабр билан йўл кўрсатади. Ҳақ таоло: “Эй мўминлар! Сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”, деб марҳамат қилган. Демак, мўмин одам бир маълумотни эшитса, ўқиса, албатта аввал унинг тўғри манбадан эканига ишонч ҳосил қилиши лозим. Чунки киши кимдан илм олса, дунёга ўшанинг нигоҳи билан қарай бошлайди.

Бугунги ахборот маконида ҳар бир воиз ҳам устоз, ҳар бир даъват ҳам ҳақиқат эмас. Буни англаш айниқса ҳозир ҳар қачонгидан муҳим. Касал бўлсак, шифокорнинг моҳирини танлаймиз. Уй қурдирсак, тажрибали уста қидирамиз. Боламизни мактабга берсак, яхши ўқитувчига тушишига ҳаракат қиламиз. Нега энди дунёмиз ва охиратимиз билан боғлиқ энг нозик масалада биринчи учраган одамнинг гапига ишониб кетаверишимиз керак экан?!

Муаммо интернетнинг ўзида эмас. Интернет – восита, холос. У орқали ҳам буюк алломаларнинг асарларини ўқиш, ҳам дунёдаги энг нуфузли уламоларнинг маърузаларини эшитиш мумкин. Айни бу имкониятдан бузғунчи кучлар ҳам фойдаланаётганини инкор этиб бўлмайди. Улар илм тарқатаётгандек кўринади, аслида эса шубҳа, адоват ва чалкашлик уруғини сочаётган бўлади. Таъсирчан овоз, кескин баёнот ва ҳиссиётлар ўйини устига қурилган “маърузалар” билан одамларни эргаштиришга уринади. Ҳолбуки, ҳақиқий илм шов-шувни эмас, далилни ёқлайди. Чин олим инсонни ғазабга эмас, тафаккурга чақиради. Ажратишни эмас, тушунтиришни мақсад қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган ҳар бир нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, дедилар”. Демак, инсон бу ҳаётда эшитган хабарига кўр-кўрона эргашиб хулоса чиқармасдан, балки тафаккур билан иш кўриши лозим экан. Шунинг учун ҳам ислом тарихида энг буюк уламолар аввало ахлоқи, илмга садоқати ва камтарлиги билан эл ҳурматини қозонган.

Энг ачинарлиси, бундай “маърузалар” туфайли айримлар онгида ислом дини ҳақида мутлақо нотўғри тасаввур шаклланади. Муқаддас динимиз тараққиётга қарши, бошқаларга муросасиз ёки зўравонликни тарғиб қилувчи таълимотдек кўрсатилади. Ваҳоланки, ислом азалдан илм, одоб, меҳр-оқибат ва кенг бағрли бўлишга чорлаб келган.

Қуръони каримда: “(Эй мўминлар!) Аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз” деб марҳамат қилинади. Аллоҳ таоло бошқа дин вакиллари билан чиройли муомала қилишга буюрган экан, нафрат, ҳақорат ёки тажовузни дин номи билан оқлашга қандай асос бўлиши мумкин?

Тарих ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди. Юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк алломалар ҳеч қачон одамларни кескинликка чақирмаган. Аксинча, илм билан жаҳолатни, ҳикмат билан мутаассибликни енгишга ҳаракат қилган. Шу боис ҳам бугун бутун мусулмон олами Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий каби алломаларни ҳурмат билан тилга олади. Улар меросида инсонни адоватга эмас, илмга, муросасизликка эмас, мўътадилликка, жаҳолатга эмас, маърифатга чорлов устувордир.

Таъсирга энг кўп тушадиган қатлам, албатта, ёшлардир. Бу – табиий. Ёшлик – изланиш, саволга кўмиш ва ҳақиқатни қидириш даври. Ёш инсоннинг олдидан ҳақиқий илм аҳли чиқса, у камол топади. Етарли салоҳиятга эга бўлмаган сохта нусхалар пайдо бўлса, унинг онгида шубҳа, кескинлик ёки мутлақо нотўғри тасаввур шаклланиши ҳеч гап эмас. Бу эса уни таълимдан, меҳнатдан, жамият ҳаётидан узоқлаштиради.

Ўзбекистонда виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири саналади. Турли миллат ва конфессиялар вакилларининг тинч-тотув ҳаёт кечириши, диний ташкилотлар учун яратилган ҳуқуқий шароит, ёшларнинг соғлом дунё қарашини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Бунинг замирида бир эзгу ғоя мужассам – турли қарашларга ҳурмат билан муносабатда бўлган жамиятда тотувлик мустаҳкам бўлади.

Бу борада маърифат марказлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва таълим даргоҳлари зиммасига ҳам катта масъулият юкланган. Юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг бой меросини ўрганиш, нашр этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш ишлари фаоллашгандан фаоллашаётгани бежиз эмас. Чунки бу бебаҳо асарлар оддий тарихий ёдгорлик эмас, балки бугун ҳам инсонни эзгуликка, мўътадилликка ва соғлом фикрлашга етаклайдиган ҳаётий қўлланмадир.

Айниқса, ёшлар билан ишлашда бу масала янада долзарб аҳамият касб этади. Чунки табиат вакумни қабул қилишни истамагандек, ёшлар онги бўшлиқни ёқтирмайди. Уларга ҳақиқий илм етказилмаса, бузғунчи кучлар бу бўшлиқни турли шубҳали манбалар билан тўлдиришга уринади. Шунинг учун ҳар бир ота-она, устоз, имом-хатиб ва зиёли ўзини бу жараёндан четда ҳисобламаслиги керак. Ёшларнинг қалбига маърифат уруғини сочиш – келажак учун энг катта сармоя.

Шундай экан, бугун ҳар биримиз ўзимизга бир саволни беришимиз керак: эшитаётган гапим ҳақиқат овозими? Бу саволга жавобни ҳиссиётдан эмас, илмдан, ишончли манбалардан ва аждодларимиз қолдирган маърифат мактабидан изласак, адашмаймиз. Чунки ҳақиқат овози доим ҳам энг баланд эшитилмаслиги мумкин, аммо у ҳамиша илм, ҳикмат ва эзгулик ила жаранг топади.

Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: “Қишлоқ ҳаёти” газетаси 2026 йил 28 август, №37(9409)

Check Also

ҲАДИСЛАР ҲАМ АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ВАҲИЙ ЭКАНИГА ҚУРЪОНИ КАРИМДАН ДАЛИЛЛАР (УЧИНЧИ ҚИСМ)

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, …