Home / МАҚОЛАЛАР / ҚИМОРБОЗЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИ

ҚИМОРБОЗЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИ

Инсон саломатлиги, маънавияти ва ижтимоий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлар орасида қиморбозлик алоҳида ўрин тутади. Қимор ўйинларида осон ва тез бойиб кетиш истаги инсонни меҳнат, сабр-тоқат ва ҳалол даромад топиш каби қадриятлардан узоқлаштириб, уни таваккалчиликка тобора кўпроқ ундайди.

Қиморбозликнинг хавфли жиҳати шундаки, у  дастлаб кўнгилочар машғулот, «бир марта синаб кўриш» сифатида бошланади. Вақт ўтиши билан инсон қимор жараёнига руҳан боғланиб қолиши, йўқотилган маблағни қайтариш мақсадида яна ва яна пул тикиши, қарз олиши, ҳатто оиласи ва яқинларидан хуфя ҳаракат қилиши мумкин. Оқибатда молиявий муаммолар, оилавий келишмовчиликлар, ижтимоий муносабатларнинг бузилиши ва маънавий инқироз юзага келади.

Айниқса, рақамли технологиялар ривожланган ҳозирги даврда қиморбозликнинг янги шакллари пайдо бўлаётгани аянчли ўйлар уйғотади. Илгари қимор ўйнаш учун махсус жойга бориш талаб этилган бўлса, бугун интернетга уланган телефоннинг ўзи турли қимор платформаларига кириш имконини бермоқда. Бу эса ёшларни мазкур хавфдан ҳимоялаш масаласини янада долзарблаштиради.

Қиморбозликнинг олдини олишда ёшлар тарбияси алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ёшликда шаклланган одат ва қарашлар инсоннинг кейинги ҳаётига кучли таъсир кўрсатади. Ёшларга «тез бойиш» ғояси эмас, балки билим, касб-ҳунар ва меҳнат орқали муваффақиятга эришиш тушунтирилиши зарур. Ҳар қандай ютуқ ортида меҳнат, сабр ва масъулият борлиги ҳақидаги қарашни шакллантириш муҳим.

Ота-она фарзанднинг интернетдан фойдаланиш маданиятига ҳам эътибор бериши керак. Қимор ва таваккалчиликка асосланган платформаларнинг ташқи кўриниши қизиқарли бўлиши мумкин. Аммо уларнинг ортида молиявий зарар ва қарамлик хавфи мавжудлигини ёшларга тушунтириш зарур.

Таълим муассасалари, маҳалла, оила ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида қиморнинг зарарлари ҳақида маърифий тадбирлар ташкил этиш самарали натижа беради.

Қиморбозликка қарши курашишда фақат тақиқлаш ёки жазолашнинг ўзи етарли эмас. Муаммонинг илдизини топиш, англаш ва олдини олишга қаратилган комплекс ёндашув зарур.

Биринчидан, аҳоли орасида қиморнинг диний, ахлоқий, психологик ва иқтисодий зарарлари ҳақида тушунтириш ишларини кучайтириш лозим.

Иккинчидан, ёшларни бўш вақтни мазмунли ўтказишга йўналтириш муҳим. Спорт, китобхонлик, илм ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш ва ижтимоий фойдали лойиҳаларда иштирок этиш зарарли одатлардан яхши ҳимоя бўлади.

Учинчидан, оилада молиявий ва руҳий тарбияга эътибор қаратиш керак. Фарзандларга пулнинг қадри, меҳнат билан топилган даромаднинг аҳамияти, тежамкорлик ва масъулият билан бир қаторда ҳалол ва ҳаром ишлар ҳам тушунтирилиши лозим. Чунки қимордан сақланиш фақат молиявий эҳтиёткорлик эмас, балки инсоннинг маънавий ва ахлоқий масъулияти ҳамдир.

Тўртинчидан, қиморга қарам бўлиб қолган инсонни фақат айблаш эмас, балки унга муаммони енгиб ўтишда амалий ёрдам кўрсатиш зарур. Чунки қарамликдан чиқиш учун инсонга оилавий қўллаб-қувватлаш, психологик ёрдам ва соғлом ижтимоий муҳит керак бўлади.

Бугунги кунда қиморбозликнинг янги, айниқса, интернет ва рақамли технологиялар орқали тарқалаётган шакллари юзага келаётгани сабабли бу муаммога нисбатан янада жиддий муносабат зарур. Ёшларни зарарли одатлардан ҳимоя қилишда оила, таълим муассасалари, маҳалла ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.

Энг муҳими, жамиятда «осон бойиш» эмас, «ҳалол меҳнат билан фаровон ҳаёт қуриш» ғоясини қарор топтириш зарур. Инсон ўз меҳнати, билими, касби ва ҳалол тадбиркорлиги орқали топган ризқида барака борлигини англаса, қимор каби зарарли йўлларга эҳтиёж сезмайди. Шу маънода, қиморбозликнинг олдини олиш фақат бир зарарли одатга қарши курашиш эмас, балки соғлом оила, маънавий баркамол авлод ва барқарор жамиятни шакллантиришга хизмат қилувчи муҳим вазифадир.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҚИМОР ВА УНИНГ ЗАРАРЛАРИ

Қимор ўйинлари инсоннинг ҳеч қандай қийинчиликсиз, осон фойда олиш истагининг натижаси бўлиб, исломда энг хавфли …