Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази хорижий академик муассасалар билан илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва манбашунослик соҳасида тажриба алмашиш ишларини изчил давом эттирмоқда. Марказ илмий ходими Ирода Даурбекова бу йўналишдаги фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида хизмат сафари билан Грузияда бўлиб, Корнелий Кекелидзе номидаги Грузия миллий қўлёзмалар марказида амалий тадқиқот ўтказди ва фонддаги нодир ёзма манбалар билан танишди.

Сафар асносида илмий ходимга эроншунос олималар – доктор Хатуна Биндурашвили ва Тамара Абуладзе ҳамроҳлик қилиб, Марказ фонди, кутубхона фаолияти, қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этиш жараёнлари билан яқиндан таништирди.

Грузия миллий қўлёзмалар маркази фондида XIII-XIX асрларга оид ноёб арабий, форсий ва туркий манбалар сақланади. Улар мерос тафсир, ҳадис, фиқҳ, тиббиёт, астрономия, мантиқ, тилшунослик ва шеърият каби турли соҳаларга оид асарлардан иборат. Тадқиқот давомида манбашунос олимлар учун алоҳида қийматга эга бўлган Мовароуннаҳр хаттотлик мактабига мансуб, хусусан, Аштархонийлар даврида Самарқанд ва Бухорода кўчирилган кўплаб нодир қўлёзмалар аниқланди.
Илмий изланишлар жараёнида муҳим манбалар, жумладан:

– Фонднинг энг ноёб манбаларидан бири ҳисобланган, ҳижрий 666 йилда кўчирилган Муҳаммад Порсо кутубхонасига оид “Ҳошия ала Шарҳил Ақоидил Азудуддийя” асари (ArAC 278);
– Ҳадис мулкининг султони Имом Бухорийнинг хаттот Абдураҳмон ибн Муҳаммад Солиҳ Мурод томонидан кўчирилган “Саҳиҳул Бухорий” (ArAC 91, 325) ҳамда ҳижрий 1053 йилда кўчирилган “Сулосиёту Бухорий” (ArAC 92) асарлари;
– Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Сино каби буюк ватандошларимиз қаламига мансуб қўлёзмалар, шунингдек, Оққўюнлилар даврида яшаган табризлик машҳур хаттот Абдураҳмон Хоразмий китобат услубига доир ноёб манбалар ўрганилди.
Шунингдек, сафар доирасида грузиялик тадқиқотчилар ва соҳа мутахассислари билан мулоқотлар ўтказилиб, келажакда икки муассаса ўртасида қўшма илмий анжуманлар, веб-семинарлар ва манбашуносликка оид лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, И.Даурбекова Грузия Миллий музейи, Тбилиси ва унинг атрофидаги қадимий тарихий-меъморий обидалар, жумладан, Жвари ва Метехи ибодатхоналари, Светицховели мажмуаси каби маданий мерос объектлари билан ҳам танишди.
Ушбу илмий-амалий сафар Мовароуннаҳр алломаларининг Грузия қўлёзма фондларида сақланаётган илмий меросини янада чуқур тадқиқ этиш ва соҳада халқаро илмий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этадиган воқеа бўлди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





