- Аллоҳ таоло бундай буюради: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига – жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверингиз. Аллоҳни кўп зикр қилингизки, шояд нажот топурсизлар. (Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (имон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир!» [Жумъа сураси, 9–11-оятлар].
Аллоҳ таоло мўминларга жума намозига азон айтилганда, савдо-сотиқни бас қилиб, намозга шошилишни буюряпти. Шундан келиб чиқиб, барча уламолар имомнинг қаршисида айтиладиган иккинчи азондан кейин савдо қилиш мумкин эмаслигига ижмо қилган. Шунингдек, намоз тугагач, тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ризқ излашга рухсат берилди ҳамда бу жараёнда ҳам Парвардигорнинг зикридан ғофил бўлмаслик, нажотга эришиш учун Уни кўп эслаш амр этилди.
Сўнгра Аллоҳ таоло саҳобаларга ушбу оят нозил бўлишидан олдин содир бўлган бир воқеа сабабли гина қилди. Ўшанда жума куни азон айтилганда, намозга шошилиш ҳақидаги ушбу буйруқ ҳали нозил бўлмаган эди ва улар жума хутбаси пайтида келган карвон туфайли тижорат ортидан кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда тик турган ҳолларида ёлғиз қолдирганди. Зеро, у пайтларда жума намози хутбадан олдин ўқилар эди. Кейинчалик бу ҳукм ўзгартирилиб (насх қилиниб), хутба намоздан олдинга сурилган.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: «Бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума хутбасини ўқиётганларида, Мадинага тижорат карвони келиб қолди. Одамлар чиқиб кетди ва у зот билан бор-йўғи ўн икки киши қолди. Шунда Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар» деган оятни нозил қилди» [Имом Бухорий ривояти].
Демак, оятдаги «улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар» деган жумла мазкур уч оят нозил бўлишидан олдин, жума намозидан кейинги хутба пайтида саҳобалар томонидан содир бўлган воқеанинг хабаридир. Бундан шундай хулоса чиқадики, жума намози «жума кунидаги намозга чорланса, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!» деб бошланувчи ушбу оятлар нозил бўлишидан олдин ҳам шариатда бўлган ва унга амал қилинган. Ваҳоланки, Қуръони каримда бу оятдан олдин жума намозининг фарз қилинганини кўрсатувчи бошқа бирор оят мавжуд эмас. Шундай экан, жума намозининг ибодат ўлароқ жорий қилиниши фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган.
- Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].
Аллоҳ таоло Ўз Расулига Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни батафсил тушунтириш ваколатини топширяпти. Ана шу илоҳий ваколатга таяниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда умумий тарзда келган барча аҳкомларни батафсил баён қилиб берганлар. Бу ҳукмлар ибодат, муомала, никоҳ-оила муносабатлари, жиноятлар, шунингдек, оилавий, ижтимоий ва халқаро алоқаларни қамраб олган.
Масалан, намозни оладиган бўлсак, унинг вақтларини аниқ белгилаган, ракатлар сонини, ўқилиш тартибини, шарт бўлган амаллар ва бузадиган нарсаларни ажратиб берган, муқимлик, сафар ва хавф намозлари ўртасидаги фарқларни кўрсатган ким эди? Ёки закотга эътибор беринг, закот берилиши фарз бўлган барча мол-мулкларнинг миқдорини, ундан қанча ажратилишини ким белгилаб берган? Туянинг нисоби бештадан бошланиши ва ундан битта қўй берилиши, қорамолники ўттизтадан бошланиб, ундан бир яшар бузоқ берилиши, қўй-эчкиники қирқтадан бошланиб, битта қўй ажратилиши, кумуш борасида ҳар икки юз дирҳамдан чорак ушр (икки ярим фоиз), олтин бўйича эса ҳар йигирма мисқолдан ярим мисқол берилиши каби қоидаларни ким жорий қилган?
Шунингдек, ҳаж ибодатини биз биладиган бугунги мукаммал шаклга ким келтирган? Ҳажнинг рукнлари нималардан иборат, уни нималар бузади, Арафотда туриш қачон бошланиб, қачон тугайди, қайси ҳолатда қурбонлик вожиб бўлади ва ҳажнинг уч тури (ифрод, қирон, таматтуъ) қандай бажарилади – буларни ким тизимлаштириб берган?
Бундай саволларни рўза ибодатига ҳамда савдо, ҳавола, ижара, шериклик, кафиллик каби барча кундалик муомалаларга ҳам худди шундай татбиқ қилиш мумкин.
Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасини ўз-ўзларидан, Аллоҳнинг ваҳийсисиз айтдиларми ё ваҳий биланми?!
Кимда-ким «бу ҳукмларни ўзларидан чиқарганлар» деб ҳисобласа, у ҳолда Аллоҳ таолонинг «Айтинг: «Мен фақат Раббимдан ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман» деган амрига ҳамда у зот ҳақидаги «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман», «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан Пайғамбарга) нозил қилинаётган бир ваҳийдир» деган қатъий сўзларига қарши чиққан бўлади. Қолаверса, бундай қараш «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун» деган оят билан бирга келган «Сўнгра уни – Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган илоҳий ваъдага ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» деган қатъий огоҳлантиришга мутлақо зид келади.
Шундай экан, бу борада ягона тўғри ҳақиқат қолади – ушбу батафсил баён ва шарҳларнинг барчаси фақат ва фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий орқали амалга оширилгандир.
- Пайғамбарларнинг кўплиги ва Аллоҳ таоло нозил қилган китобларнинг озлиги – Аллоҳ таоло ўзи пайғамбарлиги ва элчилигига танлаб олган зотларга тиловат қилинмайдиган ваҳий ҳам туширганига қатъий далилдир.
Шундай қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Аллоҳ таолодан ваҳий экани қуръоний далиллар билан ўз исботини топди.
Кейинги мақолаларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эргашиш вожиб бўлган ҳужжат эканини баён этишга азму қарор қилдик, иншоаллоҳ.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





