Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Дала тадқиқотлари давом эттирилмоқда

Дала тадқиқотлари давом эттирилмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Япониянинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда юртимиздаги тарихий ва маънавий меросни фундаментал тадқиқ этиш борасидаги халқаро лойиҳаларни изчил амалга ошириб келмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Марказ ва япон олимлари ўртасида йўлга қўйилган тадқиқотларнинг узвийлиги ва бардавомлигини таъминлаш мақсадида навбатдаги кенг қамровли дала тадқиқотлари ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, эсларингда бўса, ўтган йили Токио университети доценти, тарихшунос олима Яйои Каваҳара Марказ билан ҳамкорликда “Махдуми Аъзам Даҳбедий ва унинг авлодлари: Шажара ва силсила” мавзусидаги илмий изланишларини бошлаб, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги тарихий манбаларни ўрганган эди.

Бу галги илмий экспедиция Токио, Киото, Тюо ва Тояма университетларининг нуфузли шарқшунос, кодиколог ва тарихчи олимлари – Яйои Каваҳара, Тацуя Наканиши, Шинмэн Ясуши ва Савада Минору иштирокида, янада кенгайтирилган таркибда Самарқанд (Самарқанд шаҳри, Даҳбед шаҳарчаси ва Ургут тумани) ҳамда Сурхондарё (Қумқўрғон ва Денов туманлари) вилоятлари ҳудудида иш олиб борди.

Дала тадқиқотлари жараёнида асосий эътибор Махдуми Аъзам ва унинг сулолавий тармоқларига мансуб муқаддас қадамжолар, хонақоҳлар ва ёдгорлик мажмуаларида сақланиб қолган эпиграфик битиклар – қабртошлардаги антропонимик, хронограмматик ва насл-насаб силсиласини акс эттирувчи матнларни комплекс таҳлил қилишга қаратилди. Тадқиқотчилар ушбу қадимги манбалар ёзма асарларда учрамайдиган тарихий шахсларга тааллуқли аниқ тарихий саналар ва уларнинг ижтимоий мақомини тиклашда бебаҳо манба эканини алоҳида эътироф этди.

Самарқанд ва Сурхондарёдаги тарихий қадамжоларда сақланаётган эпиграфик ёдгорликларнинг қиёсий таҳлили Марказий Осиё тасаввуф мактаблари, хусусан, Нақшбандия тармоқларининг минтақавий ривожланиш географиясини қайта тадқиқ этиш имконини беради.

Япониялик олимлар дала тадқиқотлари давомида тўпланган материалларни Марказ ва хорижий фондларда сақланаётган вақфномалар ва тарихий ҳужжатлар билан қиёслаш орқали сулолавий шажаранинг номаълум бўғинларини тиклаш лозимлигини таъкидлади. Уларнинг эътироф этишича, бевосита жойларда ўтказиладиган бундай тадқиқотлар нафақат тарихий шахслар ҳаёти ва уларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, балки Ўзбекистоннинг бой ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнини жаҳон илм-фани жамоатчилигига аниқ ва асосли манбалар орқали етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Мулоқот ва изланишлар якунида тўпланган эпиграфик, кодикологик ва архив маълумотлари асосида монографик тадқиқотлар, қўшма альбом-каталоглар тайёрлаш ва ушбу натижаларни жаҳон шарқшунослик фани муомаласига киритишга келишиб олинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«Мустақиллик – озод ва фаровон ҳаёт асоси»

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан шу мавзуда …