Home / ЯНГИЛИКЛАР / КEЧА МEРОС, БУГУН МАСЪУЛИЯТ, ЭРТАГА ТАРАҚҚИЁТ

КEЧА МEРОС, БУГУН МАСЪУЛИЯТ, ЭРТАГА ТАРАҚҚИЁТ

Миллатнинг ўзлигини англаши фақат ўз тарихини билишдан бошланмайди. Аслида, тарихга қандай муносабатда бўлиш миллатнинг бугуни ва эртасини белгилайди. Уни чуқур ўрганиш, ундаги илмий тафаккурни англаш ва бу меросни янги авлод тараққиётига хизмат қиладиган кучга айлантириш муҳим вазифа. Буюк алломаларимиз маънавий мероси ҳақида гап кетар экан, уларни фақат ўтмишдаги энг улуғ номлар сирасида эслашнинг ўзи билан кифояланмаслигимиз лозим. Маънавий мерос фақат у ҳақда гапирилгандагина тирик бўлиб қолмайди. У ўрганилганда, тадқиқ этилганда, таржима қилинганда, қайта нашр этилганда ва янги авлоднинг илмий изланишларига туртки берганда ўзининг ҳақиқий кучини намоён қилади.

Шу боис қўлёзма меросини ўрганиш масаласи бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки ҳали илмий муомалага тўлиқ киритилмаган, янги тадқиқотларини кутаётган манбаларимиз талайгина. Бу борада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг январь—август ойларида марказимиз фонди 9 та қўлёзма ва 42 та тошбосма китоб, жами 51 та янги манба билан бойитилди. Фондда сақланаётган 63 та қўлёзма асарнинг аннотацияси электрон шаклда жамоатчиликка тақдим этилди. Шу билан бирга, 8 та қўлёзма китоб консервация қилиниб, 220 варақли яна бир қўлёзма асар реставрация қилинди.

Мовароуннаҳрлик буюк аллома ва мутафаккирлар қаламига мансуб 317 та қўлёзма асарнинг электрон нусхалари ҳам тўпланди. Бунда Имом Бухорий мероси алоҳида ўрин тутади. Жорий йилнинг саккиз ойида Имом Бухорийнинг «ат-Тарихул авсат» асарининг икки жилди ҳамда «ат-Тарихул кабир» асарининг еттинчи ва саккизинчи жилдлари қаторида жами 6 та ноёб асар ўзбек тилига таржима қилинди. Ҳадисшунослик ҳақида гап кетаркан Имом Термизийнинг илмий мероси ҳам ўзига хос ўринга эга. Термиз заминида шаклланган илмий муҳит, алломанинг асарлари ва ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси бугун янги тадқиқотлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Имом Мотуридий меросида эса ақл ва нақл уйғунлиги, эътиқод масалаларига илмий ёндашув, инсон тафаккурига ишонч каби ғоялар алоҳида аҳамиятга эга. Унинг қарашлари бугун ҳам диний тафаккурнинг мўътадил ва илмий асосларини англашда муҳим манба бўлиб қолмоқда.

Демак, аждодлар меросини ўрганиш фақат тарих ҳақида гапириш эмас. У бугунги таълим, маънавият, илмий тафаккур ва ёш авлод тарбияси билан бевосита боғлиқ жараёндир.

Шу нуқтаи назардан, мустақиллик йилларида илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятининг кенгайиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Илмий меросни тизимли ўрганиш, қўлёзма манбаларни тадқиқ этиш, алломалар асарларини нашрга тайёрлаш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиш ва янги тадқиқотчиларни ушбу йўналишга жалб этиш учун янги илмий муҳит шаклланмоқда. Буни илмий натижаларнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибди.

Илм ёлғизликда ҳам яратилади, аммо у муҳокама, баҳс ва фикрлар алмашинувида янада ривожланади. Шунинг учун ҳам халқаро ҳамкорлик бугунги илмий тараққиётнинг муҳим шартларидан бирига айланмоқда. Бир мамлакат архивида сақланаётган қўлёзма бошқа юртдаги тадқиқотчининг изланишига жавоб бериши мумкин. Бир олимнинг топилмаси бошқа бир олимнинг янги илмий хулосасига асос бўлади.

Жорий йилда бу йўналишда ҳам муайян натижаларга эришилди. Марказда 20 та ташриф, 9 та давра суҳбати, 6 та учрашув, 17 та илмий семинар ўтказилиб, 3 та меморандум имзоланди. Ходимлар 19 та хорижий конференцияда иштирок этиб, 8 та семинар-тренинг ва 8 та халқаро сафарда қатнашди.

Энг эътиборли жиҳатлардан бири Буюк Британия, Канада, Малайзия, Индонезия, Туркия ва Мисрдан 8 нафар тадқиқотчининг Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндорлари сифатида марказда амалиёт ўтаётганидир.

Бу ҳолат аждодларимизнинг мероси фақат бизнинг миллий бойлигимиз бўлиб қолмаётганини англатади. У халқаро илмий мулоқотнинг ҳам муҳим мавзусига айланмоқда. Бугун Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби алломалар меросини ўрганиш фақат улар туғилиб ўсган замин билан чекланиб қолмайди. Ушбу мерос турли мамлакатлар олимларини ҳам бир илмий майдонга чорламоқда.

Бугун бизга фақат аждодларимиз билан фахрланиш эмас, уларга муносиб авлод бўлиш вазифаси турибди. Бунинг учун кўп изланиш, далил қидириш ва янгилик яратиш керак. Энг муҳими, илмни фақат шахсий ютуқ эмас, жамият тараққиётига хизмат қиладиган қадрият, деб билиш зарур.

Шу маънода, мустақиллик бизга тарихимизни қайта англаш имконини берган бўлса, бугунги илмий изланишлар ана шу тарихни келажак билан боғлаш вазифасини бажармоқда. Энди гап мероснинг қанчалиги ҳақида эмас, ундан қандай фойдаланаётганимиз ҳақида бормоқда.

Бугун қўлёзмалар ўрганилмоқда, асарлар таржима қилинмоқда ва нашр этилмоқда, янги тадқиқотлар амалга оширилмоқда, илмий мулоқотлар кенгаймоқда, ёш олимлар шаклланмоқда. Энг муҳими, тарихий мерос энди фақат кечанинг хотираси сифатида эмас, бугунги илмий изланишлар ва эртанги тараққиёт учун манба сифатида қаралмоқда.

Жонибек ЖУМАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Манба: “Самарқанд” газетаси 2026 йил 5-сентябр, №35(2652)

Check Also

Марказда ҳуқуқий таъминот сифати янада яхшиланмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош юрисконсульти Бекзод Каримов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик …