Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тафсир, “Магна Гандул” ва “Барҳаёт ҳадис”

Тафсир, “Магна Гандул” ва “Барҳаёт ҳадис”

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндорлари – Индонезиянинг Жакарта Қуръон илмлари университети тадқиқотчилари Аҳмад Ҳавоший ва Шамс ал-Иёдий  Марказда олиб борган илмий изланишлари якунига доир тақдимот ўтказди.

Дастлаб Аҳмад Ҳавоший “ХХ асрда Индонезияда “Саҳиҳул Бухорий” асарининг тафсир китоблари ривожига таъсири” мавзусидаги тадқиқот натижаларини тақдим этди.

Маърузачи мумтоз ва замонавий тафсир мактаблари ўртасидаги методологик фарқларни таҳлил қилиб, Имом Бухорий ҳадисларининг Қуръон оятларини шарҳлашдаги ўрнини атрофлича ёритиб берди. Тадқиқотда Абу Муин Насафийнинг калом ва фиқҳ аҳкомларига, аниқ матний қоидаларга таянган анъанавий ёндашуви ҳамда индонезиялик олим Ҳамканинг ҳадис аҳкомларидан ижтимоий ва маънавий хулосалар чиқаришга қаратилган замонавий методологияси қиёсланди. Тил ва ақида масалалари, аёлларнинг ижтимоий мавқеи ва борлиқ ҳодисаларига оид ҳадисларнинг икки тафсирдаги талқини аниқ мисоллар орқали кўрсатилди.

Имом Бухорий ҳадислари ҳамма даврларда ҳам ижтимоий ва илмий ислоҳотлар учун энг муҳим ва серқирра манба бўлиб хизмат қилгани таъкидланди.

Сўнгра Шамс ал-Иёдий “Ява маданияти контекстида “Саҳиҳул Бухорий”нинг генеалогияси таҳлили” мавзусида ўтказган тадқиқотлари юзасидан маъруза қилди.

Тадқиқотчи Бухородан бошланган ҳадис илми ва “Саҳиҳул Бухорий”нинг Ҳарамайн (икки муқаддас масжид) орқали Жануби-Шарқий Осиёга, хусусан, Индонезиянинг Ява оролига ёйилишига доир тарихий босқичларни кўрсатиб берди. Арабча матнларни Ява тилидаги пегон ёзувида сатрлараро сўзма-сўз таржима қилиш ва грамматик ишоралар қўйиш орқали ўргатиш усули – “Магна Гандул” анъанасининг манбашунослик асослари атрофлича ёритилди. Тадқиқотда бу анъана нафақат оддий таржима, балки исломий билимларни маҳаллий маданиятга мослаштиришнинг ноёб педагогик воситаси экани, шунингдек, Марказий Осиё билан Индонезия ўртасидаги маънавий ва академик алоқаларнинг тарихий илдизлари илмий асосланди.

Шундан сўнг Индонезиядаги Матарам Давлат ислом университетининг Марказда амалиёт бошлаган тадқиқотчиси Лалу Муҳаммад Фазлурраҳмон «Ҳаёт босқичлари билан боғлиқ анъаналар: Ломбок ороли ва Ўзбекистон мисолида “Барҳаёт ҳадис” тадқиқи» номли халқаро тадқиқот лойиҳаси юзасидан тақдимот ўтказди.

Маърузада ҳадис илмини шунчаки назарий манба сифатида эмас, балки инсоннинг туғилишидан вафотигача бўлган ҳаёт тарзидаги, кундалик урф-одат ва маросимлардаги амалий кўринишини этнографик жиҳатдан ўрганиш методологияси тақдим этилди. Тадқиқотчи Ломбок ороли ва Ўзбекистон жамиятларидаги оилавий ва ижтимоий анъаналарда ҳадисларни қўллашдаги ўхшаш ва фарқли жиҳатларни, шунингдек, постсовет ҳудудида ҳадис қадриятларининг тикланиш жараёнларини қиёсий таҳлил қилиш лойиҳасининг илмий янгиликларини баён қилди.

Тадбир қизғин савол-жавоб ва академик муҳокамалар билан давом этди. Индонезиялик олимлар Самарқанд шаҳрида ва Марказда олиб борган изланишлари давомида яратилган қулай шароит ва кенг имкониятлар, тақдим этилган бой манбалар ва кўрсатилган самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Марказда муваффақиятли илмий амалиёт ўтаган хорижлик олимларга махсус сертификатлар топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илмий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов Туркиянинг Мармара университети доктори Ҳорун Анайни қабул …