Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан никоҳлар сони 3 мингтага камайган ҳолда, ажримлар 1,5 мингтага кўпайган. Бу ўз навбатида мамлакатда жамиятнинг асосий негизи ҳисобланган оила институтига жиддий хавф таҳдид солаётганидан дарак беради.
Патрик Жозеф Бьюкенен ўзининг “Ғарбнинг ҳалокати” асарида Европа мамлакатлари аҳолиси ақл бовар қилмас даражада камайиб бораётгани, уларда ўлим кўрсаткичи туғилишдан кўра анча юқорилаб кетгани ва бу давлатларда беланчакдан кўра тобутга эҳтиёжни ошираётгани ҳақида бонг уради. Шундай мураккаб паллада, тамаддуний ва насроний қадриятлардан халос бўлган, ҳаётга иштиёқи бутунлай сўнган, ўлимни назар-писанд қилмаган Ғарб кишиси айш-ишратдан ҳаловат излаётганини афсус-надомат билан қайд этади.
Хўш, дунёнинг энг ривожланган минтақасида бундай аянчли вазият вужудга келишининг сабаблари нимада? Европа жамиятининг бир неча авлоди учун жозибали идеал бўлиб келган социализм ғояси (ижтимоий адолат, тенглик ва ишлаб чиқариш воситаларига жамоат (давлат) эгалигини ёқловчи ғоялар тизими)ни шундай сабаблардан бири дейиш мумкин. Агар ҳар бир одамга давлат нафақаси кафолатланадиган бўлса, кексайганда ўзига хос суянч бўладиган фарзандларга ҳожат қоладими? Ёхуд иқтисодий жиҳатдан ўзини эркин ҳис қилиши учун етарли миқдорда даромад топаётган аёл учун турмуш қуриш чинакам ҳаётий мақсадга айланиши мумкинми? Ва ниҳоят, бутун Ғарбда оммалашганидек, контрасептив воситалар ёрдамида ҳомиладор бўлмасдан жинсий эҳтиёжни қондириш имконияти бўлса, турмуш қуриш ёки уйланишга не ҳожат?” Бир сўз билан айтганда, европа социалистлари эр, хотин ва болаларни оилавий вазифалар, бурч ва масъулиятдан озод этиб, оила институтига бўлган ижтимоий эҳтиёжни йўққа чиқарди.
Дарҳақиқат, мамлакатда никоҳлар ва оилалар сонининг тез суръатлар билан камайиб бориши оила қадриятининг йўқолишига, демографик вазиятнинг издан чиқишига ва охир-оқибат миллатнинг, миллий давлатчиликнинг ҳалокатига сабаб бўлади.
Оила ҳақида гап кетганда, биз бу масалага фақат бугун пайдо бўлган муаммо сифатида қарамаслигимиз керак. Чунки оила, фарзанд тарбияси, эр-хотин муносабати, ота-онага эҳтиром, меҳнат ва масъулият каби тушунчалар халқимиз маънавий ҳаётида асрлар давомида шаклланган қадриятлардир. Айниқса, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий ва маънавий меросида инсон тарбияси, оилавий муносабатлар ва жамият ахлоқига дахлдор қарашлар салмоқли ўрин эгаллайди.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмига оид улкан меросида инсоннинг ота-онага муносабати, қариндошлик ришталарини асраш, яхшилик қилиш, масъулиятли ва ҳалол яшаш каби фазилатлар алоҳида қадрланади. Бу қарашлар фақат шахсий одоб масаласи эмас. Зеро, оилада шаклланган хулқ кейин маҳаллага, маҳалладаги муносабатлар эса бутун жамият муҳитига кўчади. Демак, оила тарбияси билан жамият барқарорлиги ўртасида кўзга кўринмас, аммо жуда мустаҳкам боғлиқлик бор.
Имом Мотуридий, Имом Термизий каби алломалар меросида ҳам инсоннинг ақл-заковати, ахлоқий камолоти, масъулияти ва бошқалар билан эзгу муносабатда бўлишига оид муҳим қарашларни кўриш мумкин. Бу мерос бугунги кун учун ҳам аҳамиятини йўқотмагани бежиз эмас. Чунки замон ўзгаради, турмуш тарзи янгиланади, технологиялар ҳаётимизга кириб келади, аммо фарзанд тарбияси, ота-онанинг масъулияти ва оиладаги ўзаро ҳурмат каби масалалар ўзининг инсон ҳаётидаги аҳамиятини сақлаб қолаверади.
Ана шу нуқтаи назардан, бугун оила мустаҳкамлиги ҳақида сўз юритар эканмиз, аждодларимиз қолдирган маънавий меросни замонавий ҳаёт билан боғлаш муҳим. Шу мақсадда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида маҳаллалар фаоллари ва оқсоқоллари билан ўтказилган давра суҳбатларида ҳам оила парокандалигига олиб келаётган омиллар, эр-хотинлик ва ота-оналик масъулияти, фарзанд тарбияси каби масалалар айнан алломаларимизнинг маънавий мероси билан уйғун ҳолда муҳокама қилинмоқда.
Маҳалла фаоллари ва ибратли оила бошлиқлари чиқишларида жамият меъёрлари турли омиллар таъсирида ўзгаришларга учраётганлигини таъкидлаб, ўтган асрда инсонлар кунининг кўп қисмини фойдали меҳнатга, шунингдек, оила ва яқинлари даврасида ўтказишга сарфлаганини маълум қилишяпти. Бугунги кунда айрим ёшлар асосий вақтини ижтимоий тармоқларни кузатишга, онлайн ўйинларга, енгил-елпи ҳаёт тарзига бағишлаб, “тезкор бахт”, “ҳашаматли ҳаёт” тўғрисидаги истеъмолчилик психологияси оммалашаётгани таъкидланмоқда.
Бироқ тирик жон бўлган инсон кундалик табиий эҳтиёжларини қондириш учун ҳалол касб-ҳунар билан шуғулланиб, оила ва жамият олдидаги бурч ва масъулиятини адо этмоғи тақозо этилади. Акс ҳолда ялқовлик, текинхўрлик авж олиб, оила ва жамият таназзулга юз тутади.
Ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга юксак ҳурмат, илмга ва касб-ҳунар эгаллашга иштиёқ уйғотиш уларда юзага келаётган шундай беқарорликларни бартараф этишга хизмат қилади. Бунинг учун жамият аъзоларидан, аввало, ота-оналар, устоз-мураббийлар ва олимлардан ихлосли илм, ҳалоллик ва эзгуликка асосланган амал, ибратли ҳаёт тарзи талаб этилади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





