Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Қозоғистонда диний маърифат ва исломий маориф ривожи

Қозоғистонда диний маърифат ва исломий маориф ривожи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” халқаро онлайн илмий семинарлар туркумидаги навбатдаги илмий анжуман бўлиб ўтди. Унда Қозоғистондаги Нур-Муборак Миср ислом маданияти университети Исломшунослик кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди Асқар Акимханов “ХХ асрда Қозоғистонда диний маърифатни ривожлантиришда Ибрай Олтинсариннинг “Шароитул Ислом” ва Шокарим Худойберди ўғлининг “Мусулмонлик китоби” асарларининг аҳамияти” мавзусида маъруза қилди.

Семинарда IRCICA, Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ислом институтининг етакчи олимлари, эксперт ва тадқиқотчилар XIX аср охири-ХХ аср бошларида қозоқ жамиятининг маънавий-маърифий ҳаёти, шунингдек, минтақадаги исломий маориф ва дўстона илмий алоқалар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.

Маърузачи Ибрай Олтинсариннинг 1884 йилда Қозон университети босмахонасида чоп этилган “Шароитул ислом” ва Шокарим Худойберди ўғлининг 1911 йилда Оренбургда нашрдан чиққан “Мусулмонлик китоби” асарларини қиёсий-теологик таҳлил қилди. Таъкидланганидек, бу икки фундаментал рисола қозоқ халқининг миллий-диний ўзлигини сақлаб қолишда, ёш авлодга соф ислом таълимотини ўз она тилида етказишда муҳим дастуруламал бўлган. Ўша даврдаги мураккаб мустамлакачилик сиёсати ва ташқи мафкуравий таҳдидлар шароитида мазкур асарлар халқнинг саводхонлигини ошириш ва маърифатини юксалтиришга хизмат қилган.

Семинарда икки муаллиф ҳам ислом динининг ақидавий асосларини, имон-эътиқод масалалари ва кундалик ҳаётда зарур бўладиган фиқҳий ҳукмларни содда ва равон тилда тушунтиришга ҳаракат қилгани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, диний таълимда соф маърифат ва анъанавий қадриятларга устуворлик беришда, ёшларни ёт ғоялар ва радикаллашувдан ҳимоя қилишда бундай тарихий-маърифий манбаларни чуқур ўрганиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар маърузада келтирилган илмий таҳлилларни юқори баҳолаб, бундай халқаро илмий мулоқотлар қардош халқларнинг маънавий меросини ўзаро бойитиш ва илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ислом илмларининг таниқли намояндаси – Марказ меҳмони

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига туркиялик таниқли исломшунос олим, профессор Аҳмет Ўнсал шогирдлари билан ташриф …