Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан шу мавзуда тантанали тадбир ўтказилди.

Маросимни Марказ директори, профессор Шовосил Зиёдов кириш сўзи билан очиб, мустақиллик халқимиз учун озод ва обод ҳаёт, миллий ўзликни англаш ва ўз тақдирини ўзи белгилаш имкониятини берган буюк неъмат эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, ўтган йиллар давомида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилди. Бугунги кунда илм-фан, таълим, маънавият ва маданият соҳаларида эришилаётган ютуқлар мустақилликнинг халқимиз ҳаётидаги беқиёс аҳамиятини яна бир бор намоён этмоқда.
Тадбирда алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш учун яратилаётган кенг имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Имом Бухорий меросини чуқур тадқиқ этиш, унинг асарларини ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб қилишга қаратилаётган эътибор ҳамда бу борада Марказ томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳақида сўз юритилди. Таъкидланганидек, халқимизнинг бой маънавий ва илмий мероси миллий ўзликни англаш, ёш авлодни юксак маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш, жамиятда ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Мулоқотлар давомида давлат мустақиллигининг халқимиз ҳаётидаги тарихий аҳамияти, бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг қадри ҳамда уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз экани алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, мамлакатимизда илм-фан ва маърифатни ривожлантириш, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг бой маънавий меросини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Тадбир якунида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан эзгу тилаклар билдирилиб, ходимларга байрам муносабати билан касаба уюшма қўмитаси номидан эсдалик совғалари топширилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





