Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Индонезия ҳаж ва умра вазири – Марказ меҳмони

Индонезия ҳаж ва умра вазири – Марказ меҳмони

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Индонезия Республикаси ҳаж ва умра вазири Муҳаммад Ирфон Юсуф бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Ташриф давомида меҳмонлар Марказ музейи экспозициялари, манбалар фонди ва бу ерда илмий-тадқиқот соҳасида амалга оширилаётган хайрли ишлар билан яқиндан танишди. Мулоқот чоғида илмий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш ва манбашунослик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ташрифнинг энг ёрқин ва эсда қоларли лаҳзаларидан бири – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби раҳбари, Мусҳафи шарифни бир неча бор ўз қўли билан кўчирган ва дунё миқёсида тан олинган моҳир хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ иштирокидаги кўргазмали суҳбат бўлди. Юқори мартабали меҳмонлар устознинг араб ёзувида хаттотлик санъати бўйича маҳорат сабоғи ва китобатнинг ноёб намуналарини яратиш жараёнини катта қизиқиш ва яшириб бўлмас ҳайрат билан кузатди.

Индонезия делегацияси аъзолари Марказда ислом дини софлигини асраш, алломаларимизнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишларга юқори баҳо берди.

Меҳмонларга Индонезиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сити Руҳайни Жуҳаятин хоним ҳамроҳлик қилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Дала тадқиқотлари давом эттирилмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Япониянинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда юртимиздаги тарихий ва …