Тошкент Давлат шарқшунослик университетида Қатар Цивилизациялар альянси қўмитаси ва Қатар университети ҳамкорлигида “Ўзбекистонда ислом маданий мероси ва унинг жаҳон илм-фанида тутган ўрни” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.

Форум Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни ривожлантириш, юртимизда шаклланган ислом маданияти ва мутафаккирлар илмий меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш масалаларига бағишлаб ташкил этилди. Унда хориждан нуфузли илм одамлари, ўзбекистонлик олимлар, профессор-ўқитувчилар, халқаро экспертлар иштирок этмоқда.


Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов маъруза қилиб, Янги Ўзбекистонда бой маънавий ва илмий-маданий меросни тиклаш ва асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталди. Хусусан, фойдаланишга топширилган ва йирик маърифий масканга айланган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, шунингдек, тубдан қайта барпо этилган Имом Бухорий мажмуаси ва унинг атрофидаги замонавий инфратузилма ҳақида атрофлича маълумот берди.

Марказ директори анжуман иштирокчиларини мазкур муҳташам мажмуалар ҳамда илмий-тадқиқотлар учун яратилган янги имкониятлар билан яқиндан танишишга, шунингдек, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





