Home / АЛЛОМАЛАР / ТАСАВВУФ ТАРИХИДАГИ УНУТИЛМАС ШАХС: НАЖМИДДИН КУБРО

ТАСАВВУФ ТАРИХИДАГИ УНУТИЛМАС ШАХС: НАЖМИДДИН КУБРО

Нажмиддин Кубро ҳаёти ва фаолияти ҳақида бир қанча муҳим асарларда маълумот берилади. Юсуф Зайдоннинг «Таҳқиқу Фавоиҳул жамол» асарида Шайхнинг тасаввуфий мероси таҳлил қилинган. Камолиддин Димярийнинг «Ҳаётул ҳаявонил кубро» асарида Шайхнинг шогирдларига таъсири ва илмий фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган. Нажмиддин Кубронинг «Фавоиҳул жамал» асарида алломанинг шахсий ҳаёти ва тасаввуфий қарашлари ёритилган. Ёқут Ҳамавийнинг «Мўъжамул булдон» асарида эса Шайх яшаган давр ва Хоразмнинг тарихий географияси тасвирланган. Ушбу манбалар Шайх Нажмиддин Кубронинг илмий ва маънавий меросини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

Нажмиддин Кубро (раҳматуллоҳи алайҳ) – тасаввуф илмининг улуғ намояндаси, ўз даврида маънавий ва илмий мероси билан танилган. Унинг ҳаёти, илмий ва тасаввуфий фаолияти кўплаб тарихий манбаларда ўз аксини топган. Шайхнинг «Валийлар тарбиячиси», «Абул Жанноб», «Нажмиддин-л-Кубро» каби лақабларининг ортида чуқур маъно ва ҳикмат ётади. Ушбу мақолада Нажмиддин Кубронинг ҳаёт йўли, тасаввуфдаги ўрни, шогирдлари ва мўғуллар босқини давридаги фаолияти каби масалалар таҳлил қилинади. Бу ишдан кўзланган мақсад тасаввуф тарихида Шайхнинг улуғ ролини очиб бериш, унинг илоҳий кароматлари ва илмий ёндашувларини замонавий ўқувчиларга таништиришдан иборат.

Тарихчилар берган маълумотларга қараганда, унинг исми Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад, зоҳид имом, валийлар тарбиячиси, Абул Жанноб Нажмиддин-л-Кубро ал-Хоразмий ал-Хивақий, муҳаддис ва шаҳиддир. (7:11).

Нажмиддин Кубро ҳижрий 540 йилида Хоразмнинг Хива шаҳрида мусулмон оилада дунёга келган. Тарихчилар шайхнинг ўзи ўсган оиласи ҳақида аниқ маълумот бермаган. Лекин у Хоразм аҳолисининг кўпчилиги каби камтарин оилада туғилган. Бу ҳолат шайхнинг «Фавоиҳул жамол» асаридаги ҳикоясида очиқ кўринади. Шайх болалигида матоларни қўриқлаш учун бир уйдан бошпана топганини ва у ерда ёлғиз, қўрқув ичида тунаганини эслаган. Ҳатто, у бир пайт ўғри кираётганини тасаввур қилиб, қўрқувдан ҳушини йўқотиб, эртаси куни тушгача ўзига келмаганини ёзади.

Ушбу воқеа шайхнинг қашшоқ ва эҳтимол етимликда ўтган болалигидан дарак беради. Чунки у матоларни қўриқлаб, бир уйда ёлғиз тунаган ва ҳушсиз ётган болани эртаси кунгача ҳеч ким изланмагани унинг болалиги қийин ўтганини исботлайди.

Шайх юқорида кўрганимиздек жуда кўплаб лақабларга эришган. Шайх лақабларининг ҳар бири замирида бир ҳикоя ёки тафсилот мавжуд. Ушбу ҳикоя ва тафсилотларни зикр қилиш орқали биз бу инсоннинг айрим жиҳатлари ва қандай даражадаги олим экани билан танишишимиз мумкин.

Зоҳид ва қудва: Ушбу лақаблар фақат Шайх учун ўзгача бўлиб қолмай, балки кўпгина йирик тасаввуф арбобларининг номлари тарих китобларида шундай лақаблар билан бошланган. Бу уларнинг ҳар бири шариат илмлари ва тариқат асосларини бирлаштирган имом бўлганини билдиради. Бундан ташқари, уларга эргашган шогирдлари ёки муридлари мавжуд эди. Уларнинг назарида, бу имомнинг мақоми ҳақиқий, бошқалар эса мажозий маънода унга эргашган.

«Қудва» сўзи эса инсоннинг диний ва дунёвий ишларидаги поклиги ва намунавий ҳаёти орқали замондошлари ҳамда ундан кейинги мухлислари учун ўрнак бўлганини англатади. Уларнинг ҳолати, амаллари, фазилатлари ва таржимайи ҳолидан ўрнак олганлар ҳам айнан шу жиҳатларни қадрлар эди.

Зоҳид лақаби айрим ҳолларда махсус сифат кўринишида ишлатилиши мумкин. Масалан, Абу Ҳошим аз-Зоҳид ҳақида бўлгани каби. Баъзан эса бу лақаб тасаввуф шайхларининг умумий хусусияти сифатида ишлатилади, чунки улар учун зоҳидлик тариқат йўли шартлардан бири ҳисобланади. Шу маънода Шайх бу лақабни ўзида жамлаган, худди бошқа тариқат шайхлари каби.

«Валийлар тарбиячиси» – бу Шайх Нажмиддин Куброга хос бўлган алоҳида лақаб бўлиб, у алломадан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатилмаган. Ушбу лақабнинг асоси форс тилидаги «Валий тарош» сўзидан келиб чиққан бўлиб, араб тилида «валийлар тарбиячиси» деган маънони англатади.

Бу унвонга сабаб бўлган икки асос бор. Биринчи сабаб ақл жиҳатдан маъқулланадиган бўлиб, у шундан иборатки, шайхнинг қўлида кўплаб шогирдлар етишиб чиққан, улар валийлик даражасига эришган. Иккинчи сабаб эса баъзи тасаввуф тарихчиларининг ривоятларига асосланган. Уларнинг айтишича, Шайх Нажмиддин жазба ҳолатда бирор кишига назар ташлаганида, ўша киши ҳам жазбага тушиб, авлиё даражасига эришган. Бу ҳолат бизни 525-ҳижрий йилда вафот этган Шайх Ҳаммад ад-Даббосни эслатади, чунки унинг қарашидан Абдулқодир Жийлоний ва Абу Нажиб ас-Суҳравардий каби машҳур шахслар авлиё даражасига етишган. (3:100).

«Жазба» арабча сўз бўлиб, ўзбек тилида «жалб қилиниш» ёки «руҳий юксалиш» маъносини англатади. Тасаввуф контекстида бу атама инсоннинг Аллоҳга ёки руҳий ҳолатга кучли жалб бўлиши, яъни қалбан Аллоҳга яқин ва У билан банд бўлишини билдиради.

Тасаввуфда инжизоб ёки жазба – бу қалбнинг Аллоҳга тўлиқ юзланиши ва дунёвий нарсалардан воз кечиб, фақатгина илоҳий муҳаббат билан банд бўлиш ҳолатидир. Жазба ҳолати инсоннинг Аллоҳнинг руҳий нурини ҳис қилиши, қалбида кучли бир ишонч ва муҳаббат уйғониши орқали юзага келади.

Шайхлар ёки авлиёлар назарида жазба ҳолати шогирдга ўтиши мумкин, яъни бунда бир шайхнинг қарашлари ёки сўзлари бошқа бир кишининг қалбини уйғотиши ва уни руҳий ўзгариш сари етаклаши тасаввур қилинади. Бу ҳолат тасаввуфда «илоҳий жалб» деб таърифланади ва авлиёлар орасида кенг тарқалган тасаввурдир.

Масалан, юқоридаги мисолда Шайх Нажмиддиннинг назари билан бир кишининг руҳий жазбага тушиши ва Аллоҳга яқин бўлган авлиё мақомига эришиши қайд этилган. Бу жараён инсон қалбида илоҳий ўзгаришнинг бошланиши сифатида талқин қилинади. Тасаввуфда бу ҳолат инсоннинг руҳий тарбияси ва юқори мақомга эришиш жараёнининг бир босқичи ҳисобланади.

Қандай сабаб билан Шайх Нажмиддинга ушбу унвон берилган бўлмасин, бу ерда муҳим жиҳат шуки, Шайх ушбу унвонга эга бўлиб, ҳаётининг иккинчи ярмида шуҳрат қозонган. Айнан ўша даврда у Хоразмда яшаб, тасаввуфни тарғиб қилиш билан шуғулланган.

Абул Жанноб. Шайх Нажмиддин «Фавоиҳул Жамол» асарида ўзининг «Абул Жанноб» куняси ҳақида ҳикоя қилиб, бундай дейди:

«Искандария шаҳрида ҳадислар тинглаб ўтирган эдим, тўсатдан ҳушимни йўқотдим ва бир ҳолатга тушиб қолдим. Шу ҳолатда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот мен билан ёнма-ён ўтирган эдилар. Ўша пайтда ичимда бир илҳом туғилди ва Пайғамбаримиздан куняни сўрашни хоҳладим. Шунда дедим: ЪЁ Расулуллоҳ, мен «Абул Жаноб» (ташдидсиз) бўлайми ёки «Абу ал-Жаннаб» (ташдидли)?». Нафсим эса ич-ичидан «Абул Жаноб»ни афзал кўрар эди. Лекин у зот: ЪЙўқ, балки сен «Абул Жанноб» бўласан, дедилар» [4:144].

Шу тариқа Шайх Нажмиддин «Абул Жанноб» куняси билан машҳур бўлди. Шундан таъсирланган баъзи шоирлар ўз асарларида бу воқеани тасвирлашди. Масалан, қуйидаги байт кўплаб тасаввуфий манбаларда учрайди:

Расулимиз деди унга тушида кўриб,

Сен бўласан Абул Жанноб, бу ном ҳақиқ.

Бу ҳикоя яна Шайх Абул Ҳасан ал-Шозилий ҳақидаги ривоятни эслатади. Ал-Шозилий яшаган даври ва ундан кейин ҳам «Шозилий» деб танилган. Аммо у Марокашдаги Шозила қишлоғидан бўлмаган. Ўзи ривоят қиладики:

«Бир куни дедим: ЪEй Роббим, нега мени «Шозилий» деб атадинг? Ахир мен Шозиладан эмасман». Шунда менга хитоб келди: ЪEй Али, сени Мен «Шозилий» деб атамадим, балки сен «Шозилий»сан, чунки менинг хизматимда ҳаддан ташқари фидокорсан» [1:52]. Бу воқеа шуни кўрсатадики, улуғ шайхларнинг лақаб ва куняси кўпинча илоҳий илҳом ёки руҳий ҳолатлар орқали берилган бўлиб, уларнинг ҳаёти ва маънавий мартабасини акс эттиради.

Кубро. Шайхнинг энг машҳур лақаби «Кубро» бўлиб, баъзилар уни «Нажм Кубро», баъзилар эса «Нажмиддин Кубро» деб аташади. Ушбу лақаб ҳақида турли изоҳлар мавжуд.

Ибн ал-Имод ал-Ҳанбалий бундай дейди: Шайх ёшлигида тенгқурларидан олдинроқ мураккаб масала ва нозик нарсаларни тушунишда ажралиб турар эди. Шу сабабдан унга «Томма кубро» (катта офат) деб лақаб беришган [2:79]. Кейинчалик «томма» сўзи олиб ташланиб, фақат «Кубро» қолдирилган. Бошқа тарихчилар ҳам ушбу фикрни тасдиқлаган. Шунга кўра, бу лақаб Шайхнинг ёшликдаги табиати ва баҳс ва мунозаралардаги маҳоратидан келиб чиқиб олинган. У баҳсларда худди офат сингари зарба берувчи эди.

Аммо доктор Қосим Ғино Ҳофиз Шерозийга оид байтларни ичидан сўзнинг тасаввуфий маъносини ҳам бор эканини айтади. Қосим Гʼино «томма» сўзини соликнинг (тасаввуф йўлидаги талабанинг) илк босқичларида тилига тушувчи сўзлар, одатдан ташқари ҳодиса ва кароматлар деган маънода деб айтган. Бу тушунтиришни Саййид Жаъфар Сажодийнинг «Фиҳринк Мусталаҳоти Урафо» китобида ҳам кўриш мумкин [5:620]. Шунинг учун «томма» сўзининг ушбу тасаввуфий маъноси шайхнинг лақабини изоҳлаш учун кўпроқ мос бўлиши мумкин.

Имом Заҳабий эса бошқа бир изоҳни келтиради. У Абул Аъло ал-Форизийдан бундай деганини эшитган: «Бу аслида Нажм ал-Кубро, лекин кейинчалик енгиллаштирилиб, «Нажмиддин Кубро» дейиладиган бўлган». «Сияр аълам ан-Нубало» асарининг муҳаққиқи бу фикрни тасдиқлаб: «Абул Аъло ал-Форизий ўзи яшаган ҳудуддаги бу масалаларни яхши билади», деб изоҳ берган [8:111].

Шундай қилиб, «Кубро» лақабининг маъноси кўп қирралидир. У шайхнинг баҳс-мунозарадаги етуклигидан тортиб, тасаввуфий маъноларига қадар жиҳатларни қамраб олади.

Хоразмий ва Хивақий нисбаси кўплаб илм ва фазилат соҳиблари орасида машҳур бўлиб, улар Хоразмга мансуб эканини англатади. Хоразм – бу улкан минтақа бўлиб, машҳур географ Ёқут Ҳамавий ҳижрий 616 йилда, Шайх Нажмиддин вафотидан икки йил олдин у ерни зиёрат қилган. У бу ҳақда қуйидаги маълумотларни берган:

«Хоразм бир шаҳар номи эмас, балки бутун минтақанинг номидир. Аммо унинг энг катта маркази бугунги кунда Гурганж деб аталади, лекин аҳолиси уни Кўрканж деб атайди. Хоразмнинг аксар қишлоқлари бозор, раста ва дўконларга эга. Камдан-кам ҳолларда бозори бўлмаган қишлоқлар учрайди. Хавфсизлик ва осойишталик мукаммал даражада таъминланган. У ерда қиш жуда қаттиқ бўлади, ҳатто мен уларнинг Жайҳун дарёсини – эни бир миль бўлган дарёни – музлаб қолганини кўрдим. Муз устида карвон ва юк уловлари бемалол ўтиб юрарди. Улар одатда узун бўйли ва гавдали бўлиб, пешонаси кенгдир. Мен Хоразмнинг совуқ иқлимини ўз кўзим билан кўрдим: йўллари шундай қаттиқ музлаб қолардики, гўёки қуруқ чанг тўзиб кетарди. Агар ҳаво бироз исиб, осмонни булут қопласа, йўллар яна ботқоққа айланиб, от ва ҳайвонлар тиззасигача ботиб кетарди. Мен у ерда ниманидир ёзишга ҳаракат қилдим, лекин сиёҳдоним музлаб қолиб, олов ёнига қўйиб эритишга ҳаракат қилдим. Шунингдек, шўрва ичмоқчи бўлганимда, у лабимда музлаб қотиб қоларди.

Шунга қарамай, Хоразм жуда яхши диёр. Унинг аҳолиси билимли, фиқҳ ва илмдан хабардор, ақлли ва бой. У ерда ҳаёт қулай, ризқ осон топилади ва яшаш шароити яхши эди. Аммо ҳозир менга хабар келдики, ҳижрий 618 йилда мўғуллар бу диёрни босиб олиб, вайрон қилган, аҳолисини ўлдирган ва харобага айлантирган экан. Ўйлайманки, Хоразмнинг ўша даврдаги ободлик даражаси, аҳолиси кўплиги, бойлиги ва шаръий қонунларга амал қилишига дунёда тенг келадиган бошқа бирор шаҳар бўлмаган. Биз Аллоҳнинг бандаларимиз, Унга қайтамиз» [6:395].

«Хивақий» лақаби Хоразм ҳудудидаги Хивақ қишлоғига нисбатан айтилган. Бу ҳақда Ёқут Ҳамавий бундай ёзади:

 «Бу Хоразмнинг бир ҳудудидаги қишлоқ ва қалъа бўлиб, ерли аҳоли уни «Хива» деб атайди ва одамларини «Хивақий» деб чақиради. У ернинг аҳолиси шофеий мазҳабида, ҳолбуки Хоразмнинг бошқа ҳудудлари асосан ҳанафий мазҳабига амал қилади [6:415].

Шунингдек, шайхнинг яна икки машҳур лақаби бор: «Муҳаддис» ва «Шаҳид».

  1. «Муҳаддис» лақаби Шайх Нажмиддиннинг ҳадис илми билан шуғуллангани ва бу борада етук олим бўлгани сабабли берилган.
  2. «Шаҳид» лақаби эса унинг ҳаётининг охирида бўлиб ўтган драматик воқеалар натижасида шаҳидлик мақомига эришгани сабабли аталган.

Шайх Нажмиддин Кубро (раҳматуллоҳи алайҳ) мўғуллар билан бўлган жангда Хоразмда шаҳид бўлган. Ривоят қилинишича, Хоразм султони шайх ва унинг қарийб олтмиш нафар сафдошлари олдига келиб, уларга шундай деган: «Бу юртдан чиқиб кетинглар, чунки Шарқдан бир олов чиқиб, Ғарбга яқин жойларгача куйдирмоқда. Бу уммат бошига келган энг катта фитнадир». Шунда шайхнинг шогирдлари: «Эй Нажмиддин, бу фитнанинг кўтарилиши учун дуо қилсангиз бўлмайдими?» деб сўрашди. Шайх жавоб берди: «Бу қатъий ҳукмдир, бундай нарсада дуо фойда бермайди». Улар ундан: «Сиз биз билан чиқасизми?» деб сўрашганида, шайх деди: «Сизлар жўнанглар, мен эса шу ерда шаҳид бўламан».

Душман шаҳарни эгаллаганида, шайх ва қолган сафдошлари масжидга йиғилиб, «Намоз учун жамланинглар!» деб эълон қилишди. Сўнгра шайх уларга: «Туриб, Аллоҳ йўлида жанг қилайлик!» деди. У уйига кириб, ўзининг муршидидан қолган ридо(хирқа)ни кийиб, душманга қарши чиқди. Душман унга тош ва ўқлар отиб, ҳужум қилди. Шайх жанг майдонида ғазаб билан душманга қарши курашди. Ниҳоят, унинг кўксига бир ўқ тегди. Шайх ўқни тортиб олиб, осмон томонга улоқтирди ва қон тўкила бошлади. У шундай деди: «Эй Роббим, агар севгингни истасанг, мени висолинг билан ёки ҳижронинг билан ўлдир!» Ва шу сўзлар билан жон таслим қилди. Шайх ўз работи (завияси)да дафн қилинди. Аллоҳ унга раҳмат қилсин!

Нажмиддин Кубро тасаввуф илмининг буюк намояндаси бўлиб, унинг ҳаёти ва фаолияти ибрат бўлиб хизмат қилади. Шайхнинг шогирдлари орасида тарқалган руҳий юксалиш тажрибаси тасаввуф тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг «Валийлар тарбиячиси» унвони шогирдларга бўлган чексиз эътиборини ва тасаввуф маънавиятига бўлган хизматини акс эттиради. Шайхнинг мўғуллар истилоси давридаги шаҳидлик мақоми унинг фидокор ва шижоатли шахс эканини тасдиқлайди. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР: 
  1. Аҳмад Кумушхонавий. Жамиъ ул-усул фил авлиё.
  2. Ибн ал-Имод ал-Ҳанбалий. Зазаротуз заҳаб фи ахбори ман заҳаба. – Ж. 5.
  3. Камолиддин Димярий. Ҳаётул ҳаявонил кубро. – Ж. 1.
  4. Нажмиддин Кубро. Фавоиҳул жамол ва фавотиҳул жалол.
  5. Қосим Ғино. Тарихут тасаввуф фил ислом.
  6. Ёқут Ҳамавий. Мўъжамул булдон. – Ж. 2.
  7. Юсуф Зайдон. Таҳқиқ Фавоиҳул жамол ва фавотиҳул жамол.
  8. Заҳабий. Сияр аъломи ан-нубало. – Ж.22
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

НЎҒАЙ ОТА – ЮКСАКЛИК ВА ЕТУКЛИК ТИМСОЛИ

Алломалар меросини ўрганишга бўлган қизиқиш, сўнги беш йилда олиб борилаётган тадқиқотларда намоён бўлмоқда. Бу борадаги …