Home / АЛЛОМАЛАР / НЎҒАЙ ОТА – ЮКСАКЛИК ВА ЕТУКЛИК ТИМСОЛИ

НЎҒАЙ ОТА – ЮКСАКЛИК ВА ЕТУКЛИК ТИМСОЛИ

Алломалар меросини ўрганишга бўлган қизиқиш, сўнги беш йилда олиб борилаётган тадқиқотларда намоён бўлмоқда. Бу борадаги ишларнинг давом ўлароқ Пайариқ туманида мавжуд қадимий зиёратгоҳлар тарихини ўрганиш ва уларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Туманда мавжуд муқаддас зиёратгоҳлардан бири “Нўғай ота” зиёратгоҳи бўлиб, Имом Бухорий зиёратгоҳининг яқинида жойлашган. Зиёратгоҳга ташриф буюраркансиз, очиқ табиат қўйнида жой олган бу маскандаги баланд тепаликда Нўғай ота мақбараси қад ростлаган.

Нўғай ота ким?

Нўғай – ўз даврида катта нуфузга эга бўлган, мавқейи юқори турувчи ўзбек уруғларидан биридир.

“Убайдуллохоннинг яссавийлар билан жуда қатъий боғланғанига яна бир далил, яссавий шайхи Худойдоднинг муриди Муҳаммадёр Нўғай отаға ўз қизини берганидир. Нўғай ота 1533 да ўлуб, Самарқанднинг Сўғд деган мавзеида кўмилган”[1]. Шунга кўра, Нўғай отанинг исми Муҳаммадёр бўлиб, шайбонийлар сулоласи вакилларидан бири, Бухоро хони Убайдуллахоннинг (1486-1539) куёви бўлгани ойдинлашади.

“Ламаҳот”да: “Мавлоно Муҳаммад Ҳусайн Нўғайиким, бобомиз Дарвеш шайхнинг қадим муридларидан бўлиб, дердилар: Ҳазрати Қосим шайх айтдилар: “Бизнинг бошқа жавобимиз шул эдики, масалан, Самарқанддан Алиободгача икки йўл бўлиб, бири лой йўли, иккинчиси лойсиз йўлдир. Дарвеш шайх лой йўлдан юрадилар, ҳар ким лойда қолган бўлса, хоҳ отда ва хоҳ аравада бўлсин, ул зот уни лойдан чиқарадилар. Байт:

Гар десалар: сен қонун чаласанму?

Чангимда не тушса, шуни чаларман.

Ҳазрати Мавлоно Вали эса лойсиз йўлдан юрадилар”.

Муҳаммад Олим шайх азизон берган маълумотга кўра, Нўғай уруғига мансуб Мавлоно Муҳаммад Ҳусайн муаллифнинг бобоси Дарвеш шайх азизоннинг шогирдларидан бири экани ойдинлашади.

“Самария”да: “Ҳазрати Нуғой ота мазори. Шу ном билан аталадиган ўринда, Суғуди калон туманида, ҳазрати хожа Исмоил Бухорий мазорининг яқинида баланд бир тепа устидадир. У Нуғой улусидан бўлиб, бу ерга келиб ўлган ва шунда кўмилган. Олим шайх азизон халифаларидан эди”. Абу Тоҳир хожа Самарқандий берган маълумотдан Муҳаммад Олим шайх азизоннинг Нўғай ота исмли шогирди бўлгани тушуниш мумкин.

Юқоридаги келган манбаларга кўра, бу ерда яссавия тариқатининг вакилларидан, Нўғай уруғига мансуб Муҳаммадёр, Мавлоно Муҳаммад Ҳусайн ва Нўғайлар (исми номаълум) шу ҳудудда яшаган ва дафн этилган. Абдурауф Фитрат берган маълумотга кўра, бу ерда Муҳаммадёр 1533 йили вафот этгани ва шу ерда дафн этилгани инобатга олинса, учала нўғай орасидан ёши каттаси шу шахс бўлиб, унинг номи билан Нўғай ота деб аталган.

Нўғай ота зиёратгоҳида юксакликка бўй чўзган маҳобатли мақбара ва у ерда етуклик мартабасини босиб ўтган муршид – шайхлар қўним топган. Нўғай ота тарихини ўрганишга оид тадқиқотлар давом этади.

[1] Абдурауф Фитрат. Яссавия мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар (1928) // https://ziyouz.uz/matbuot/ jadid-matbuoti/abdurauf-fitrat-yassaviya-maktabi-shoirlari-togrisida-tekshirishlar-1928/; Дўстқораев Б. Яссавий ким эди. – Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси, 1994. – Б. 37.

 Мехрожиддин АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

Буюк ҳофиз – Имом Абу Ҳанифа

Ҳеч ким шубҳа қилмайдиган бир ҳақиқат бор. У ҳам бўлса шуки, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ …