Home / АЛЛОМАЛАР / ХV-ХIХ АСРЛАРДА НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ ЗАРАФШОНДАГИ НАМОЯНДАЛАРИ (2-қисм)

ХV-ХIХ АСРЛАРДА НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ ЗАРАФШОНДАГИ НАМОЯНДАЛАРИ (2-қисм)

Нақшбандия тариқати намояндаларидан бири Авлиё Хожа ХVII асрда яшаб ўтган. У ҳақда Самарқанд қозикалони Абу Тоҳир хожа “Самария” асарида бундай ёзади: “Ҳазрат Хожа Авлиё мозори. Ҳазрат Хожа Аҳрор (сирлари муқаддас бўлсин) мадрасасига бориладиган катта йўлнинг кунчиқарида, шаҳар ичида, хонақоҳ маҳалласидадир. Хожа Авлиё даҳбедлик Маҳдуми Аъзам наслидан бўлиб, Бобо Зайниддин Ҳиндийга ҳам муридлиги бор эди… Хожа Авлиё қабрининг шимол томонида ўзга бир қабр бордир. Лекин кимники эканлиги белгилик эмас. Бу кишининг қабри нурли ва сербаракотдир”.

Хожа Авлиё Маҳдуми Аъзам авлодидан бўлиб, Авлиё хожанинг отаси Мажнун хожа, унинг отаси Хожа Ҳошим Даҳбедий, унинг отаси Муҳаммад Амин (Хожа Калон), унинг отаси Саййид Аҳмад хожа Косонийдир.

Алоуддин Муҳаммад Бухорий тасаввуфда битта тариқат билан чекланиб қолмаган. Унинг нақшбандия силсиласида ҳам ижозаси бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Бакр Сиддиқ орқали Абул Ҳасан Харақонийга уланган силсилаи маънавий, ундан Шайх Абдуллоҳ Ансорийга, ундан Хожа Абу Али Фармадийга, ундан Муҳаммад Ғаззолийга, ундан Хожа Юсуф Ҳамадонийга етган. Ундан Баҳоуддин Нақшбанд орқали Аҳмад Сирҳиндийга боғланган. Ундан Миён Маъсум Валийга, ундан Хожа Муҳаммад Сиддиқ Самарқандийга, ундан Шайх Хожа Нуриддинга, ундан Саййид Амир Закариёга, ундан Саййид Амир Олимга, ундан халифа Ашур Муҳаммад Тоданийга, ундан Саййид Мир Жалолиддин Муҳаммадга, ундан Саййид Алоуддин Муҳаммад Ҳусайний Бухорийга етиб келган.

Кубровия ва нақшбандия тариқатлари вакили Алоуддин Муҳаммад Бухорий ўз насаб шажарасини қуйидаги тартибда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказган: Саййид Мир Жалолиддин ибн Саййид Мир Олим ибн Саййид Амир Закариё ибн Саййид Амир Неъматуллоҳ ибн Саййид Амир Раҳматуллоҳ ибн Саййид Амир Баҳодир ибн Саййид Амир Исо ибн Саййид Амир Абдулборий ибн Саййид Амир Шоди ибн Саййид Амир Ҳожи (Кирмоний) ибн Саййид Амир Юсуф бин Саййид Амир Барака ибн Саййид Амир Аҳмад ибн соҳибул ансоб Саййид Амир Али Ҳамадоний ибн Шаҳобиддин Муҳаммад Юсуф ибн Саййид Амир Шараф ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусайн ибн Фотимаи Заҳро.

Унинг нақшбандия силсиласи отаси Жалолиддин, бобоси Закариё, катта бобоси Олим орқали Муҳаммад Сиддиққа, ундан Муҳаммад Миён Маъсумга уланган. Муҳаммад Сиддиқ бошқа манбаларда Мусохон хожа Даҳбедийнинг шогирди деб келтирилган. Демак, Муҳаммад Сиддиқ Самарқандийнинг нақшбандия силсиласи Мусохон хожа Даҳбедий (ва унинг устозлари) орқали Аҳмад Сирҳиндийга уланади. Алоуддин Муҳаммад ва Носириддин Бухорий маълумотига кўра, Муҳаммад Сиддиқ Миён Маъсум орқали Аҳмад Сирҳиндийга боғланган. Яъни, Муҳаммад Сиддиқ Ҳиндистонда бўлганда Муҳаммад Миён Маъсумдан ижоза олган. Кейинчалик Мусохон хожа Даҳбедийга шогирд бўлиб Мовароуннаҳрга келган ва устозидан сўнг силсилани давом эттирган.

Шайх Хожа Нуриддин – Мавлоно Нафас Ҳисорий номи машҳур бўлиб, асли Кўлобдан. Илм олиш мақсадида Бухорога борган. Муҳаммад Сиддиқдан нақшбандия таълимини Самарқандда олган. Кейин умрининг охиригача Бухорода қолган.

Муҳаммад Жалолиддиннинг “Мукошифул асрор” асарида Зарафшон воҳасида Муҳаммад Ҳусайн Бухорийнинг олтмишдан ортиқ шогирди ҳақида маълумот келтирилган. Саййидқули Миёнколий она томондан халифа Муҳаммад Ҳусайн авлодидан бўлган. Завқ ва ҳол соҳиби бўлган.

Мир Шоҳ Самарқандий тасаввуф таълимини Самарқандда олиб, кейин Тошкентга бориб тариқатни юритган. Асосан эътикоф мутасаддиси бўлган. Хонақоҳда имом хатиб ва китобхонлик хизматида фаолият олиб борган.

Муҳаммад Шариф Бухорий Бухорода қози аскарий лавозимида ишлаган.

Абдураҳмонбек Бухоро ҳукмдори билан Хоразм юришида қатнашган.

Афлотун Бухорий – Бухоро ҳукмдорининг аъламбардори бўлган. Қизилбош ҳудудида қирқ кеча-ю кундуз ҳукмдорга елкадош бўлган.

Домла Ҳакимбек Бухорий – Бухоро ҳукмдорининг яқинларидан бўлган. Челак ҳудудларида беклик лавозимида хизмат қилган. Тариқат сабоғини Муҳаммад Ҳусайндан олган.

Муҳаммад Юсуф хожа ва Муҳаммад Юнус хожа Вобкандий Мир Хурд ва Мир Калон мозорларининг мутаваллилари бўлган.

Иброҳим хожа Бухорий – Зиёуддин қалъасига қарашли Султонободда истиқомат қилган.

Эшон Шокир хожа Суғончий муфтий лавозимида фаолият олиб борган.

Раҳмонберди Бухорий ақлий ва нақлий илмда доно бўлган.

Абдураҳим хожа Офаринкентий – Шайх Худойдод Валий авлодидан. Шариат ва тариқатга қатъий амал қилиб, Каломуллоҳи шарифни китобат қилиш билан махсус шуғулланган.

Аюб хожа Миёнколий тариқат таълимини олгач, устозининг кўрсатмаси билан Ҳўқандга бориб, силсилани давом эттирган. Кейин етакчиликни ўғли олган.

Эшон Абди хожа Миёнколий – дастлаб Мусохон хожага, кейин Хожа Калон ва ундан сўнг Муҳаммад Ҳусайнга шогирд бўлган. Эшонхожа Даҳбедий – Маҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг Хожа Калон исмли ўғлининг авлодидан. Эшон Муҳаммад Тоҳир Даҳбедий – Хожа Калоннинг авлоди. Муҳаммад Ўроқ хожа Даҳбедий – Махдуми Аъзам Даҳбедий авлодларидан бўлиб, кўп йиллар хонақоҳда имом хатиблик қилган.

Муҳаммад Шариф хожа Бухорий – Атоуллоҳ хожа шайхулислом Бухорийнинг ўғли.

Азизхожа Каттақўрғоний, Абдуллоҳ хожа Вобкандий, Азиз хожа Жўший, Қосим хожа Офаринкентий, Эшон Ҳидоятуллоҳ хожа Суғончий, Иёз Бухорий, Домла Ийсо Бухорий, Эшон Азиз хожа Офаринкентий, Шоҳ Рустам хожа Самарқандий, Ғиёсиддин хожа Самарқандий, Муҳаммад Солиҳхожа Карминагий, Абдулҳафиз хожа Карминагий, Хожа Калон хожа Бухорий, Ҳасан хожа Бухорий, Миркомил Ғулакандозий каби шогирдлари ҳам тасаввуфнинг машҳур намояндалари бўлгани таъкидланган.

Муҳаммад Жалолиддиннинг “Мукошифул асрор” асари орқали Миёнколий, Карминагий, Каттақўрғоний, Метаний, Самарқандий, Ғиждувоний, Бухорий, Офаринкентий, Даҳбедий, Вобкандий, Суғончий, Сармежий нисбали 60 дан ортиқ намоянданинг келиб чиқиши Зарафшон воҳаси ҳудуди номи билан боғлиқ экани аниқланди.

Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожа – тафсир ва ҳадис илмида моҳир бўлган, ақлий ва нақлийда замонасининг нодир олимларидан бўлган. Нуриддин Маҳжурийнинг “Тазкира”си халифа Мирмуҳаммад Иброҳим хожа ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб ёзилган. Асарнинг “Таърихи қутбуз замон ва ғавси даврон Ҳазрат Эшон халифа Иброҳим (раҳматуллоҳи алайҳ)” бўлимида бундай дейилди: “Обид, зоҳид, олимларнинг йўлбошчиси, қутби олам, соликларнинг маслаги, нақшбандия сулуки муқтадоси, асли шаҳзодалардан бўлиб, Кобул, Балх, Ҳирот ва Бадахшон шаҳарларидан Самарқандга келгани айтиб ўтилган. Устози “Баҳоуддин Нақшбанд тариқатидаги Мавлоно Ҳусайн” экани назмда таърифланган”.

Кўпгина бузургшайхлар қаторида бўлган Мирмуҳаммад Иброҳим хожанинг машҳур тўрт халифа-шогирди – Муҳаммад Амин хожа Даҳбедий, Абдумалик хожа Ғазирагий, Эшон Валихон Ургутий ва Сўфи хожа.

Муҳаммад Амин хожанинг шогирди Эшон Каттахон хожа Даҳбедий (1868-1969) бўлган.

Маҳжурий Муҳаммад Амин хожа (Эшон Бобохон номи билан танилган) ҳақида қуйидаги мисраларни битган:

“Бир олим зотнинг номларин келтирсак,
Таърихи Муҳаммад Амин таржимон.
Айтингларки, таърихи зайғи басар,
Яна ўттизни бу каломга қўшиб.
Мо зоғ сўзи бирла ишорат бўлди зайғи ў,
Назар солгин суханнинг боши ба сардор бўлди.
Валекин ман ҳаста мо зоғ ро,
Ал-басар бирлан тарихин қилди дуо.
Билмасдим гарчи хуш назар солмасам,
Яқиндан таърихи Муҳаммад Амин.
Сан билгин буни бил мо зоғ ро,
Ба ал-басар торихи эрур намо.
У мисли ой каби Пайғамбар авлодидур,
Мо зоғ таърихи ҳам авло эрур”.

Бу мисраларда яширин бўлган тарих санаси “зайғи басар – زيغ بصر” сўзига ўттизни қўшсак, яъни 1309+30=1339 ҳосил бўлади. Демак, Муҳаммадаминхожа Даҳбедий 1339/1920 йилда вафот этган. Қусам ибн Аббос (Шоҳизинда) мозорига дафн этилган.

Эшон Валихон Ургутий Чорчинор мавзеида кўплаб шогирдлар тарбиялаган. Ундан кейин фарзанди ва шогирди Эшон Муҳиддинхон Ургутий силсилани давом эттирган.

Саййид Муҳаммад Йўлдош халифа 1860 йили Каттақўрғон туманидаги Жизмонсойнинг Дара қишлоғида таваллуд топган. 17 ёшида устози Муҳиддинхон Ургутий даргоҳига бориб, йигирма етти йил таълим олган. 1905 йили пиридан ижоза олгач, умрининг охирига қадар тариқат силсиласини юритган. Ибн Давлат тахаллуси билан ижод қилган. 1934-1944 йилларда ёзган “Девон”и мерос қолган.

Зарафшон воҳасида фаолият олиб борган тасаввуф намояндалари насл-насаби Абу Бакр, Умар, Усмон ёки Алига уланиши кузатилади. Жуда бўлмаганда, машҳур уламо ё муршидга етади. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқнинг авлоди – Хожа Аҳрор Валий, Олим шайх Азизон; Умар ибн Хаттобнинг авлоди – Миён Фазл Аҳмад, Миён Фазл Муҳаммадхон; Али ибн Абу Толибнинг авлоди – Баҳоуддин Нақшбанд, Алоуддин Аттор, Яъқуб Чархий, Ҳожи Ҳабибуллоҳ Бухорий; Имом Моликнинг авлоди – Абдухолиқ Ғиждувоний; Мавлоно Ориф Ревгарийнинг авлоди – Хожа Исматуллоҳ.

Бу даврда нақшбандийликнинг Сўфи Оллоҳёр ва Мусохон хожа Даҳбедий тармоғидаги пирлар фаолияти бевосита Марказий Осиё ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий соҳаларида муҳим ўрин тутганини кўриш мумкин. Марказий Осиёда нақшбандия тариқати пирлари фаолияти бевосита сиёсий жараёнларда ҳам намоён бўлгани, ўша давр ҳукмдорлари бу силсила пирларига яқин бўлгани, ўзаро манфаатли алоқалар узвийлиги таъминланганини ҳам кўриш мумкин. Силсила вакиллари орасида турли табақага мансуб инсонлар борлиги тариқат фаолияти халқчил бўлганини намоён этади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
  1. Абдураҳмон Жомий. Нафаҳотул унс. ИБХИТМ қўлёзма фонди, инв №545.
  2. Алоуддин Муҳаммад Бухорий. Ҳужжатул комилин фи атворус соликин. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв №4400/II.
  3. Абу Тоҳир хожа. Самария. – Тошкент: Камалак.
  4. Жалолиддин Бухорий. Мукошифул асрор. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв: № 2085.
  5. Иршоднома. Қўлёзма. Форсча. ХIХ аср. Мавлоно Иброҳим хожа авлоди Саида Қаюмова хонадонида сақланади.
  6. Каттаев К (1994). Махдуми Аъзам ва Даҳбед. – Самарқанд: Сўғдиёна.
  7. Каттаев К (2016). Махдуми Аъзам Даҳбедий тарихи ва мукаммал даҳбедийлар тариқати. – Тошкент: Машҳур-Пресс.
  8. Каттаев К. (2017). Тасаввуф алломалари. – Тошкент: Ғафур Ғулом.
  9. Каримов Э. (2003). Хўжа Аҳрор (ҳаёти ва фаолияти). – Тошкент: Маънавият.
  10. Мавлоно Муҳаммад Маҳжурий. Тазкираи олимони Самарқанд. Қўлёзма. Тожикча. – Самарқанд Давлат музейи қўлёзмалар фонди инв. №5653/2.
  11. Мирзо Жунайдуллоҳ Ҳозиқ. (1326/1906). Куллиёт. Қўлёзма, форс тилида ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, инв № 3021.
  12. Носириддин Бухорий. (1324/1916). Туҳфатуз зойирин. – Бухоро.
  13. Наврўзова Г. (2019). Баҳоуддин Нақшбанд: манбалар таҳлили. – Тошкент: Сано-стандарт.
  14. Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи (1993). – Тошкент: Мовароуннаҳр.
  15. Роқимий Самарқандий. (1998). Тарихи томм. – Тошкент: Маънавият.
  16. Саййид Муҳаммад Давлат. (2022). Девон. – Самарқанд: Маҳорат.
Мехрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ТАЪРИФИ “ҲАЙРАТУЛ АБРОР” ГА КИРГАН АЛЛОМА

Мамлакатимизда улуғ алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини чуқур тадқиқ этиш ва оммага кенг тарғиб қилиш учун …