Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига халқаро стипендия дастури доирасида галдаги хорижлик тадқиқотчи – Туркиянинг нуфузли Дижла университети Илоҳиёт факультети докторанти Мустафо Алагўзўғли илмий амалиёт ўташ учун келди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов қабулида амалиётчи илмий режалари ва изланишларидан кўзлаган асосий мақсадлари билан ўртоқлашди.
Мустафо Алагўзўғлининг илмий изланишлари нақшбандия таълимотининг йирик намояндаси, аллома, Хожа Муҳаммад Порсо Бухорийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссасини ўрганишга қаратилган. Тўлиқ исми Абул Фатҳ Жалолиддин Муҳаммад Ҳофизий бўлган алломанинг “ал-Фусулус ситта” (Олти фасл) асари тадқиқотнинг марказида туради.

Марказ раҳбари ёш олимнинг тадқиқот мавзусини юқори баҳолаб, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан алломалар меросини ўрганишда бу каби изланишлар катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади ҳамда унинг келгуси ишларига муваффақият тилади.
Белгиланган дастурга мувофиқ, туркиялик тадқиқотчи Марказ фондидаги бой ва нодир қўлёзма манбаларни таҳлил қилиши, шунингдек, юртимизнинг қадимий илм-фан ва маданият марказлари бўлган тарихий шаҳарларида бўлиши кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳа доирасида йил охирига қадар хориждан яна бир қатор таниқли ва ёш олимларнинг келиши ва илмий изланишлар олиб бориши режалаштирилган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





