Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқанд давлат чет тиллар институтининг Шарқ тиллари факультети талабалари ташриф буюрди.

Меҳмонлар дастлаб муассаса музейи экспозициялари билан танишди. Экскурсия давомида талабаларга буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёт йўли, бой илмий-маърифий мероси ва ҳадис илми ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, шунингдек, бу ерда сақланаётган ноёб қўлёзма нусхалар ва Марказ нашрлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ташриф доирасида талабалар иштирокида “Ҳалоллик – инсоннинг виждон олдидаги масъулияти” мавзусида маърифий давра суҳбати ўтказилди.

Мулоқотда Марказ илмий ходимлари томонидан ҳалоллик, поклик, ростгўйлик ва адолат каби юксак ахлоқий фазилатларнинг ислом таълимотида тутган ўрни, бунинг буюк аждодларимиз меросидаги акс-садолари ҳақида сўз юритилди. Ёшларнинг билим олиш, касбий фаолиятда ҳалол меҳнат, виждон поклиги ва масъулият тамойилларига таяниши уларнинг етук шахс бўлиб камол топишида муҳим пойдевор экани алоҳида таъкидланди.

Самимий ва савол-жавобларга бой руҳда ўтган учрашув талабаларда катта таассурот қолдирди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




