Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Мовароуннаҳр қўлёзма меросида сиёсий ҳокимият масалалари ўрганилди

Мовароуннаҳр қўлёзма меросида сиёсий ҳокимият масалалари ўрганилди

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори – Туркиянинг Бурса Улудағ университети тадқиқотчиси бўлган фалсафа доктори (PhD) Мадинабону Моидинова Марказда олиб борган илмий изланишлари якунига доир тақдимот ўтказиб, мутафаккир Фазлуллоҳ ибн Рўзбихон Хунжийнинг ислом сиёсий тафаккури ва сиёсатнома анъанасида тутган ўрни, хусусан, унинг “Сулук ал-мулук” асаридаги сиёсий-ҳуқуқий қарашлар мазмун-моҳиятини атрофлича ёритди.

Тадқиқотчи Мовардий, Ғаззолий ва Низомулмулк каби алломаларнинг сиёсий қарашлари кенг ўрганилган бўлса-да, Хунжийнинг сиёсатнома анъанасидаги ўрни ва “Сулук ал-мулук”даги ёндашувлари ўзаро боғлиқ ҳолда етарлича тадқиқ этилмаганига эътибор қаратди. Тадқиқотнинг тарихий ва сиёсий фонини Оққуюнлилар, Сафавийлар ва Шайбонийлар давридаги сиёсий воқеалар, Мовароуннаҳрда Шайбонийлар ҳокимиятининг шаклланиши, шунингдек, Чингизхон ясоғи (Ўрта асрларга оид ҳуқуқшунослик ёдгорлиги – мўғул қабилаларининг 1206 йилда Ўнон дарёси бошланишидаги қурултойда қабул қилинган қонунлар мажмуи) анъаналари билан шариатга асосланган бошқарув ўртасидаги муносабат ҳамда ҳокимият қонунийлигини асослаш масалалари ташкил этди.

Маърузада “Сулук ал-мулук”нинг ёзилиш тарихи, тузилиши ва фиқҳий-сиёсий хусусиятларига алоҳида урғу берилди. Қайд этилганидек, 1513 йилда бошланиб, 1514 йил май ойида якунланган асар муқаддима, 15 боб, 84 фасл ва хотимадан иборат. Шофеий мазҳабига мансуб бўлган муаллифнинг ҳанафийлар сиёсий муҳити учун ёзган ушбу асарида давлат бошқаруви, имомат ва сиёсий ҳокимият масалалари ҳанафийлик ва шофеийлик мазҳаблари асосида ҳамда фуруъ ал-фиқҳ (ислом ҳуқуқининг амалий ҳукмлар ва соҳавий тармоқларни ўрганувчи қисми) доирасида таҳлил қилинади.

Тақдимот давомида асарнинг 1966 йилги Ҳайдаробод ва 1983-1984 йиллардаги Теҳрон нашрлари, 1974 йилги инглизча таржимаси, шунингдек, қўлёзма нусхалар билан ишлаш жараёнлари хусусида фикр алмашилди. Хусусан, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзма нусхаларни тавсифлаш, уларни босма нашрлар билан қиёслаш, матний фарқлар ва сиёсий-ҳуқуқий атамаларни аниқлаш тадқиқотнинг муҳим йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтилди.

Тақдимот якунида иштирокчилар ушбу изланишлар XVI аср бошларида Мовароуннаҳрда шариат ва сиёсий ҳокимият муносабатларини чуқур очиб бериш, адолат, имомат ва сиёсий легитимлик тушунчаларини назарий ва амалий жиҳатдан таҳлил қилиш, шунингдек, манбашунослик ва сиёсатнома соҳаларида мустаҳкам илмий база яратишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбир қизғин савол-жавоб ва академик муҳокамалар билан давом этди. Қирғизистонлик амалиётчи Самарқандда ва Марказда олиб борган изланишлари давомида яратилган қулай шароит ва имкониятлар, тақдим этилган бой манбалар ва кўрсатилган самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Тақдимот якунида Марказда муваффақиятли илмий амалиёт ўтаган хорижлик тадқиқотчига махсус сертификат топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ИЛМ ВА МАЪРИФАТГА ТАЯНГАН ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТГА ЭРИШАДИ

Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари 2026–2036 йилларни мамлакатимиз учун миллий юксалиш …