Инсонларга манфаат етказиш, оғирини енгил қилиш ва яхшилик йўлида хизмат қилиш эзгу амалларнинг энг улуғларидан саналади. Бундай ишлар инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштиради, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ишончни мустаҳкамлайди. Шунингдек, диний ва миллий қадриятларимизнинг чин инсонпарварлик моҳиятини намоён этади.
Ислом дини инсонларни доимо яхшилик қилишга, бошқаларга ёрдам бериш ва жамият равнақи учун ҳисса қўшишга ундайди. Ҳатто йўлда одамлар ё ҳайвонларга халақит бериши, зарар етказиши мумкин бўлган бирор нарсани олиб ташлаш ҳам катта савоб ҳисобланади. Бу эса яхшилик қилиш учун кенг имкониятлар ё улкан бойлик шарт эмаслигини кўрсатади. Энг муҳими, инсоннинг қалбида эзгу ният ва бошқаларга наф келтириш истаги бўлса бас. Меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик нафақат инсоннинг ўзини камолга етказади, балки жамият тараққиёти, юрт ободлиги ва ёш авлоднинг яхши тарбия топишида ҳам муҳим ўрин тутади.
Халқ дардини ҳис қилиш, унинг муаммо ва эҳтиёжларига бефарқ бўлмаслик, одамларнинг талаб ва истакларини инобатга олиш – эл-юрт фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омилидир. Бу нафақат аҳоли турмушини яхшилайди, балки келажакда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ҳам олдини олади. Ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, манфаатларини таъминлаш ва жамиятда адолатни қарор топтириш тараққиётнинг асосий шартларидан биридир. Инсон қадри улуғланган, халқнинг дарди ва манфаати устувор бўлган юртда тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт бардавом бўлади.
Диний ва миллий қадриятларимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш алоҳида ўрин тутади. Бошқаларга ёрдам қўлини чўзиш, оғирини енгил қилиш, дардига шерик бўлиш ва эҳтиёжларини қондириш энг эзгу ва савобли ишлардан ҳисобланади. Шу боис бўлса керак, инсонларга яхшилик қилиш, уларнинг кўнглини кўтариш ва ҳаётини енгиллаштириш халқимизга хос бўлган олижаноб фазилатлардандир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бас, хайрли ишларда ўзиб кетингиз![1]”, деб хитоб қилади. Яна бир оятда: “(Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради[2]”, дейилади. Бу оятлардаги эҳсон калимаси кенг маъноли тушунча бўлиб, моддий ёрдам, яхши муомала, ғамхўрлик, адолат ва бошқа эзгу амалларни ўз ичига олади. Барчасининг замирида инсонларга наф етказиш мақсади мужассамдир.
Қуръони каримда инсонларга яхшилик қилиш, эзгу амаллар билан яшашнинг фазилати алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир[3]”. Бу оят инсонларни доимо яхшиликка интилишга, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиш ва савобли ишларни кўпайтиришга ундайди. Аллоҳнинг ризоси ва раҳматидан умидвор бўлиб яшаш, атрофдагиларга яхшилик қилиш ва ўзаро ҳурматни қадрлаш жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаб, юрт равнақига ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида инсонларга ёрдам бериш, оғирини енгил қилиш ва яхшилик йўлида хизмат қилишнинг савоби ҳақида кўплаб ҳикматли насиҳатлар келтирилган. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди ва уни золим қўлида ташлаб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиш йўлида ҳаракат қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмонни бир ғам-кулфатдан халос қилса, Аллоҳ уни Қиёмат кунининг ғам-кулфатларидан халос қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг айбини яширади[4]”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ким бир мўмин учун дунё ғамларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ унинг учун Қиёмат кунининг ғамларидан бирини енгиллатади. Ким қийинчиликка тушиб қолган кишининг енгиллашишига кўмак берса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик яратади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини дунё ва охиратда яширади. Банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлаверади[5]”.
Бу ҳадислар инсонларга ёрдам бериш, дардига шерик бўлиш, ташвишларини енгиллатиш ва эҳтиёжмандларга кўмаклашиш нақадар савобли эканини кўрсатади. Одамлар бир-бирига бефарқ бўлмай, қийинчилик пайтида елкадош бўлса, жамиятда меҳр-оқибат, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик янада кучаяди. Зеро, бошқаларга яхшилик қилиш нафақат бу дунёда ҳурмат-эътибор қозонишга, балки охират саодатига эришишга ҳам сабаб бўлар экан.
Адолат қилмай туриб, инсон манфаатларини ҳимоялаш ва таъминлаш мумкин эмас. Адолат бўлган жойдагина инсон қадри улуғланади, ҳар бир кишининг ҳақ-ҳуқуқи муносиб ҳимоя қилинади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…одамлар ўртасида ҳукм қилинганда адолат билан иш тутишни буюради[6]”. Дарҳақиқат, фақат адолат устувор бўлган жамиятда одамлар ўртасида ўзаро ишонч, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади. Бу эса юртда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиётини таъминлашга хизмат қилади.
Аксинча, зулм ва ноҳақлик жамиятни таназзулга етаклайди. Тарихда куч-қудрат ва бойликка эга бўлган кўплаб халқларнинг зулм ва исён оқибатида ҳалокатга учрагани Қуръони каримда баён этилган. Од ва Самуд эли, Нуҳ, Иброҳим ва Лут алайҳимуссалом қавмлари, Фиръавн қиссаси бунга мисол бўла олади. Бу тарихий воқеалар инсонга бойлик ва кучнинг ўзи жамиятни парокандаликдан сақлаб қолиш учун етарли эмаслигини, тараққиётнинг муҳим асослари адолат ва эзгулик эканини эслатади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда золимларнинг оқибати ҳақида огоҳлантириб, бундай марҳамат қилади: “Зулм қилганлар эса, яқинда қандай оқибат сари кетаётганларини билиб олурлар[7]”. Бу оят ҳар қандай зулм ва ноҳақликнинг охири ёмонлик билан тугашини эслатади. Шу боис, ҳар бир инсон адолатли бўлишга, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмасликка, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилишга интилиши керак. Энг муҳими, қўлидан келганича бошқаларга ёрдам бериш, яхшилик қилиш ва одамларга наф келтиришни кундалик одатига айлантириши лозим. Зеро, инсоннинг қадри унинг бойлиги ё мансаби билан эмас, аввало эзгу ишлари ва одамларга келтирган манфаати билан ҳам ўлчанади.
Нафсиламрини айтганда, инсонларга яхшилик қилиш, оғирини енгил этиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш ва жамиятда адолатни таъминлаш ҳар бир кишининг муҳим инсоний бурчидир. Инсонни маънавий камолотга етаклайдиган бундай эзгу ишлар жамият тараққиётига ҳам хизмат қилади. Зеро, инсон қадри улуғланиб, унинг манфаатлари ҳимоя қилинган жойда меҳр-оқибат, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик мустаҳкам бўлади. Ана шундай муҳитда ёш авлод эзгулик, ҳалоллик ва масъулият руҳида камол топади. Натижада юртда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлиб, халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти янада юксалади.
Шундай экан, ҳар биримиз одамларга яхшилик қилишни, уларга наф келтиришни ҳаётимизнинг муҳим қоидасига айлантиришимиз лозим. Бошқаларнинг оғирини енгил қилиш, дардига шерик бўлиш, муаммоларига бефарқ қарамаслик ва эл-юрт манфаати йўлида хизмат қилиш –инсонпарварликнинг энг гўзал кўринишларидир. Зеро, инсон қадри улуғланиб, ҳар бир фуқаронинг манфаати эътиборда бўлган юртда тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт бардавом бўлади. Бундай юртнинг келажаги, шубҳасиз, янада ёруғ ва обод бўлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




