Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – ислом маданияти ва санъати ўчоғи” мавзусидаги халқаро онлайн илмий семинарлар туркуми доирасида навбатдаги тадбир ташкил этилди.

Унда IRCICA вакиллари, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Ўзбекистон Миллий Университети, Самарқанд давлат университети, Бухоро давлат университети олимлари, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Ҳадис илми мактаби устоз ва талабалари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Меҳрожиддин Амоновнинг “Зарафшон воҳасида нақшбандийлик: силсила ва шажара (XV-XIXасрлар)” мавзусидаги маърузасини тинглади.

Маърузада тасаввуф тариқатлари силсиласини аниқ манбалар асосида тиклаш, устоз-шогирдлик силсиласи билан насл-насаб шажарасини фарқлаш ҳамда иршоднома ва вақфнома ҳужжатларининг тарихий қимматига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, силсила муршиддан муршидга ўтувчи маънавий устозлик занжирини англатса, шажара авлодлар ва қон-қариндошлик ришталарини кўрсатади. Айни пайтда бир муршид бир нечта тариқат ижозатига эга бўлиши мумкин. Бухоро, Самарқанд, Даҳбед ва Миёнкол фондларидаги қўлёзмалар, 1832 йилги иршоднома ҳамда 1888 йилги вақфнома мисолида воҳадаги илмий-маънавий марказларнинг моддий ва маънавий таянчлари очиб берилди.

Семинарда илгари сурилган энг қизиқарли жиҳатлардан бири нақшбандийликнинг тармоқланиши ва ҳудудлараро ҳаракати билан боғлиқ янги тафсилотлар бўлди. Хусусан, тадқиқотчи Мулла Абдураҳмон Ғиждувонийнинг бир вақтнинг ўзида нақшбандия, қодирия ва чиштия силсилаларига уланганини, шунингдек, нақшбандийлик силсиласининг Мовароуннаҳрдан Ҳиндистонга бориб, мужжиддия ва бошқа тармоқлар шаклида қайта Зарафшонга кириб келганини манбалар орқали кўрсатиб ўтди. Бундан ташқари, “Мукошифул асрор” асари асосида Муҳаммад Ҳусайн Бухорий шогирдларининг географияси бугунги Ўзбекистон ҳудудидаги йигирма тўрт, хусусан, Зарафшон воҳасидаги ўн тўртдан ортиқ манзилни қамраб олгани, шунингдек, Муҳаммад Ҳусайн Бухорий авлодлари шажарасининг ХХ асрга уланган давоми тақдим этилди.

Мулоқот чоғида воҳадаги хонақоҳ, мадраса ва вақф мулкларининг ижтимоий-маънавий ҳаётдаги ўрни, шунингдек, нақшбандийликнинг ҳалол меҳнат ва ижтимоий масъулиятга қаратилган ғоялари кенг таҳлил қилинди. Маърузачи таъкидлаганидек, “Дил ба ёру даст ба кор” – “Қўлинг ишда дилинг Аллоҳда бўлсин” деган тамойил кишининг кундалик ҳалол меҳнат билан шуғулланиб ҳам маънавий камолотга интилиши мумкинлигини яққол намоён этади.

Семинар якунида тадқиқотчи XV-XIX асрларда Зарафшон воҳасида аҳрория, даҳбедия, мужаддидия ва ҳусайния каби тармоқлар ўзаро боғлиқ ҳолда фаолият юритгани, турли тариқатларнинг бир муршид тасарруфида уйғунлашгани ҳамда иршоднома, шажара ва вақфномалар тасаввуф тарихини қиёсий ўрганишда бебаҳо манба эканини хулоса қилди. Иштирокчилар маърузада келтирилган манбашунослик таҳлилларини юқори баҳолаб, бундай халқаро илмий мулоқотлар бой маънавий меросимизни чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




